“Ўзбекнефтгаз”: Мурожаатлар қамровини кенгайтириш мақсадида расмий веб-сайтда “Онлайн-маслаҳатчи” модули фаолияти жорий этилди

Бош саҳифа Русский

Жамиятга жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар Бошқарув раисининг қатъий назоратига олинган Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 23-,34-,35- моддаларига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖга жорий йилнинг январь-июль ойлари давомида келиб тушган мурожаатлар Бошқарув аппарати билан ишлаш департаменти томонидан таҳлил қилинди ва бу бўйича Бошқарув раисига ҳисобот берилди.

Таҳлилларга кўра, жисмоний ва юридик шахслардан жами 1 188 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, барчаси ўрнатилган тартибда тааллуқлилиги бўйича Бошқарув раисининг ўринбосарлари, департамент ва бўлим бошлиқлари, жамият тизимидаги ташкилотлар раҳбарларига ижро учун етказилди ҳамда мурожаатлар ижроси учун масъул этиб белгиланган мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқилиши таъминланди.

Ҳисобот даврида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув марказий аппаратига жами 1 188 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан, 355 таси (30%) юридик шахслар ва 833 таси (70%) жисмоний шахслардан келиб тушган.

Шулардан:
• 619 таси (52%) электрон;
• 363 таси (31%) ёзма;
• 206 таси (17%) оғзаки мурожаатлар ҳисобланади.

Мурожаатларда кўтарилган масалалар таҳлилига кўра, уларнинг 415 таси (35%) ишга кириш, 157 таси (13%) меҳнат муносабатлари, 97 таси (8%) иш ҳақи ва моддий ёрдам кўрсатиш, 51 таси (4%) раҳбарларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари, 69 таси (6 %) ёқилғи, қолган 399 таси (31 %) бошқа масалаларни ташкил этди.

Мурожаатларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, асосан энг кўпи Қашқадарё 598 та (50%), Бухоро 199 та (17%), Жиззах 43 та (4%), Фарғона 41 та (3%), Сурхондарё 27 та (2 %) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида
130 та (11%) яшовчи фуқаролардан келиб тушган.

Мурожаатларнинг аксарият қисми жамиятнинг марказий аппаратида ҳал этилган. Назоратга олиб кўриб чиқилган жами 1 188 та мурожаатлардан, 68 таси қаноатлантирилган, 1 053 таси бўйича тушунтиришлар берилган, 7 таси рад этилган, 60 таси иш жараёнида.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналаридан жами 643 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улардан 622 таси ижроси таъминланди, 21 таси кўриб чиқилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонаси сайти орқали жами 20 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, барчасини ижроси таъминланган.

Ҳисобот даврида жамиятнинг “ишонч телефони”га жами 1 344 та жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 1 258 таси бўйича мутахассислар томонидан тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 139 та мурожаатлар ўрганиш талаб қилинганлиги сабабли ижрога қаратилди. Шундан 3 таси қаноатлантирилди, 30 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 106 таси кўриб чиқиш учун бошқа ташкилотларга тегишлилиги бўйича юборилди.

“Ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатлар мазмуни таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти, яъни 51 таси иш билан таъминлаш, 19 таси меҳнат муносабатлари, 6 таси иш ҳақи, 3 таси моддий ёрдам ва нафақа масалалари, 2 таси раҳбариятнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ва 58 таси турли масалаларни ташкил этмоқда.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятига оид мурожаатлар қамровини кенгайтириш мақсадида, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимида жамиятнинг расмий веб сайтида “Онлайн-маслаҳатчи” модули фаолияти жорий этилди.

Бу борадаги ишлар Бошқарув аппарати билан ишлаш департаменти томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, ҳар ой якуни билан амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот раҳбариятга тақдим этиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|