“Ўзбекнефтгаз”: Хотин-қизлар масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 14 августдаги “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда туман (шаҳарлар)да хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан Хотин-қизлар масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.

Ушбу кенгашнинг асосий вазифаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги фаолият олиб бораётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва фаоллигини оширишдан иборат. Шунингдек, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ўз вақтида ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш юзасидан Жамият раҳбариятига ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига ҳамда ваколатли давлат органларига таклифлар киритиб боради.

Бундан ташқари кенгаш зиммасига Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш мақсадида доимий равишда семинарлар ўтказиб бориш ҳам юклатилди. Уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларни ҳар томонлама таҳлил қилиб, муаммоларни ҳал этишнинг энг мақбул йўлларини аниқлаш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказилишини ташкил этади.

Иқтидорли, фаол ва ташаббускор хотин-қизларни, Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳамда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаларини аёллар ва қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларни жамият ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишларига кенг жалб этиш чораларини кўради.

Куни кеча Хотин-қизлар масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг дастлабки йиғилиши ўтказилди. Йиғилиш кун тартибида биринчилардан бўлиб ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Кенгаш томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаментининг бош мутахассиси Лобар Абдужалилова Хотин-қизлар масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши раиси этиб сайланди. Кенгаш раисининг муовунлигига Ташкилий ривожлантириш ва персонални рағбатлантириш бўлими етакчи мутахассиси Гулондом Собирова, шунингдек кенгашнинг котиби этиб Бошқарув аппарати билан ишлаш департаментининг бош мутахассиси Наргиза Шамсидиноваларнинг номзодлари бир овоздан маъқулланди.

Бундан кейин “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги ҳар бир корхонада Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар ташкил этилади. Шу тариқа корхоналар кесимида хотин-қизлар муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Бу ҳақда ҳар ойнинг якунида Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси Персонални бошқариш департаменти билан биргаликда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисига ҳисобот бериб боради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|