“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида январь–май ойлари фаолияти якунлари ва биринчи ярим йилликнинг устувор вазифалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишдаги асосий масала табиий газ қазиб чиқарилиши ва углеводородлар захирасини ошириш бўйича қилинаётган ишлар бўлди.

Йиғилиш аввалида 2021 йилнинг январь–май ойлари давомида углеводородларни қазиб чиқариш бўйича қилинган ишлар танқидий таҳлил қилинди ва айрим бошқармалар томонидан белгиланган натижаларга эришилаётган бўлса-да, қўшимча режа топшириғи бажарилмай қолаётгани танқид қилинди.

Бошқарув раиси ўз нутқида табиий газ 13,9 млрд куб метрни ташкил этиб, баланс бўйича 100,5 % (ўсиш суръати – 100,6 %) бўлганлигини, қўшимча режа топшириғи эса 1,3 % кам бажарилганини таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида, газ конденсати 102,6 %га (ўсиш – 98,2 %), нефть 107,2 %га (ўсиш – 95,2 %) бажарилгани маълум қилинди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, ортда қолган даврда геологик-техник тадбирлар бўйича, яъни қудуқларни ишга тушириш 106 % (ўсиш – 158 %) (71 та қудуқ), қудуқларни мукаммал таъмирлаш 100,3 %га (ўсиш – 121,7 %) (297 та қудуқ) бўйича белгиланган кўрсаткичлар ортиғи билан бажарилди.

Бошқарув раисининг таъкидлашича, беш ойлик натижаларнинг бажарилаётгани ижобий ҳолат деб этироф этилса-да, аммо табиий газ ва конденсат қазиб чиқариш бошқармалар кесимида муаммолар мавжуд эканини кўрсатиб қўймоқда.

Жумладан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси 5 ой якунида газ қазиб чиқариш режа кўрсаткичи баланс бўйича 1,1 фоизга бажарилмади, қолоқликка йўл қўйилди. Қўшимча топшириқ эса 1,4 фоизга бажарилмади.

Бошқармадаги бурғилаб ишга туширилиши режалаштирилган “Зеварда” 317-сонли қудуқ, “Қорақум” 24-сонли қудуқ белгиланган вақтида ишга туширилмади. Шунингдек, нефть қазиб чиқариш ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ўсиш суръатлари таъминланмади.

Бошқарув раиси Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари Рустам Шеровга йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича алоҳида топшириқларни белгилаб берди.

Ушбу йиғилишда, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” (Аманов) ва “Ўзнефтгаз қудуқ таъмирлаш” (Қудратов) январь–май ойларида белгиланган муддатларда бурғилашдан якунланмаган “Қорақум” 24-қудуқ, капитал таъмирлашдан тугатилмаган қудуқларни июнь ойи билан тугатиш учун масъуллиги белгилаб қўйилди. Бурғилаш ишларини мувофиқлаштириш департаменти (Маматов), Конларни ишлатиш департаменти (Маллаев) барча ишларни назоратга олиши белгиланди.

Бошқарув раиси табиий газ қазиб чиқарилиши бўйича бошқармаларга барча имкониятлар, ишчи-ходимларнинг фаолият юришлари учун қулай шароит ва имкониятлар яратиб берилаётгани учун ҳам натижалар тўлиқ бажарилиши кераклигини айтиб ўтди.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги билан белгиланган кўрсаткичларни бажармаган масъул мансабдорлар лавозимидан озод этилиши, ўз навбатида, кўрсаткичларни бажарган ҳар бир бошқарма раҳбари ва ишчи-ходимлари мукофотланиши маълум қилинди.

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси (Жабборов) томонидан табиий газ, конденсат қазиб чиқариш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари бажарилган бўлсада, ўтган йилга нисбатан табиий газ ҳамда конденсат кам қазиб чиқарилган.

Қурилмалар модернизация қилинишига қарамасдан суюлтирилган газ ишлаб чиқариш камайган.

