“Ўзбекнефтгаз”: 2021 йил 6 ойлик учун МҲХС асосидаги ҳисоботни тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз”: 2021 йил 6 ойлик учун МҲХС асосидаги ҳисоботни тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди

Барчамизга аёнки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 июлдаги ПҚ–3877-сон “Ташқи молиялаштириш манбаларни диверсификациялаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ижро этиш доирасида Ўзбекистон Республикасининг мамлакат иқтисодиётининг ташқи молиялаштириш манбаларини кенгайтириш, салоҳиятли инвесторларни зарур ахборот билан таъминлаш, истиқболда ташқи қарзлар бўйича инобатга олинадиган хатарларни ва фоиз ставкаларини пасайтиришни рағбатлантиришга қаратилган халқаро суверен кредит рейтинги 2019 йилда олинди.

Шунингдек республиканинг олинган суверен кредит рейтинги барқарорлигини таъминлаш, жалб қилинаётган ташқи молиялаштириш манбалари диверсификация қилиш ва қулай инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида, муҳтарам Президентимиз томонидан 2019 йил 31 январда ПҚ–4141-сон “Ўзбекистон Республикасининг халқаро облигацияларини чиқаришни ташкиллаштириш ва суверен кредит рейтингини сақлаб туриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган эди. Мазкур қарорнинг 1-бандига мувофиқ, “Ўзбекнефтегаз” АЖга ҳам 2021 йилгача Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини татбиқ этиши ва халқаро корпоратив кредит рейтингини олиши лозим бўлган хўжалик жамиятлари руйхатига киритилган.

Шунинг билан бирга, давлат иштирокидаги корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, таннархни пасайтириш орқали даромадларни ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йилнинг 27 октябрида ПФ–6096-сонли “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.

Юқорида қайд этилган меърий ҳужжатлардаги талабларнинг бажарилиши ва санаб ўтилган ислоҳотларнинг мантиқий идофаси ўлароқ ҳамда 2020 йил 24 февралда ПҚ–4611-сон билан тасдиқланган “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖда 2020 йил фаолияти якунлари буйича Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузиш ишлари жорий йилнинг март ойидан бошлаб юборилди. Зеро, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2021 йил 10 февралдаги 77-сон “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг қарз қимматли қоғозлари (еврооблигациялар)ни дебют чиқарилишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруққа мувофиқ, жорий йилнинг июль-август ойларида халқаро кредит рейтинг агентликлари билан мулоқот олиб бориш ва мустақил кредит рейтингини олиш ҳамда сентябрь-октябрь ойларида еврооблигацияларни халқаро фонд бозорларида чиқарилиши назарда тутилган бўлиб, мазкур тадбирларни амалга оширишда МҲХС асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисобот алоҳида ўрин эгаллайди.

МҲХС асосидаги ҳисоботни тузиш йўналишдаги муҳим масаладан бири, бу албатта 2020 йил учун МҲХС (IFRS) асосида тузилган консолидациялашган молиявий ҳисоботни мустақил равишда тузиш ва аудиторлик текширувини ўтказиш учун “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компаниясига тақдим этишдир.

Масаланинг иккинчи муҳим жиҳати шундаки, МҲХС асосида молиявий ҳисоботларни шакллантиришда, кўпгина ҳолатларни акс эттириш мақсадида жамият раҳбарияти ёки мутахассисларининг профессионал хулосаси талаб этилади. Ўз навбатида ушбу ёндошувлар ва профессионал хулосалар молиявий ҳисоботни аудит текширувидан ўтказадиган аудиторлик компанияси билан келишилган ва уларни огоҳ қилган равишда амалга оширилса, аудит жараёни анча самарали ўтказилиши мумкин.

Барчага маълумки “Ўзбекнефтгаз” АЖ республикамиздаги энг йирик корхона ҳисоблангани сабабли, 2020 йил 31 декабр ҳолатида 50га яқин кичик ва йирик шўъба корхоналари ва таъсир остидаги ташкилотлари мавжуд бўлиб, буларнинг молиявий ҳисоботлари консолидациялашган молиявий ҳисоботда жамланиши талаб этилади.

Таъкидлаб ўтиш лозим, 2021 йилнинг 1 мартидан 20 майгача бўлган вақт оралиғида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг МҲХСни жорий этиш бўлими, Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот ходимлари томонидан барча шўъба корхоналар ва қўшма корхонларнинг бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари (БҲМС) асосида тузилган молиявий ҳисоботлари, 1С.Предприятие бухгалтерия дастури маълумотлари, ҳисобот шаклларига берилган ёйилма маълумотлар, бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва бошқа турли ҳисоботлар асосида МҲХС асосидаги тузатувчи ҳамда реклассификация (таснифловчи) проводлари трансформацион жадвалга киритилди. Улар асосида алоҳида консолидацияловчи жадвал ўзаро ички дебитор-кредиторлар, ўзаро қарздорликлар ва ўзаро олди-сотди муомалалари элеминацияси бажарилди. Мазкур бажарилган жадваллар асосида март ойининг охирида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг МҲХС асосида консолидациялашган молиявий ҳисоботнинг асосий шакллари тузилди ва
“Ernst & Young” халқаро аудиторлик компаниясига тақдим этилди. Жорий йилнинг 20 майигача асосий ҳисобот шаклларидаги умумлашган молиявий маълумотлар буйича МҲХС асосидаги молиявий ҳисоботнинг муҳим қисми ҳисобланган Изоҳ хатлари лойиҳаси тайёрланди.

