“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг лавозимга тайинланганига бир йил тўлди. Ортда қолган бир йил давомида нималарга эришилди?

Бош саҳифа Русский

2020 йилнинг 8 январь куни Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси лавозимига тайинланди. Тайинловдан сўнг орадан бир йил ўтди ва ана шу вақт оралиғида қандай натижаларга эришилди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан нефть-газ тармоғига кўрсатилаётган эътибор натижасида, сўнгги бир йил мобайнида мақтовга арзигулик кўрсаткичлар қўлга киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан соҳани ривожлантириш бўйича доимо ёрдам кўрсатиб келинди.

Кўрсатилган қўллаб-қувватловлар натижасида Меҳриддин Абдуллаев нефть ва газ соҳасини тубдан ўзгартириш, “Ўзбекнефтгаз” АЖни том маънода халққа кўмакчи корхона бўлиши учун ҳаракат қилди.

Меҳриддин Абдуллаев “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси лавозимига тайинланганининг илк кунларидан бошлаб, Жамиятни трансформация қилишни бошлади.

Бошқарув раисининг топшириғига асосан, Молиявий ва комплаенс назорат департаменти, Трансформация ва операцион самарадорлик департаменти ташкил этилди, шунингдек, нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва “Муборак” газни қайта ишлаш заводларида бизнесга хизмат кўрсатиш бўйича ҳудудий менежер лавозимлари жорий этилди ва малакали ходимлар билан тўлдирилди.

Нефть-газ тармоғидаги мутахассислар ва ишчи-ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида, “UNG training” МЧЖ ягона таълим маркази ташкил қилинди.

Трансформация қилиш жараёнида тизим таркибидаги корхоналар сони 184 тадан 33 тагача қисқартирилди, 151 таси оптимизация қилинди. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган корхоналар қайта ташкил қилиш орқали такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, 2021–2024 йилларда трансформацияни чуқурлаштириш бўйича навбатдаги иккинчи, учинчи ва тўртинчи босқичларни амалга ошириш орқали ERP тизимини жорий қилиш режалаштирилди.

Энг қувонарлиси эса, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий қилиш доирасида 2016–2018 йиллар учун тузилган молиявий ҳисобот “Ernst&Young” (Буюк Британия) компанияси томонидан ижобий аудиторлик хулосаси олинди. 2019 йил учун аудиторлик хулосаси саноқли кунларда олиниши бўйича зарур чоралар кўрилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тарихида илк бор ходимлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари (KPI) тизимини жорий қилиш ишлари олиб борилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Республика вилоятларидаги мавжуд ҳудудий корхоналар, ташкилотлар ва нефть базаларида комплаенс назорат фаолиятини олиб борувчи Молиявий ва комплаенс назорат департаменти Коррупцияга қарши бошқарув тизимининг йўлга қўйилганлигини қайд этувчи ISO 37001: 2016 халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган сертификатга эга бўлиш бўйича қатор ижобий натижаларга эришди.

Коррупциянинг олдини олиш ва комплаенс тизимини жорий этиш бўйича Ҳисоб палатаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, ИИВ, Адлия вазирлиги билан ҳамкорлик алоқалари олиб борилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси лавозимга тайинланган дастлабки кунидан бошлаб, углеводородларни қазиб чиқаришга катта эътибор берди ва 2020 йил якуни билан 33,6 млрд куб метр табиий газ (ўсиш суръати 100,3%), 1 415,0 минг тонна газ конденсати – (режага нисбатан – 99,4%), 204,9 минг тонна нефть (108,5%) қазиб чиқарилди.

Бу натижалар халқаро ҳамкорлар ва мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилди. Йиллар давомида қазиб чиқариш ҳажми камайиб келганлигини инобатга олсак, 2020 йилда бу “қора анъана”га чек қўйилди, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмининг камайиши тўхтатилди ва ўсишга эришилди.

Албатта, бундай натижа ортида минглаб ишчи-ходимларнинг фидойилик ва ватанпарварлиги, уларнинг машаққатли меҳнатлари турганини таъкидлаш лозим.

Қазиб чиқариш ҳажми камайтирилишига эришиш учун 2020 йилда жами 114 та қудуқ қурилиш билан тугатилди, 619 та қудуқ капитал таъмирланди, 42 та технологик объектларда модернизация, реконструкция ишлари олиб борилди ва газни дастлабки тайёрлаш қурилмалари ишга туширилди.

Соҳадаги барча йўналишларга бирдай эътибор қаратилиши натижасида, 2020 йил Инвестиция дастурлари ижроси тўла таъминланди.

Коронавирус пандемияси бўлишига қарамай, ички имкониятдан фойдаланган ҳолда 11 та лойиҳа бўйича йил якуни билан 1,4 млрд доллар инвестициялар ўзлаштирилди. Белгиланган вазифа ортиғи билан уддаланди.

“Муборак” газни қайта ишлаш заводи, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, "Газли" газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қурилмалари ишга туширилиши нафақат “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг, балки давлатимизнинг мақтовга арзигулик ютуғидир.