Бурғилаб ишга туширилиши режалаштирилган “Шўртан” 388-сонли, 335-сонли, “Тандирча” 66-сонли, 70-сонли, 61-сонли қудуқлар муддатидан кечиккан ва бурғилаш ишлари тугатилмаган.

Шу сабабли, табиий газ қазиб чиқариш ўсиш суръатлари қўшимча топшириқ ҳажми билан бирга биринчи ярим йиллик якунида ўсиш сурати 100 фоиз бажарилишини таъминлаш, Пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмаларини тўлиқ қувватларда ишлатиш орқали кунлик суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Видеоселектор йиғилишида, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси (Оринбоев) фаолияти кескин танқид қилинди. Бошқарма бошлиғи Олим Оринбоев огоҳлантирилди.

Бошқарма томонидан табиий газ ва конденсат қазиб чиқариш режалари бажарилди, лекин конденсат қазиб чиқаришда ўсиш суръати 99 фоизни ташкил этди.

“Шимолий Бердақ” конидаги 51-сонли қудуқдан таъмирлаш ишларидан кейин газ олинган бўлсада, шу кунгача жиҳозлаб ишга қўшилмади.

Устюрт ҳудудига жорий йил февраль ойидаги ташриф давомида берилган топшириқлар ижроси, яъни узунлиги 8,2 км, 17 км, 6,2 км бўлган тегишли газ қувурларини қурилиш-монтаж ишлари, огоҳлантиришга қарамасдан, бугунги кунгача ижроси таъминланмади. Шу сабабли, ҳудудда қазиб чиқариш суръатини янада ошириш имконияти чекланиб қолмоқда.

Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси (Оринбаев), “ЎзЛИТИнефтгаз” (Назаров), Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти (Раҳмонов) конлардаги қувурларни гидравлик қаршиликларидан келиб чиқиб, газ қувурларини барқарорлаштириш ҳамда қазиб чиқариш ҳажмларини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиши бўйича вазифалар белгиланди.

Яратиб берилаётган имкониятларга қарамай ишни тўғри ташкил этмаган тақдирда, биринчи ярим йилликда ҳам кўрсаткичлар бажарилмаса бошқарма раҳбари лавозимдан озод этилиши маълум қилинди.

Бошқарув раиси тизимда содир бўлаётган авариявий тўхталишлар бўйича алоҳида топшириқлар берди. Гарчи, тизимда авариявий тўхталишлар нисбатан камайган бўлса-да, тўлиқ бартараф этилмагани танқид қилинди.

Айнан авариявий тўхталишлар сабаб, табиий газ ва конденсат йўқотилаётгани қайд этилди. Шу сабабли, алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, қисқа муддатда уни амалга ошириш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилиш давомида, геология ишлари муҳокамаси ўтказилиб, юқори истиқболли бўлган 9 та янги майдонларни (“Мойқудуқ”, “Эл-Омон”, “Қоратош”, “Ободқишлоқ”, “Шарқий Аввал”, “Шарқий Арслон”, “Хўжаариқ”, “Култак” (т.ю), “Султонота”) тўлиқ тайёрлаб, иккинчи ярим йилликда геология-қидирув ишларини олиб бориш учун мазкур майдонларни Давлат геология қўмитасидан жамиятга тўғридан-тўғри олиш чоралари кўрилиши, шунингдек, мазкур майдонларда жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида 1 тадан излов қудуқларини бурғилаш кераклиги белгиланди.

Бошқарув раиси нефть базаларнинг фаолияти танқидларга қарамасдан ижобий томонга силжил бўлмаётганини таъкидлаб, ўз лавозимига масъулиятсизлик билан ёндошган ҳар бир раҳбарни лавозимдан озод этилишини маълум қилди.

Биргина Жиззах нефть базасидаги ҳолат таҳлил қилинганда, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, жами 35 млрд сўм дебитор қарздорлик вужудга келган, шундан 14 млрд сўми 2006–2020 йилларга тўғри келиши айтилди. Дебитор қарздорлиги мавжуд 239 та фермер хўжаликлари фаолияти тугатилганлиги сабабли, улардан қарздорликни ундирув масаласи бугунги кунга келиб жиддий муаммога айланган. Шунингдек, филиалларга қарашли ёнилғи тарқатиш шохобчаларида нефть маҳсулотлари камомади аниқланган.

