“Ўзбекнефтгаз”: “Газпромбанк” билан ишончли ҳамкорлик давом этмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖда углеводородларни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, бу эса, ўз навбатида, мамлакат ресурс базасига ижобий таъсир кўрсатади, аҳоли ва саноатни энергия манбалари билан барқарор таъминлайди.

Жорий йилнинг 28 июнь куни “Газпромбанк” АЖ раҳбариятининг Тошкент шаҳрига ташрифи доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев “Газпромбанк” Бошқаруви раисининг ўринбосарлари А. А. Матвеев ва А. П. Белоус билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар доирасида қўшма лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, хусусан, нефть ва газ соҳасида углеводород қазиб олишни кўпайтириш, шунингдек, чуқур газ-кимё соҳасида инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, “Газпромбанк” АЖ нефть ва газ соҳасидаги кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда иштирок этадиган “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишончли ва тасдиқланган ҳамкоридир.

Томонларнинг кўп йиллик ҳамкорлиги давомида қисқа муддатда сезиларли натижаларга эришишга имкон берадиган самарали таъсир ўтказиш механизмлари шакллантирилди.

Пандемия шароитида юз берган глобал иқтисодий қийинчиликларга қарамай, банк “win-win” (“ғалаба қозон”) тамойилига мувофиқ бизнес юритишнинг энг юқори стандартларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Миллий операторининг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда.

Учрашув якунида томонлар кенг кўламли фаолият доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|