“Ўзбекнефтгаз”: Устюртда янги кон топилди. Унинг илк қудуғидан кунига 1 миллион куб метрдан ортиқ газ олинмоқда (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 ноябрдаги ПҚ–4522-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 апрелдаги 265-сонли қарорларида Республикада углеводород хомашё захираларини кўпайтириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан Устюрт минтақасидаги конлар ва истиқболи майдонларда нефть ва газ геология-қидирув ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Бошқарув раиси ташаббуси билан акциядорлик жамиятининг геологлари томонидан Устюрт минтақасининг бой нефтгазлилик салоҳиятини самарали ўзлаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлардан иборат яхлит тизимлаштирган Дастур ишлаб чиқилган.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани ҳудудида, геологик жиҳатдан Устюрт минтақасининг марказий қисмида, “Бердақ” ва “Шимолий Бердақ” конларининг яқинида жойлашган “Қуйи Шарқий Бердақ” майдонида ҳам 3-сонли қудуқни бурғилаш ишлари амалга оширилди.

Ушбу қудуқни бурғилаш ишлари 2021 йилнинг 12 январь куни бошланган бўлиб, чуқур ер ости қатламларининг мураккаб тузилиши ва турли геологик қийинчиликларга қарамасдан қудуқ 4309 метр чуқурликгача бурғиланди.

Жорий йилнинг 29 сентябрь куни ушбу қудуқда аниқланган истиқболли қатламларни 4300 метрдан ортиқ чуқурликда маҳсулдорликка синаш натижасида қуйи юра даврига тегишли ётқизиқлардан саноат миқёсидаги табиий газ оқимлари олинди ва “Қуйи Шарқий Бердақ” номли янги газ конденсат кони очилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу қудуқдан олинган табиий газ маҳсулотининг кунлик миқдори 1 миллион куб метрдан ортиқни ташкил этмоқда.

Ҳозирда қудуқдаги маҳсулдор қатламларнинг босими ва ҳарорати каби бир қатор кон-геологик кўрсаткичларни аниқлаш, шунингдек, коннинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини баҳолаш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

“Қуйи Шарқий Бердақ” янги газ конденсат кони очилишининг яна бир қувонарли жиҳати, ушбу кон бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга тадбиқ этиш, табиий газга истиқболли қатламларни аниқлаш, уларда синаш ва табиий газ қазиб чиқариш ишларини ташкил қилиш бўйича барча тадбирларнинг “Ўзбекнефтгаз” АЖ маҳаллий мутахассислари ва ходимлари томонидан амалга оширилганлигидир.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари ўзларининг чуқур билим ва юқори малака ва қўникмаларга эга эканликларини жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 3 та янги – “Ижобат”, “Раззоқбобо” ва “Ғарбий Қуйи Сургил” газ конденсат конларини очиш билан исботлаб қўйишган эди. Навбатга “Қуйи Шарқий Бердақ” янги газ конденсат конининг очилиши эса уларнинг салоҳиятларини яна бир бор намоён этди.

Ушбу натижаларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги акциядорлик жамияти таркибидаги кўп сонли геологлар, геофизиклар, бурғилаш, конларни ишлатиш ва қазиб чиқариш ишлари мутахассислари, бир қанча олимлар, қурилиш ва монтажчи ходимлар, иқтисодчи ва молиячилардан иборат катта бир жамоанинг ҳар бир жараёнлардаги тадбирларни бирдамлик ва якдиллик билан амалга оширганликлари эвазига қўлга киритилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси томонидан очилган “Қуйи Шарқий Бердақ” янги газ конденсат конидан қазиб олинадиган углеводород хомашёси биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг, шунингдек, иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларини барқарор равишда табиий газ маҳсулоти билан таъминлаш ҳамда уларнинг ёқилғи-энергетика ресурсларига нисбатан талабини қондиришга йўналтирилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Қуйи Шарқий Бердак” конида геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ҳамда углеводород захираларини кўпайтириш мақсадида 2 – қудуқда ҳам 4308 метр чуқурликда бурғилаш ишлари олиб борилмоқда ва яқин истиқболда ушбу қудуқдан ҳам саноат миқёсидаги табиий газ оқимларини олиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, кондаги 3 – сонли қудуқдан олинган ижобий натижаларни қисқа муддатда тезкор ва мукаммал таҳлил қилиш асосида 2021 йил якунига қадар яна иккита – 4-, 5-сонли қидирув қудуқларида бурғилаш ишларини бошлаш мақсад қилиб олинди ва уларни амалга ошириш бўйича тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларининг фикрига кўра, ушбу очилган янги кон геологлар зиммасига Устюрт минтақасининг салоҳиятини ўзлаштириш бўйича янги вазифаларни юклайди ҳамда нефть ва газ геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ҳамда янги табиий газ конларини очиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақаси, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийси майдонларида янги нефть ва газ конларини очишга қаратилган геология-қидирув ишлари давом этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|