“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” қурилиш ишлари ҳолатини ўрганиш мақсадида “Uzbekneftegaz GTL” заводида бўлди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Uzbekneftegaz GTL” заводида олиб борилаётган инвестицион лойиҳа ҳолатини ўрганиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев қурилиш майдонида бўлди.

Ташриф давомида инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишларини якунлаш ҳолати, ташқи инфратузилма объектлари қурилишининг олиб борилиши, шунингдек, “Uzbekneftegaz GTL” корхонасининг ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларининг амалга оширилиш жараёнлари ўрганилди.

Бугунги кунга келиб, корхонанинг қурилиш майдонида асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишлари босқичма-босқич фаол суръатларда олиб борилмоқда.

Ушбу йирик лойиҳа ўзининг якуний босқичига етиб келди. Умумий ишлар кўламининг 96 фоиздан ортиғи бажарилди. Заводнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ободонлаштириш ишлари фаол суръатларда амалга оширилмоқда.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” заводнинг технологик ҳудудларида ишга тушириш олди ишлари ва қувур, ускуналарнинг синов ишлари жараёни билан батафсил танишиб чиқди.

Бундан ташқари, ҳозирда қурилиш майдонларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини яхшилаш, уларга керакли шароитларни мунтазам яратиб бериш бўйича топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳанинг бош пудратчилари – Кореянинг “Hyundai Engineering”, “Hyundai Engineering&Construction” ҳамда “Enter Engineering» (Сингапур) консорциуми томонидан заводда ускуналарни ишга тушириш ишлари фаол суръатларда олиб борилмоқда.

Ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажаришда ҳозирги кунда 500 донадан зиёд техника жалб этилган бўлиб, қурилиш майдонида 9 мингдан ортиқ киши меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.

Шунингдек, заводнинг маъмурий биноси қурилиш ишларининг бориши ўрганилди ва бу ерда ишчи-ходимларнинг ишлашлари учун замонавий технологиялар ўрнатилиши ва шунга қараб қурилишни давом эттирилиши кераклиги таъкидланди.

Ўз навбатида, ишга тушириш-созлаш ишлари давом этаётган ишларни якунлаш бўйича масъуллар ва “Uzbekneftegaz GTL” раҳбари Фаҳриддин Абдурасуловга кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, “Uzbekneftegaz GTL” заводи 2021 йилнинг учинчи чорагидан бошлаб юқори сифатли синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариши, импорт ўрнини босиш мақсадида, Республикамизнинг ички бозорига ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ташқи бозорларга етказиб беришни бошлаши кўзда тутилган.

Завод ишга тушиши билан, бошқа маҳсулотлар қаторида синтетик керосин маҳсулоти ишлаб чиқарилиши бошланади. Ҳозирги кунда ушбу ёқилғи нефть хомашёси негизида олинган “Жет А-1” авиакеросини билан 50 фоизгача бўлган пропорциядаги аралашмаси фуқаролик авиациясида қўлланилишига рухсат берилган.

“Uzbekneftegaz GTL” заводи ишга тушгач, йилига 3,6 миллиард куб метр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нефть, кимё соҳаси учун хомашё бўлган нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилишига эришилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|