“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларида қазиб чиқариш жараёнларини ўрганди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлиб, конлар ҳамда қудуқларда табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатини ўрганди.

Дастлаб, департамент, бошқарма ва кон бошлиқлари иштирокида “Шўртан” конида 2021 йилнинг биринчи чорагида углеводородлар қазиб чиқариш прогноз кўрсаткичларини бажаришга қаратилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Бошқарма тасарруфидаги конлардан газ ва газ конденсати қазиб чиқариш бўйича бошқарма бош геологи ва кон бошлиқлари билан мулоқот ўтказилди.

2021 йил дастлабки чорак якунлари ва иккинчи чоракда амалга оширилиши режалаштирилган ишларнинг бажарилиши, айниқса, табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичларини оширишга қаратилган тадбирларнинг ижроси танқидий жиҳатдан таҳлил қилиниб, долзарб муаммолар, хусусан геология-қидирув ишларини самарали олиб бориш, 2021 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган геологик-техник чора-тадбирларни жадаллаштириш орқали белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли мутахассисларга зарур топшириқлар берилди.

Жумладан, 2021 йилда углеводородлар қазиб чиқаришни кўпайтириш Дастурига асосан ҳамкор ташкилотлар томонидан 21 та, шунингдек “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан яна 16 та янги ишлатиш қудуқларни белгиланган графиклар асосида бурғилаб ишга тушириш мўлжалланган.

Газ қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлаш мақсадида 177 та қудуқда капитал таъмирлаш ишларини олиб боришда янги йўналиш ва тадқиқотлардан кенг фойдаланиш ҳисобига тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, янги газ конларини ўзлаштириш ҳамда 10 та технологик объектларни ишга тушириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида, ишлаб чиқаришнинг барча жараёнларини мунтазам равишда зарур материал-техник ресурслар ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш бўйича тегишли мутахассисларга кўрсатмалар берилди.

Жорий йилда Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида
9 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқаришни таъминлаш бўйича режалаштирилган геологик-техник тадбирларни самарали амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

Шунингдек, конлардаги мавжуд захираларни максимал даражада ўзлаштириш ва газ қазиб чиқариш кўрсаткичларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилаётган “Жанубий Тандирча” ва “Бўзахўр” конларида сиқув компрессор станциялари қуриш лойиҳаларини тезлаштириш чораларини кўриш бўйича масъул мутахассислар, лойиҳа-тадқиқот институтлари ва бошқармаларга топшириқлар берилди.

Йиғилишда 2021 йилда ишга туширилиши режалаштирилган “Uzbekneftegaz GTL” заводи ва истиқболдаги Шўртан газ кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳаларини доимий хомашё базаси таъминлаш масаласи муҳокама қилиниб, истиқболли янги майдонларда излов-қидирув ишларини жадаллаштириш билан табиий газ захираларини ошириш ва уларни ўзлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат геология қўмитаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 25 февраль куни Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида углеводород хомашёси захираларини кўпайтириш ва табиий газ қазиб чиқаришни ошириш бўйича берган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, ўтказилган қўшма йиғилишда соҳа мутахассисларининг фикрларини инобатга олган ҳолда Шўртан зонасида нефть ва газга истиқболи янги майдонларни аниқлаш мақсадида 3Д сейсмик-қидирув ишларини биргаликда амалга оширишга келишиб олинган эди.

Сейсмик тадқиқотларни самарали амалга ошириш натижасида нефть ва газга истиқболли янги майдонлар аниқланади, янги конлар очилишига замин яратилади ва мавжуд конларнинг қўшимча истиқболлари аниқланиб ўзлаштиришга тайёрланади. Амалга оширилган тадқиқотлар асосида белгиланган майдонларда бурғилаш ишлари олиб борилиб углеводородларнинг янги захиралари ўстирилади ҳамда табиий газни қазиб чиқаришга замин яратилади.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан амалга оширилган ўрганиш ишлари давомида “Шўртан” конида хизмат қилаётган ишчи-ходимларнинг ойлик маошларини ўз вақтида тўлаб бериш ва бошқа бир қатор ижтимоий масалалар муҳокама қилинди ҳамда қазиб чиқариш жараёнларида бевосита иштирок этаётган ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|