“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш эвазига импорт қисқартирилиб, экспорт ҳажми оширилади

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси юқори қўшилган қийматга эга бўлган тайёр нефть ва газ кимё маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш ҳамда республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 20 июндаги ПҚ–2551-сон ва 2017 йил 11 августдаги ПҚ–2965-сон қарорларига мувофиқ, “Шўртан газ кимё комплексининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Республикамизга 2018 ва 2019 йилларда импортдан кирган полимерлар таҳлили шуни кўрсатдики, бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари томонидан йилига 490 минг тонна полиэтилен ва 90 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилишига қарамасдан, турли ҳил кўринишда полиэтилен ҳамда полипропилен грануласи ва ундан олинадиган буюмлар кўринишида 97,3 млн долл (81 минг тонна) полиэтилен ва 75,9 млн доллар (50 минг тонна) полипропилен Россия, Эрон, Қозоғистон, Туркманистон давлатларидан импорт қилинган. Ўтган йилга нисбатан импорт қилинган полиэтилен ҳажми сал кам 200 фоизга ва полипропилен ҳажми 130 фоизга мос равишда ортган.

Охирги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётнинг кундан кун ривожланиши натижасида полимерларга бўлган талаб кескин ортган ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар юқорида айтиб ўтилган эҳтиёжларни қондиришга ва экспорт салоҳиятни оширишга қаратилган бўлиб, табиий газдан юқори қийматли маҳсулотларни олишни назарда тутади.

Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси 2021 йилда ишга тушиши кутилаётган “Uzbekneftegaz GTL” заводида ишлаб чиқариладиган йиллик 430 минг тонна синтетик нафтани чуқур қайта ишлаш орқали импорт қилинаётган полиэтилен ҳамда полипропилен полимерларини ишлаб чиқариш имкони беради.

Лойиҳани ишга тушириш орқали қиймати 173.2 млн АҚШ доллар бўлган импорт ўрнини босувчи ва ички бозор талабини қондирувчи 280 минг тонна труба, пленка, пуфланган, қуйма полиэтилен маркаларини ҳамда 100 минг тонна гомо, қуйма, трубалар учун полипропиленнинг янги маркаларини маҳаллийлаштириш, йиллик 550 млн доллар қийматидаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, 800 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

Лойиҳа ривожланган давлатларнинг нуфузли компаниялари – АҚШнинг “Chevron Phillips Chemical” ва “Chicago Bridge&Iron Company” лицензион технологиялари ҳамда Сингапурнинг “Enter Engineering Pte. Ltd.” компанияси билан “EPC” шартномаси асосида амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда “EPC” пудратчиси томонидан батафсил лойиҳалаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳани амалга оширишда жами 600 дан ортиқ юқори малакали мутахассислар иштирок этмоқда.

Республикамизда газ кимё соҳасини ривожлантириш, маҳаллий хомашёлар асосида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқалигина мамлакатимизнинг полимерлар хомашёсига бўлган мустақиллигини таъминлаш билан бир қаторда, соҳага боғлиқ кичик ва йирик тадбиркорлик субъектларини келажакда барқарор ишлашига, ривожланишига мастаҳкам замин яратади ва шу турдаги маҳсулотлар экспорт ҳажмини бир неча баробарга оширади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|