Нефтни қайта ишлаш заводига тегишли бўлган қиймати 146 млрд сўмлик 19 минг тонна нефть маҳсулотларини белгиланган тартибда биржа савдолари орқали сотиб олинмасдан истеъмолчиларга юклаб юборилган.

Шу сабабли, нефть базага янги тайинланган директорга ўрганиш натижасида аниқланган камчиликлар, уларни бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларни инобатга олган ҳолда, жамиятнинг бош ҳисобчиси (Шодиев), нефть маҳсулотлари сифатини назорат қилиш етакчи мутахассиси (Алибеков), Иқтисодий таҳлил бўлими бошлиғи (Бобобеков) ва Ички истеъмолчиларга нефть маҳсулотларини сотиш бўлими бошлиғи (Тошбоев)ининг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Андижон нефть базаси бўйича жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига дебиторлик қарздорлик 170 та корхона ва ташкилотлар бўйича 24 млрд сўмни ташкил этди, шундан 8,7 млрд сўми 2006–2017 йилларда юзага келган “умидсиз” қарздорлик ҳисобланади.

Нефтни қайта ишлаш заводига тегишли бўлган қиймати 56 млрд сўмлик 7,7 минг тонна нефть маҳсулотларини белгиланган тартибда биржа савдолари орқали сотиб олинмасдан, истеъмолчиларга ноқонуний тарзда юклаб юборилган. 12 та фермерларга ёқилғи тарқатиш шоҳобчаларида қиймати 24 млн сўмлик 3,8 минг литр нефть маҳсулотлари камомади аниқланди. 108 нафар ходимларга 49 млн сўм иш хақи ва мукофот пуллари ортиқча ҳисоблаб тўланган.

Нефть маҳсулотларининг сақланиши, истеъмолчиларга етказиб берилиши, дебиторлик қарздорликларини ошишига йўл қўйиш ва бошқа кўплаб ноўрин харажатларга йўл қўйилганлиги учун нефть база директорининг биринчи ўринбосари – бош муҳандис, Маркетинг ва маҳсулот сотиш бўйича ўринбосари, Иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари, бош бухгалтер, Нефть маҳсулотларини сотиш бўлими бошлиғи, бухгалтерия бўлими етакчи мутахассиси, “Пойтуғ” филиали бошлиғи, иш хақи бухгалтери, Бош бухгалтер, Шаҳрихон филиали бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.

Бошқарув раиси томонидан, мазкур ўрганишларда аниқланган камчиликлардан қолган нефть база раҳбарлари тегишли хулоса чиқариши, иш тартиби ва интизомини қайта кўриб чиқиб, амалдаги меъёрий-хуқуқий ҳужжатларга риоя қилган ҳолда ишни ташкил этиши қатъий талаб қилиниши айтилди.

Ёз мавсумининг ўта иссиқ келганини инобатга олган ҳолда, Саноат ва экология хавфсизлиги департаменти (Рахматов)га тизим ташкилотлари раҳбарлари билан биргаликда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда, барча нефтгаз хомашёси ва маҳсулотларини қуйиш, тўкиш, сиғимлардан намуналарни олиш, миқдорларини ўлчаш ишлари куннинг иссиқ даврида амалга оширилиши қатъиян таъқиқланди, объектларда бажариладиган барча пайвандлаш, газ хавфи бор, ёнғин учун хавфли, баландликда олиб бориладиган ва бошқа мураккаб ишлар хавфсизлик йўриқномалари талабларига қатъий риоя қилинган тартибда амалга ошириш айтилди.

Шунингдек, ишлаб чиқариш объектларида ёнғин ўчириш бўйича қўшимча назорат машғулотлари ўтказилсин, объектларда тузилган авария ҳолатларини бартараф этиш режаси ва ўқитиш дастурлари асосида мунтазам равишда амалий машғулотлар олиб борилиши бўйича раҳбар ва муҳандис-техник ходимларнинг масъулияти кучайтирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|