“Ўзбекнефтгаз”: 2020 йил учун консолидациялашган молиявий ҳисоботини тузиш ишлари амалга оширилмоқда (фото)

Бош саҳифа Русский

Давлат иштирокидаги корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш мақсадида 2020 йилнинг 27 октябрида ПФ–6096-сонли “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинган эди.

Мазкур фармоннинг 2-бандидаги талабнинг бажарилиши ва юқорида қайд этилган ислоҳотларнинг мантиқий идофаси ўлароқ ҳамда 2020 йил 24 февралда ПҚ–4611-сон билан тасдиқланган “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖда 2020 йил фаолияти якунлари буйича Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузиш ишлари бошлаб юборилди.

Жамиятимизда мазкур ишларнинг дебочаси 2020 йилнинг сентябрь ойида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан тасдиқланган 302-сонли буйруққа асосан бошланган эди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, юқорида қайд этилган Президент Фармонининг биринчи иловасида келтирилган давлат иштирокидаги корхоналар, шу жумладан «Ўзбекнефтгаз” АЖга 2021 йил 1 апрелга қадар 2019-2020 йиллар учун молиявий ҳисоботларни халқаро молиявий ҳисоботлар стандартлари (IFRS) асосида тайёрлаш вазифаси юкланган.

2019 йил учун МҲХС (IFRS) асосида тузилган консолидациялашган молиявий ҳисобот бўйича  “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси томонидан ижобий хулоса берилган ва ҳисоботлар расмий веб-сайтда www.ung.uz эълон қилинган эди.

Ушбу йўналишдаги муҳим масаладан бири, бу албатта 2020 йил учун МҲХС (IFRS) асосида тузилган консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузиш ва аудиторлик текширувини ўтказиш учун “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компаниясига тақдим этишдир.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, МҲХС асосида молиявий ҳисоботларни шакллантиришда, кўпгина ҳолатларни акс эттириш мақсадида жамият раҳбарияти ёки мутахассисларининг профессионал хулосаси талаб этилади. Ўз навбатида ушбу ёндошувлар ва профессионал хулосалар молиявий ҳисоботни аудит текширувидан ўтказадиган аудиторлик компанияси билан келишилган ва уларни огоҳ қилган равишда амалга оширилса, аудит жараёни анча самарали ўтказилиши мумкин.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2020 йил 31 декабрь ҳолатида 50 га яқин кичик ва йирик шўъба корхоналари (дочернее предприятие) ва таъсир остидаги ташкилотлари (ассоциированные организации) мавжуд бўлиб, буларнинг молиявий ҳисоботлари консолидациялашган молиявий ҳисоботда жамланади.

2021 йилнинг 15 февралидан 19 февралига бўлган вақт оралиғида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг МҲХСни жорий этиш бўлими, Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси мутахассислари “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси мутахассислари билан 2020 йил учун консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузиш ишларини муҳокама қилиш борасида қатор учрашувлар ва тажриба алмашиш семинарини ўтказишди.

“Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси мутахассислари билан бўлиб ўтган муҳокамада, 2020 йилда консолидация периметри, асосий воситалар ва тугалланмаган қурилиш объектлари иқтисодий баҳосизланиши, асосий воситалар буйича ҳаракатланиш ведомостларини тузиш, трансформация бухгалтерия ёзувларини бериш ва уларни жамлаш, қайси ҳисобот моддалари бўйича маълумотлар расшифровкасини тайёрлаш, расшифровкалардаги маълумотларни ҳисоботдаги изоҳларда ишлатиш йўриқномаси, консолидация ёзувларни бериш тартиби, дебиторлик қарзлар бўйича даргумонлик резервини шакллантириш, товар-моддий заҳиралар бўйича ноликвидлик резервини ҳисоблаш, нефтгаз қудуқлари буйича тугатиш (ликвидация қилиш) харажатларини капиталлаштириши ва резервини яратиш ва бошқа қатор масалалар чуқур муҳокама қилинди ҳамда жамиятимиз мутахассилари томонидан берилган саволларга аудиторлар аниқ жавоблар беришди ва 2019 йил учун молиявий ҳисоботдан мисол келтириб кўрсатишди.

2020 йил якунлари бўйича тузилган консолидациялашган молиявий ҳисобот ҳамда мазкур ҳисобот бўйича аудиторлик хулосаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан халқаро рейтинг агентликлари, молиявий ва юридик консультантлар билан ҳамкорликда корпоратив кредит рейтингини олиш, халқаро фонд биржаларида ўз еврооблигацияларини эмиссия қилиш ва халқаро стандартлар асосида корпоратив бошқарувини тадбиқ этишда кенг қўлланилади.

МҲХС жорий этиш бўлими бошлиғи Х.Тухсанов

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|