Маълумотнома: МҲХС асосида молиявий ҳисоботнинг асосий шакллари 4-5 бетдаги жадвал маълумотлардан иборат бўлса, Изоҳ хати 40дан ортиқ ҳисобот сатрлари бўйича маълумотлар ҳажми 50-60 бетдан ошади.

Жорий йилнинг 25 майида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тасдиқланган 2020 йил учун МҲХС асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботнинг лойиҳаси тўлиқлигича “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси мутахассисларига аудиторлик текшируви ўтказиш учун тақдим этилди. Мазкур компания ходимлари томонидан аудиторлик текшируви жараёнлари май ойида бошланди ва жорий йилнинг июль ойида тугатилиб, аудитдан ўтказилган молиявий ҳисобот лойиҳаси олинди.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан мустақил кредит рейтингини олиш ва еврооблигациялар чиқарилиши буйича қарор қабул қилиниши “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг оммавий манфаатга эга жамият статусига айлантиради. Шу сабабли, Халқаро аудиторлик стандартларига мувофиқ, жумладан 1-сонли Сифат назорат буйича халқаро стандарт “Аудит ва молиявий ҳисоботнинг умумий текширувини ҳамда ишончлиликни таъминловчи бошқа топшириқлар ва ўзига хос хизматларни кўрсатувчи аудиторлик ташкилотларида сифат назорати”га асосан “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компаниясининг қатор ички назорат хизматлари томонидан “Ўзбекнефтгаз”АЖнинг МҲХС асосида тайерланган молиявий ҳисоботларнинг камида уч йиллик маълумотлари қайта сифат назоратидан ўтказилади. Бу ўз навбатида олдинга даврлар учун тузилган ҳисобот маълумотлари буйича аудиторлик далилларни қайта тафтиш қилишни ва ўз навбатида қўшимча вақтни тақозо этади.

Албатта юқорида таъкидлаб ўтилган жараёнлар кейинги ҳисобот даври учун МҲХС асосида молиявий ҳисобот тузишган тўсқинлик қилмайди. Қимматли қоғозлар соҳасидаги мутахассисларга маълумки, айнан қимматбаҳо қоғозларини чиқарувчи ҳар қандай иқтисодий субъект фонд биржасига, инвесторларга, молиявий воситачилар ва бошқа манфаатдор томонларга камида 120 кундан ортиқ бўлмаган муддатда МҲХС асосидаги охирги молиявий ҳисоботини тақдим (эълон қилиши) зарур.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг жорий йилнинг октябрь ойида евроблигацияларни чиқариш режасини ҳисобга оладиган тақдирда, жамият 2021 йилнинг 1-ярим йиллиги учун МҲХС асосидаги молиявий ҳисоботини тайёрлаши ва уни умумий аудиторлик текширувидан ўтказган ҳолда тақдим этиши талаб этилади. Мазкур вазифани ўз муддатида бажариш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан 2021 йил 22 июнида 288-сонли буйруғи қабул қилинди ҳамда молиявий ҳисоботни тузиш мақсадида республикамизда МҲХС асосида ҳисоботларни тузиш бўйича юқори тажрибага эга бўлган ва ходимлари дунёдаги “катта тўртталик”да фаолият юритган “FCS Experts” консалтинг компанияси ҳам жалб этилди.

Жорий йилнинг июль ойи охиригача “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2020 йил 6 ойлиги учун МҲХС асосидаги оралиқ молиявий ҳисоботи лойиҳаси тайёрланди ва “FCS Experts” консалтинг компанияси ходимлари билан муҳокама қилинмоқда.

Консалтинг компанияси билан ўзаро тузилган ишлар графигига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2021 йил 1-ярим йиллиги ва мос ҳолда 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги учун МҲХС асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузиш ва уни сентябрь ойи бошларида “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компаниясига тақдим этиш мўлжалланмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2020 йил якунлари ва 2021 йил 1-ярим йиллик бўйича тузилган консолидациялашган молиявий ҳисобот ҳамда мазкур ҳисобот бўйича аудиторлик хулосаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан халқаро рейтинг агентликлари, молиявий ва юридик консультантлар билан ҳамкорликда корпоратив кредит рейтингини олиш, халқаро фонд биржаларида ўз еврооблигацияларини эмиссия қилиш ва халқаро стандартлар асосида корпоратив бошқарувини тадбиқ этишда кенг қўлланилади.

МҲХС жорий этиш бўлими бошлиғи Х.Тухсанов

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|