“Ўзбекнефтгаз”: Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг импортдан харид қилинадиган маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича саноат кооперацияси ҳамкорлигига таклиф этамиз

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4812-сонли ҳамда 2021 йил 2 июлдаги “Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ–5171-сонли қарорларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида давлат хариди соҳасини янада такомиллаштириш, коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, харидлар тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини кўпайтириш каби вазифалар кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг ноябрь ойида Қарши шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг маҳаллийлаштириш ва кооперация павильони билан танишар экан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация даражасини янада кенгайтириш, харидлар жараёнларини тизимлаштириш ва рақамлаштириш ишларига жиддий урғу бериш зарурлиги юзасидан топшириқлар берган эди.

Мазкур вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Харидлар жараёнларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, улар билан саноат кооперацияси ҳамкорлиги асосида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни тезкор ўзлаштириш, лаборатория ва саноат-тажриба синовларидан ўтказиш жараёнларини кенгайтириш каби тадбирлар шулар жумласидандир.

Амалга оширилаётган ишлар натижасида, жорий йилнинг январь-июль ойларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ импортни ўрнини босиш дастури доирасида 203,3 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги (режага нисбатан 139,8 фоиз) маҳсулотлар импортини қисқартириш самарадорлигига эришилди, шу жумладан, 167,8 млн. АҚШ доллари (148,8 фоиз) маҳаллийлаштириш лойиҳалари ва 35,5 млн. АҚШ доллари (108,6 фоиз) кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига.

Жорий йилнинг апрель-июль ойларида Навоий, Термиз, Бухоро ва Нукус шаҳарларида ташкил этилган ҳудудий саноат ярмаркаларида имзоланган меморандумлар доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш ва саноат-тажриба синоваларидан ўтказиш бўйича 31 та “Йўл хариталари” имзоланиб, ижрога қаратилди. Шу жумладан, “Узкоргазкемикал” ҚК МЧЖ - 23 та, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ - 3 та, “Шўртан ГКМ” МЧЖ - 3 та, Муборак НГҚЧБ ва Муборак ГҚИЗ - 1 тадан.

Тармоқда харидлар жараёнларини тизимлаштириштириш ва рақамлаштириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Товар-моддий ресурслар айланмасини назорат қилиш, товарларни такрорий сотиб олинишининг олдини олиш, транспорт логистикасини автоматлаштириш ҳамда омборларда мавжуд бўлган маҳсулотлардан унумли фойдаланиш мақсадида автоматлаштирилган 1С омбор тизими жорий қилинди. Натижада, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналар омборхоналарида мавжуд бўлган товар-моддий ресурслар ҳисобини юритишнинг марказлашган онлайн тизими ишга туширилди.

Харидлар жараёнини рақамлаштириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида “SAP ARIBA” дастурини татбиқ этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, ҳозирда ушбу дастурнинг шартномаларни келишиш бўйича модули ишга туширилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июлдаги “Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5171-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ харидлар тизими халқаро аудиторлик ташкилоти бўлмиш “KPMG” компанияси томонидан аудитдан ўтказилди ва август ойида аудит натижалари бўйича ҳисобот олинди.

Айни пайтда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида харидлар биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар имкониятлари чуқур таҳлил қилинган ҳолда Республика ягона электрон кооперацион портали орқали амалга оширилмоқда. Мазкур портал орқали 1 август ҳолатига 1 707 та қиймати 323,9 млрд сўмлик шартномалар расмийлаштирган.

Таъкидлаш жоизки, саноат корхоналари технологик қурилмалари ва асбоб-ускуналарининг ўзига хослиги, бурғилаш, қазиб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнларининг мураккаб босқичларни ўз ичига олиши сабабли бир қатор маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар импортдан харид қилиниб келинмоқда. Кўриб чиқилаётган ҳисобот даврида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тармоқ корхоналари томонидан 42,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар импорти амалга оширилган (ўтган давр кўрсаткичига нисбатан 79,5 фоиз). Жумладан, “Узкоргазкемикал” ҚК МЧЖ – 32,0 млн. АҚШ доллари, “Шўртан ГКМ” МЧЖ – 7,1 млн. АҚШ доллари, Муборак ГҚИЗ – 1,4 млн. АҚШ доллари, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ – 1,1 млн. АҚШ доллари, Газли НГҚЧБ – 0,9 млн. АҚШ доллари, Муборак НГҚЧБ – 0,3 млн. АҚШ доллари ва бошқалар.

Мазкур даврда ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қудуқларни бурғилаш ва капитал таъмирлаш ишларини амалга оширишда республикада ишлаб чиқарилмайдиган металл қувурлар (50,0 минг тонна), бурғилаш долоталари (1 320 дона), чоксиз қувурлар (3,5 минг тонна), қудуқ устки жиҳозлари (100 донадан ортиқ), турли хил кимёвий реагентлар ва бошқа маҳсулотлар хариди амалга оширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ барча маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни 2021 йилнинг IV чораги ва 2022 йил эҳтиёжи учун импортдан харид қилинадиган маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материалларни ўзлаштириш бўйича саноат кооперацияси ҳамкорлигига чақиради.

Шу мақсадда ташкил этилган “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ung.cooperation.uz манзилидаги Виртуал кўргазмаси ҳамда https://t.me/ungcooperation манзилидаги телеграм гуруҳида барча импорт маҳсулотларининг техник характеристикаси, уларга талаб этиладиган стандартлар, миқдор ва сифат кўрсаткичлари билан танишишингиз мумкин.

Соҳанинг малакали мутахассислари реал вақт режимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қизиқтирган барча саволлар, хусусан маҳсулотларни лаборатория ва саноат-тажриба синовларидан ўтказиш, харид ва тўлов жараёнларини ташкил қилиш каби саволларга жавоб беришга тайёр (маълумот учун телефонлар: 71-202-2772 (ички рақам 307, 322).

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ўтказилаётган тендер савдолари ва конкурслар ҳақидаги энг сўнгги маълумотларни қуйидаги веб-ресурслардан олишингиз мумкин:

🌐 https://www.ung.uz/business/tender/6/1

🌐 https://exarid.uzex.uz/

🌐 https://tenderweek.com/

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|