“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида ўтказилган йиғилишда тизим корхоналари раҳбарлари фаолияти таҳлилий-танқидий руҳда кўриб чиқилди. Айрим раҳбарлар лавозимидан бўшатилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев раислигида тизим корхоналари, заводлар, нефть базалари ва департамент раҳбарлари иштирокида табиий газ қазиб чиқарилиши, қайта ишланиши ва бошқа ташкилий масалалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Видеоселектор йиғилиши аввалида, Бошқарув раиси Бухорога қилган сафари давомида “Ишчи гуруҳ” аъзолари билан биргаликда табиий газ қазиб чиқарилиши, қудуқлар, конлардаги аҳвол ўрганилгани ҳамда у ердаги аҳвол қониқарсиз эканлигини таъкидлади.

Айни мана шу масала ортидан, яъни конларда ва қудуқларда ишни тўғри ташкил қилмагани, ишчи-ходимларга етарли шароит яратмагани учун Бошқарма раҳбари Алишер Эгамов лавозимидан олингани, унинг ўрнига янги раҳбар тайинлангани маълум қилинди.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори лавозимига янги тайинланган Абдулло Мажидовга синов муддати берилгани ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муаммоларни ҳал этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Газли бошқармаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятида ўз ўрнига эга. Жумладан, табиий газ қазиб чиқаришнинг 15 фоизи (5,1 млрд куб метр), конденсатнинг 4 фоизи (60 минг тонна) ушбу бошқарма улушига тўғри келади.

Шу сабабли, Бошқарув раиси янги раҳбар олдига табиий газ ва конденсат қазиб чиқариш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш каби масъулиятли вазифаларни бажаришда тизимли ёндашиш, бошқарма жамоасининг имконияти ва салоҳиятини тўлиқ сафарбар этиш талабини қўйди.

Бошқарув раиси қурилиш билан тугатилган “Саватли” 14- ҳамда 15-сонли қудуқлардан саноат миқёсида газ оқими олинмагани ва бугунги кунгача қудуқлар ишлаб чиқаришга топширилмаганини кескин танқид қилди ва масъул раҳбарлар бу ҳолатни яшириб, маълумот киритмасдан келингани айтилди.

Бурғилаш ишлари белгиланган муддатларда бошланмагани ортидан “Четқум” 1-сонли, “Андакли” 7-сонли, “Тошқалъа” 2-сонли қудуқларнинг ишга туширилишида кечикиш кузатилгани маълум қилинди.

Бундан ташқари, нефть базаларининг фаолияти ҳам Бошқарув раиси томонидан танқид остига олиниб, айримлар ўз лавозимига лойиқ бўлмагани таъкидланди. Бухоро нефть базаси директори ишдан олингани, унинг ўрнига Мақсуд Ражабов тайинлангани расман эълон қилинди.

Бухоро нефть базасида нефть маҳсулотларини доимий равишда олдиндан 100 фоиз тўловсиз бериб юборилиши оқибатида дебитор ва кредитор қарздорлик юзага келгани очиқланди.

Ўз вақтида ундирилмаганлиги сабабли дебиторлик қарздорликнинг маълум қисми “умидсиз”га айланган. Айни ҳолат юзасидан маълумотлар тегишлилиги бўйича аниқлик киритилиб, чора кўриш учун прокуратура органларига тақдим қилинди.

Мазкур ҳолатлар қолган бошқарма ва нефть базалари раҳбарлари учун ҳам тегишли хулоса чиқаришларига сабаб бўлиши кераклиги ҳамда улар бу каби қўпол камчиликларга йўл қўймасликлари белгиланди.

Бошқарув раиси куннинг асосий масаласига ўтиб, жорий йилнинг ўтган январь–февраль ойлари якунида табиий газ қазиб чиқариш 5,3 млрд куб метрни ташкил этган бўлса-да (баланс бўйича 100,2%), қўшимча режа топшириғи (98,7%) тўлиқ бажарилмаганини айтиб, масъулларни огоҳлантирди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, конденсат қазиб чиқариш 234,8 минг тоннани (101%), нефть 20,9 тоннани (111%) ташкил қилди.

Гарчи 28 та қудуқ ишга туширилган (108%), 110 та қудуқ мукаммал таъмирлаш (101%)дан чиқарилиб, белгиланган режа ортиғи билан бажарилган бўлса-да, бу билан қаноатланиб қолмасдан, бу борадаги ишларни янада кўпайтириш кераклиги таъкидланди.

Бошқарув раиси Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолиятига ҳам тўхталиб, табиий газ қазиб чиқариш режаcи бажарилмаганлиги, шу сабабли Водий бошқармасининг фаолият самарадорлигини ошириш, штат бирликларини оптималлаштириш ва молиявий соғломлаштириш кераклиги бўйича топшириқлар берди.

Ўз навбатида қолган Бошқармаларда табиий газ қазиб чиқарилиши йўлида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар учун яратилган шароит ҳам мақтовга арзигулик эмаслигини таъкидлаган Бошқарув раиси, Газли ҳудудидаги “Саватли” конидаги 15-сонли қудуқдаги капитал таъмирлаш бригадаси ишчи-ходимларининг тегишли махсус кийим-бош, бошқа зарур ҳимоя воситалари билан таъминланмаганлигини мисол қилиб келтирди.

Шахсан ўзим гувоҳ бўлдим, ушбу қудуқда саноат ва техника хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилган, бу йўналишга жавобгар бўлган Саноат ва экология хавфсизлиги департаменти ҳолатни зудлик билан ўрганиб, жойига чиққан ҳолда муаммоларни бартараф этсин, деди, –- Бошқарув раиси.

Тегишли анжомлар, зарур инвентарлар ва бошқа материал-техник ресурслар билан ўз вақтида таъминланмаганлиги туфайли таъмирлаш ишларини бажариш муддатлари чўзилиб кетгани ҳам қўшимча қилинди ва “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” корхонаси раҳбари огоҳлантирилди.

Бошқарув раиси томонидан Молиявий ва комплаенс назорат департаментига ташкилотлар (бошқармалар, корхоналар ва нефть базалари) бошлиқлари раҳбарлигида тегишли мутахассислар ҳамда жойлардаги комплаенс инспекторлари иштирокида ташкилот фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган коррупцион хавф-хатарлар рўйхатини шакллантириш ва аниқланган хавф омилларини камайтириш лозимлиги белгилаб берилди.

Шунингдек, ҳар бир департамент раҳбари жойларга чиқиб табиий газ қазиб чиқарилиши, конлар ва қудуқларда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишиши лозимлиги бўйича топшириқ берилди.

Ишчи-ходимлар учун яшаш ва ишлаш шароитларини яхшилаш борасида барча ўз фикр ва таклифларини билдириш кераклигини, айнан ишчиларга униформалар берилиши ҳамда озиқ-овқат ва ойлик маош билан ўз вақтида таъминланиши, энг устувор вазифа эканлиги қатъий таъкидланди.

Бу борада алоҳида чора-тадбир ишлаб чиқилиши белгиланиб, вахта режимида ишлаётган ишчиларнинг ётоқхоналари, овқатланишлари, мавсумий униформалар билан таъминланишларини назоратга олиш бўйича вазифалар масъул раҳбарларга белгилаб берилди.

Йиғилиш якунида Бошқарув раиси ўринбосарлари ҳамда бошқарма раҳбарларига сўз берилиб, уларнинг таклифлари эшитилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|