July 23, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Бухорода жойлашган “Андақли” конидаги яна бир қудуқдан саноат миқёсидаги табиий газ олишга эришилди (Видео)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 ноябрдаги ПҚ-4522 сонли “Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти бўйича белгиланган геология-қидирув ишлари ҳам жадал равишда олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида амалга оширилаётган геология-қидирув ишлари доирасида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган “Андақли” конидаги 7-сонли қидирув қудуғи 2589 метр чуқурликкача муваффақиятли бурғиланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Геология департаменти ҳамда жойлардаги мутахассислар ҳамкорлигида геологик ва кон-геофизик маълумотларни мукаммал таҳлил қилиш натижасида, ушбу қудуқда бир қанча нефть ва газга истиқболли қатламлар мавжудлиги аниқланди.

Аниқланган қатламларни махсулдорликка синаш ишлари натижасида саноат миқёсидаги углеводород оқимлари олиниб, бирламчи маълумотларга кўра қудуқдаги табиий газнинг ўртача кунлик дебити 150-200 минг куб метрни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда қудуқнинг ишлаш параметрларини баҳолаш ҳамда коннинг қатлам хусусиятларини аниқлаш мақсадида қўшимча тадқиқот ва синов ишлари олиб борилмоқда.

“Андақли” 7-сонли қудуғидан олинган геологик, геофизик ва бурғилаш маълумотларнинг комплекс таҳлили асосида унинг рақамли геологик моделини қайта кўриб чиқиш ва унинг чуқур ер ости геологик тузилишини мукаммал ўрганиш бўйича ишлар ташкиллаштирилди.

Шу билан бирга, 2018 йилда очилган ушбу “Андақли” кони ҳудудида бошланган геология-қидирув ишларини давом эттириш, мавжуд захиралар миқдорини аниқлаш ҳамда уларни самарали ўзлаштиришни ташкил этиш мақсадида кейинги қидирув қудуғини бурғилаш жойи аниқланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республика углеводород хомашё захираларини ўстиришни таъминлаш мақсадида, “Андақли” конидаги янги қидирув қудуғини 2021 йил якунига қадар бурғилаш ва синаш ҳамда табиий газ оқимларини олиш орқали ишга тушириш мақсад қилинган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республиканинг истиқболли майдонларида углеводород захираларини ўстириш ва янги нефть ва газ конларини очишга қаратилган геология-қидирув ишларини амалга ошириш давом эттирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|