“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан бош иншоотидаги газни цеолит билан тозалаш қурилмасини модернизация қилиш ишларининг 75,5 фоизи якунланди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабридаги ПҚ–4937-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2021–2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Шўртан бош иншоотларида газни цеолит билан тозалаш қурилмасини модернизация қилиш” бўйича қиймати 15,25 млн долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шўртан бош иншоотидаги Цеолит ёрдамида газни олтингугуртдан тозалаш қурилмаси 5 та блокдан иборат. Ушбу ускуна орқали 20,0 млрд куб метр тозаланган ва қуритилган газ пропан-бутан аралашмаси олиш цехи қурилмаларига узатилади. Цеолит ёрдамида газни олтингугуртдан тозалаш қурилмаси блоклари 1985–1997 йилларда ишга туширилган бўлиб, ҳозирда маънан эскирган.

Лойиҳа асосида қурилмани янги ва замонавий технологик ускуналарга алмаштирган ҳолда, модернизация қилинади, табиий газни суюқлик ва водород сулфидидан тозаланади ва унинг сифати оширилади.

Лойиҳа доирасида қурилманинг III-блокида қўшма иссиқлик алмашинувчи ускунасини, I ва IV-блокларидаги печнинг ички қисмларини, II ва V-блокларида тозаланмаган газ сепараторини, II, III ва V-блокларида юқори ҳароратга чидамли шарсимон кранларни ва уларни бошқариш учун замонавий автоматлашган тизим бошқаруви ускунаси, ўлчов ва автоматика мосламаларини ўрнатиш ва ишга тушириш кўзда тутилган.

Лойиҳани амалга оширишда, импорт асосида харид қилиш кўзда тутилган ускуна ва жиҳозларни Германиянинг “Borsig ValveTech GmbH”, Чехиянинг “Global Industrial Solutions”, Хитойнинг “НUA YING VALVE CO. LTD” каби компания заводлари билан шартнома тузилиб, Шўртан заводига етказиб келинган ва монтаж ишлари якунланмоқда.

Маҳаллий ускуна ва техник-материал ресурсларни етказиб келишга “Барс ССС”, “ProfInpex”, “O'zelektroapparat-Elektroshield”, “Ўзбеккимёмаш Заводи”, “SITAN” каби корхона ва заводлар билан шартнома тузилган бўлиб, ускуналар тўлиқ етказиб келинган.

Ҳозирга келиб барча маҳаллий ускуна ва жиҳозлар монтажи якунланмоқда, Чехиядан келтирилган юқори ҳароратга чидамли шарсимон кранларнинг 90% монтажи якунланган.

Бугунги кунда Бош пудратчи – “Муборакнефтгазмонтаж” МЧЖ томонидан қурилиш ишларининг 75,5 фоизи бажарилган. Қурилиш-монтаж ишларини жорий йилнинг ноябрь ойида якунлаш режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|