April 7

“Ўзбекнефтгаз”: Инвестиция дастури доирасида табиий газ ҳажми 30,2 млрд куб метр, нефть ҳажми 182,1 минг тоннага кўпайтирилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг тошаббуси билан нефть ва газ-кимё маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва янги турдаги газкимё маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-72-сон қарори дастуруламал бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган умумий қиймати 5,9 млрд долларлик 10 та инвестиция лойиҳаси доирасида барча манбалар ҳисобидан
1 090,5 млн доллар ўзлаштириш режалаштирилган. Шундан 840,6 млн доллари хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига тўғри келади.

2022 йилнинг биринчи чорак якуни билан лойиҳалар доирасида 236,3 млн долларлик инвестициялар ўзлаштирилди. Бу кўрсаткични ўтган 2021 йилнинг жорий даврига қиёслайдиган бўлсак, ўсиш 142,5 фоизни ташкил этди.

Жорий йилда инвестиция ҳажмларининг 50,9 фоизи углеводородларни қазиб чиқариш ва тайёрлашга, 32,1 фоизи углеводородларни қайта ишлашга, 12,8 фоизи геология-қидирув ишлари ва қудуқларни бурғилашга ҳамда 4,2 фоизи янги қурилиш, модернизация ва реконструкция ишларини амалга ошириш бўйича лойиҳаларга йўналтирилади.

2021 йилнинг декабрь ойида Қашқадарё вилояти Ғузор туманида умумий қиймати 1,8 млрд долларга яқин “Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” лойиҳасига ҳам старт берилди. Лойиҳа доирасида, синтетик нафтани қайта ишлаб, юқори қийматли янги турдаги қўшимча 380 минг тоннагача полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бу билан мажмуанинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватини 3 баробарга оширилиши таъминланади. Лойиҳа 2024 йилда ишга туширилади.

Углеводород хомашёсини қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш бўйича эса умумий қиймати 3,0 млрд долларга тенг 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур амалга оширилмоқда. Дастурнинг биринчи босқичи доирасида 296 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланиб, 328 та қудуқда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Иккинчи босқичи доирасида 185 та қудуқдан 152таси бурғиланди. Шунингдек, "Ғарбий" конида блок-модулли қудуқ усти компрессор қурилмаси, "Сомонтепа", "Алан" ва "Зеварда" конларида сиқув компрессор станциялари, "Арслан" конида газни комлекс тайёрлаш қурилмаси, "Учқир" конида олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоғи ва сиқув компрессор станцияси ишга туширилди.

Комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида қазиб чиқарилган табиий газ ҳажми 30,2 млрд куб метр, нефт ҳажми 182,1 минг тонна ва газ конденсатининг ҳажми 902,2 минг тоннага кўпайтирилди.

Ушбу дастур доирасида жорий йилда умумий қиймати 161,9 млн долларга тенг бўлган “Денгизкўл” ва “Жанубий Тандирча” конларида 2 та сиқув компрессор станцияларини қуриш ишларини якунлаш кўзда тутилган бўлиб, объектларни ишга тушириш натижасида йилига қўшимча 470 млн куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилади ва 27 та янги иш ўринлари яратилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|