Йилига қўшимча 180 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватлари яратилиб, бутун мамлакат аҳолисининг бир неча ойлик истеъмоли таъминланиши учун катта қадам ташланди.

Инвестиция дастури доирасидаги ишлар карантин даври бўлишига қарамай, бир сония ҳам тўхтатилгани йўқ. Аксинча, кўпроқ натижаларга эришиш учун ҳаракат қилинди.

Бунинг натижасида, “Денгизкўл", "Ҳожидавлат" ва "Шарқий Олот" газ конденсат конларини ўзлаштириш” лойиҳаси доирасида қудуқларни жиҳозлаш ишлари якунланиб, йилига 1 млрд куб метргача табиий газ ва 6,4 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, Газли мажмуасида Сиқув компрессор станцияси ва Олтингугуртдан тозалаш олтинчи тармоғи фойдаланишга топширилгани сабабли, “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш мажмуаси “Газли” газни қайта ишлаш заводи деб қайта номланди.

2020 йилда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 15 та лойиҳа доирасида 1,27 трлн сўмлик ёки режага нисбатан 180,5% маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Импортни қисқартириш дастури доирасида 290 млн доллар эквивалентидаги ёки режага нисбатан 118,3% маҳсулотлар импортини қисқартиришга эришилди, шу жумладан, 243,6 млн доллар (121,7%) маҳаллийлаштириш ва 46,4 млн доллар (103,1%) кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига.

Бундан ташқари, корхоналарда молиявий, хўжалик ва ташкилий жараёнларни мониторинг қилиш ва бошқаришга йўналтирилган корпоратив ахборот тизимини жорий этиш (SAP ERP) юзасидан ишлаб чиқилган техник топшириққа ижобий эксперт хулосаси олинди ва халқаро тажрибага эга вендор ва халқаро ИТ- компаниялар билан конкурс ўтказилди. SAP ARIBA харидлар жараёнининг автоматлаштирилган тизими 1С омбор тизимига интеграция қилинди.

“Муборак” газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё комплекси, “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи, Газли ва Шўртан бошқармаларида замонавий ўлчаш асбоблари ўрнатилди, автоматлаштирилган тезкор диспетчерлик бошқарув тизими жорий қилинди.

“Рақамли кон” дастури доирасида конларнинг ер ости қисми бўйича рақамли геологик ва гидродинамик моделлари ишлаб чиқилди ва бугунги кун ҳолатига 100 та конларнинг геологик, 10 та геофизик ва углеводородларнинг қазиб чиқариш маълумотларини рақамлаштириш ишлари бажарилди ва маълумотлар базаси шакллантирилди.

Табиий газни тезкор ва технологик ҳисобга олувчи асбоб-ускуналар завод ва бошқарма конларида 700 та сарф ўлчаш асбоблари ўрнатилди ҳамда 310 км оптик толали алоқа кабеллари ётқизилди ва 32 та радио алоқа мослама антенналари ўрнатилди ва юқори тезликдаги Интернет тармоғи, VPN канал билан таъминланди ва 566 та видеокамералар ўрнатилди.

Ўзбекистондаги нефть базалари тарихида илк бор нефть базасида автоматлаштириш ишлари бажарилди. Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган “Кучлик нефть базаси” товар паркида 15 та вертикал сиғимларга ва 10 та горизонтал сиғимларга сатҳ ўлчаш асбоблари ўрнатилди, Жамият ва “Кучлик нефть базаси” биноси ўртасида VPN алоқа канали ташкил этилди ва Марказий диспетчерлик экранига чиқарилди.

Бошқарув раиси ўтган даврда ёшлар масаласи ва уларнинг билим олишлари, ишчи-ходимларнинг малакасини оширишга эътибор қаратди. Натижада эса, кўпгина янгиликларга эришилди.

Жумладан, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали талабаларини рағбатлантириш ва мотивация қилиш, уларни билим олишга ва илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш ҳамда интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг стипендияси жорий этилди. Филиалнинг 8 нафар талабаларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг стипендияси тайинланди.

Шунингдек, бўлажак шифокорларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, шифокорлик касбига бўлган эътиборини янада ошириш ҳамда иқтидорли ёш шифокорларни рағбатлантириш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси жорий этилди. 6 та тиббиёт олий таълим муассасаларининг 18 нафар иқтидорли талабаларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси тайинланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхона ва ташкилотларга 18 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардан 1160 нафари ишга жойлаштирилди.

Нефть-газ соҳасига оид тармоқ квалификацион рамкалари ва 17 та касб стандарти ишлаб чиқилди.

Албатта, бу ерда санаб ўтилмаган жуда кўп ютуқларнинг қўлга киритилганини айтиш лозим. Шў ўринда биз бу ишлар бардавом бўлишини истаган ҳолда, тизимдаги барча ходимларнинг ишларига муваффақият тилаб қоламиз.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|