“Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимлари иштирокида Бухоро вилоятидаги тарихий обидаларга саёҳат уюштирилди (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида Жамиятнинг Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан Бухорога икки кунлик сайёҳат ташкил этилди.

Бухоро-табаррук замин! Азал-азалдан турли савдо йўллари, маданият ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган бу кўҳна гўшанинг оҳанрабоси, кўрку таровати инсонни доимо ўзига чорлаб туради.

Сайёҳат дастурига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимлари бутун дунё мусулмонлари учун табаррук масканлардан ҳисобланган Етти пир — Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаларига зиёрат қилишди.

Илк манзилимиз Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний – етти пирнинг энг улуғи, хожагон тариқатининг асосчиси бўлган ушбу зотнинг қабрларига зиёрат билан бошланди.

Сўнгра иштирокчилар Шофиркон туманида жойлашган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий зиёратгоҳида бўлишди. Маълум қилинишича, бу хушсурат пири комилнинг “Моҳитобон” яъни “ой юзли” дея ҳам таърифлашган. Гид қизнинг баён этишича, Муҳаммад Ориф Ревгарий чеҳрасидан нур ёғиладиган, вужудидан мушку анбар иси келиб турадиган муборак бир зот бўлган.

Навбатдаги манзилимиз Вобкент туманидаги Анжирбоғ қишлоғига бўлди. Бу ерда учинчи пири комил – умр бўйи гилкорлик қилиб, ҳалол меҳнат билан рўзғор тебратган, комилликка етишган, серкаромат зот Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг қабрлари зиёрат этилди.

Тўртинчи пиримиз Хожа Али Ромитаний, ўз илмларини тарғиб қилиш мақсадида Бухорони тарк этиб, Хорзмдан макон топганлар ва ўша жойда ислом динини тарғиб этиб, вафот этганлар. Шундай бўлишига қарамай, хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси шарафига Ромитан тумани Қўрғон қишлоғида гўзал зиёратгоҳ барпо этилган. Саёҳатчилар бу ерда ҳам зиёрат амалларини адо этишди.

Бухоро вилояти Ромитан туманининг Самос қишлоғи ўртасида яна бир тарихий мажмуанинг гувоҳи бўлдик. Бу ерда маънавий комиллик тимсолига айланган яна бир мўътабар зот — Муҳаммад Бобойи Самосийнинг қабри ва мақбараси бор. Халқ орасида ушбу авлиё бир гуруҳ муридлари билан Бухоро яқинидаги қишлоқдан ўтиб кетаётганда Баҳоуддин Нақшбанднинг дунёга келишини башорат қилгани ҳақидаги ривоятлар юради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ходимларидан иборат бир гуруҳ сайёҳатчилар Бухорога ташрифнинг иккинчи куни Когон туманида жойлашган олтинчи пир – Саййид Амир Кулол мақбарасига зиёратдан бошланди. Пири комилнинг миллий меъморлик анъаналари асосида барпо этилган мақбараси, масжиддаги ноёб усуллардан фойдаланиб яратилган устун ва равоқлар ўз жозибаси билан ҳар бир зиёратчининг эътиборини тортди, десак муболаға бўлмайди. Бу ердаги осойишталик, поклик, ободлик ҳар бир ташриф буюрувчининг қалбига кўчгандек бўлади гўё.

Еттинчи пиримиз Ҳазрат Баҳоуддин шарафига обод этилган гўша ҳам шу туманнинг Қасри Орифон қишлоғида жойлашган. Улуғ пир такомилига етказган тариқатнинг асоси бўлмиш “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин!” деган ҳикмат ҳар биримизнинг онгу шууримизда бўлмоғи лозим.

Зиёратчилар ушбу ислом оламида чуқур из қолдирган азиз-авлиёларимизнинг кўнгилни нафсу-ҳирсдан поклаш, ҳалол меҳнат қилиб умр кечириш, дину-диёнат, одоб-ахлоқ ҳақидаги ўгитларини чин дилдан тинглашди, уларнинг моҳиятини мушоҳада қилишди. Тадбир иштирокчилари ислом дини пешволари, алломалари, азиз-авлиёлари босган тупроқни, манзилларни зиёрат қилишиб кўнгилларида енгиллик ва таскинлик ҳис этиб қайтишди.

Шундан сўнг, саёҳатчилар шариф заминида тарих билан юзлашадилар. “Aрк” қалъаси – шаҳардаги энг қадимий ёдгорлик, Бухоро шаҳри ҳукмдорларининг саройи бўлган қўрғонни экскурсия қилишди. Кўп асрлик тарихи давомида бир неча бор қилинган вайроналардан омон қолган ушбу қўрғон ташриф буюрувчиларнинг тарих ҳақдаги билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Саёҳат давомида қўрғондаги Тахт хона, Жомеъ масжид, Aмирнинг Бош вазири ҳовлиси “Қушбеги-боло”, “Салом хона” саломлашиш ҳовлиси, “Саис-Хона” билан танишишди. Шунингдек, мажмуадан жой олган тарих,табиат, нумизматика ва эпиграфия экспозицияси, “Муқаддас китоб талқини”, “Бухоро воҳаси. Aнтик давр ва Ўрта асрлар” дея номланган археологик кўргазмалар, “Aрк”нинг ертўласидаги музейнинг омборхоналарини томоша қилишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|