January 11, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: “Бухоро нефть базаси”да маҳсулотларни ноқонуний етказиб бериш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига кўра, молиявий ва комплаенс назорати йўналишида коррупция, иқтисодий жиноятларга қарши курашишга, уларни келгусида йўл қўйилишини олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар тизимли амалга оширилмоқда.

Навбатдаги ўрганиш “Бухоро нефть базаси” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилиб, натижада нефть маҳсулотларининг сақланиши, истеъмолчиларга етказиб берилиши, дебиторлик, кредитор қарздорликлар билан кўплаб ноўрин харажатлар, шунингдек, амалдаги қонунчиликка риоя қилинмаслик ҳолатлари аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли қарорига асосан, нефть маҳсулотлари тўлов олдиндан 100 фоиз ўтказилгандан сўнг етказиб берилиши белгиланган бўлсада, амалда белгиланган меъёрий ҳужжатларга мунтазам амал қилмаслик оқибатида “Бухоро нефть базаси” МЧЖда 50,5 млрд сўм дебитор қарздорлик юзага келган. Ўз вақтида ундирув чоралари кўрилмагани натижасида, нефть базаси бўйича 984,7 млн сўм маблағ “умидсиз” қарзга айланиб улгурган.

Ўрганишлар давомида “Бухоро нефть базаси” МЧЖнинг 10 та фермерга ёқилғи тарқатиш шахобчалари (кейинги ўринларда – ФЁТШ) томонидан жами 1,8 млрд сўмлик 261,7 минг литр ёнилғи маҳсулотлари фаолияти тугатилиб бўлган фермер хўжаликларига расмийлаштирилгани ҳам аниқланди.

Таъкидлаш жоизки, жамиятнинг собиқ раҳбарияти ва муттасадди ходимлари томонидан 3,0 млрд сўмлик 1 595,3 минг литр нефть маҳсулотлари фермер хўжаликларига арзон нархларда расмийлаштириб жамиятга зарар келтирган.

Жамият муттасади ходимлари томонидан хусусий АЁҚШларга жами
2,6 млрд сўмлик нефт маҳсулотлари тўловсиз етказиб берилиб, дебитор қарздорлиги яшириб келинган.

Ўрганиш давомида, “Бухоро нефть базаси” МЧЖга қарашли 20 та ФЁТШларда 2,1 млрд сўмлик 206,7 минг литр маҳсулот камомади аниқланиб, 921,1 млн сўми ўрганиш жараёнида қопланиши таъминланди.

Ушбу нефт базада маблағ иқтисоди, харажатлар режасига амал қилиш борасидаги вазият ҳам ачинарли ҳолатда. Масалан, “Бухоро нефть базаси” МЧЖ томонидан қурилиш корхоналарига асоссиз равишда 298,1 млн сўм миқдорида, ходимларга 31,6 млн сўм миқдорида ортиқча иш хақи ва мукофот пуллари тўлаб берилган.

Нефть база масъул ва раҳбар ходимлари томонидан йўл қўйилган қонунбузулиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун ўрганиш ҳужжатлари тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил бошида олиб борилган ўрганишларда “Бухоро нефть базаси” МЧЖда жами 33 896,8 млн сўмлик қонунбузулиш аниқланган бўлиб ушбу ҳолатлар бўйича ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ушбу йўналишда ўрганишлар давом эттирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|