“Ўзбекнефтгаз”: Россия Федерациясининг Тюмень вилояти саноат корхоналари билан кооперация алоқалари ўрнатилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ–6244-сонли қарорига мувофиқ тармоқ корхоналарига ички ва тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, корхоналарни глобал ишлаб чиқариш занжирларига жалб қилиш каби вазифалар юклатилган.

Таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси таъсири туфайли жаҳон бозоридаги мавжуд вазият, биринчи навбатда, саноат объектларининг бир маромда ишлашини таъминлаш ва янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун ички ресурслардан самарали фойдаланишни талаб этади.

Айнан шу муносабат билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббус ва топшириқлари билан маҳаллий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик механизмлари мустаҳкамланиб, тизим корхоналари эҳтиёжи учун дастлаб импортдан хариди амалга оширилган маҳсулотларни республика ҳудудларида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда, жорий йилнинг 19-22 июль кунлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ишчи гуруҳи Ўзбекистон Республикаси тадбиркорларининг Россия Федерацияси Тюмень вилоятидаги бизнес миссиясида иштирок этди.

Ташриф давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ишчи гуруҳининг Тюмень вилоятининг инвестиция сиёсати ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ю.Ахматова билан учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импортни қисқартириш стратегияси бўйича фикр алмашилди. Ўзбекистон Республикасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга яратилган имкониятлар, ягона электрон кооперация биржа портали, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг виртуал кўргазмаси тўғрисидаги маълумотлар россиялик ҳамкасбларда катта қизиқиш уйғотди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган саноат платформаси ва илмий тадқиқот марказига эга нефть ва газ кластерини ташкил этиш имкониятларини ўрганиш бўйича ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди. Шунингдек, жорий йилда Тюмень вилоятида бўлиб ўтиши режалаштирилган “Нефть ва газ саноати учун композицион материаллар” технологик кунига “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларини таклиф этиш истаги билдирилди.

Бизнес миссия доирасида 19-22 июль кунлари Тюмень вилоятининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари билан “В2В” форматида учрашувлар ҳам ташкил этилди. Хусусан:

– “Сибнефтегаз” АЖ, “ГМС Нефтемаш” АЖ, “ТерминалСтройИнвест” ва “ВЕКТОР” МЧЖ билан нефтгаз соҳасида ишлатиладиган ускуналар ва уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имкониятлари;

– “INOMA GROUP” компанияси билан нефткимё соҳасида қўлланиладиган сорбентларни саноат-тажриба синовларидан ўтказиш;

– “Тюмень Прибор” МЧЖ ва “Сибнефтеавтоматика” АЖ билан ўлчов назорат асбобларини биргаликда ишлаб чиқариш, шунингдек ,насослар ва электр жиҳозларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш;

– “Интекс” МЧЖ ва “ИнТех” МЧЖ билан нефть ва газ соҳаларида иннавацион технологияларни ишлаб чиқиш ва келажакда жорий этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Ташриф якунида “Expo-Contract Group” МЧЖ томонидан жорий йил якунига қадар навбатдаги бизнес миссияни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этиш, бунда Тюмень вилояти тадбиркорларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан учрашувларини ташкил этиш ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини намойиш этиш бўйича қизиқиш билдирилди.

Маълумот учун: Тюмень вилояти Ғарбий Сибирнинг жанубий қисмида жойлашган субъект бўлиб, Урал федерал округи таркибига киради. Ушбу вилоятда ёқилғи саноати, хусусан нефть ва газ саноати яхши ривожланган. Губкин, Муравленко, Сургут шаҳарларидаги саноат корхоналарида углеводород хомашёси қайта ишланади. Тобольск шаҳрида Россия Федерациясидаги йирик корхоналардан бири Тобольск нефткимё комбинати жойлашган.

Бундан ташқари, мазкур ҳудудда нефт-газ ва машинасозлик корхоналари эҳтиёжи учун асбоб ускуна ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ГРОМ” МЧЖ, “Тюменские моторостроители” МЧЖ, “Альфа-Кинетика” АЖ, “ЗБТО” МЧЖ, “ГМС Нефтемаш” АЖ, “Сибнефтемаш” АЖ, “Уралмаш НГО Холдинг” АЖ каби корхоналар жойлашган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|