“Ўзбекнефтгаз”: Reuters халқаро ахборот агентлиги “GTL” заводи ҳақида мақола эълон қилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги “Шўртан газ-кимё комплексининг тозаланган метан негизида суюқ синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 135 гектардан зиёд майдонида “Uzbekistan GTL” заводи барпо этила бошланган эди.

Дунёдаги энг йирик халқаро ва молиявий ахборот агентликларидан бири бўлган Reuters агентлиги “Ўзбекнефтгаз” АЖ маълумотлари асосида “Uzbekneftegaz GTL” заводини қуриш бўйича амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаси ҳақида мақола эълон қилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган “Uzbekneftegaz GTL” заводи Марказий Осиёда энг йирик ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа мақсади – табиий газни қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришни давом этиш, углеводород хомашёси импортини қисқартириш, ички бозорда сифатли ва экологик тоза бўлган ёқилғига мавжуд бўлган талабни қониқтириш, республикамизда мавжуд бўлган ер ости бойликларидан унумли фойдаланиш ва стратегик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш.

“GTL”да илк кунларданоқ бунёдкорлик ишлари шиддат билан бошланди. Ҳатто 2020 йилдаги пандемия даврида ҳам бунёдкорлик ишлари тўхтамади. Айни дамда лойиҳалаштириш ишлари тўлиқ якунланган бўлиб, қурилиш-монтаж ишларига 8 000га яқин ишчи ва муҳандислар, 522 та махсус техника жалб қилинди.

Лойиҳанинг бош пудратчилари – Кореянинг “Hyundai Engineering”, “Hyundai Engineering&Construction” ҳамда “Enter Engineering» (Сингапур) консорциуми томонидан заводда ускуналарни ишга тушириш ишлари фаол суръатлар билан олиб борилмоқда.

Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишларини якунлаш ҳолати, ташқи инфратузилма объектлари қурилишининг олиб борилиши, шунингдек, “Uzbekneftegaz GTL” корхонасининг ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларининг амалга оширилиш жараёнлари мунтазам ўрганилиб келинмоқда.

Корхонанинг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқилган. Олтита таянч олийгоҳ – Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти, И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг мамлакатимиздаги филиали, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт ва Бухоро муҳандислик-технология институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ёш кадрлар амалиётга жалб қилиниб, хорижлик мутахассислардан соҳа сирларини ўрганмоқда. Шунингдек, усуналарни ишлатиш бўйича, ўқув-тренинглар ташкил этилмоқда.

“Uzbekneftegaz GTL” заводи 100 дан ортиқ замонавий юқори технологияли ускуналар ўрнатилган лабораторияга эга. Лабораторияда кунига жами 4 000 гача таҳлил бажариш мумкин.

Завод ҳудудида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам қизғин амалга оширилмоқда. Завод қурилиши якунланиши жорий йилнинг декабрь ойида белгиланган.

Лойиҳанинг иқтисодий таҳлилига кўра, завод ишга туширилиши билан йилига 3,6 миллиард куб метр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нефть, кимё соҳаси учун хомашё бўлган нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Шунингдек, 1321 та янги иш ўринлари яратилади.

Дизель ёқилғиси ҳақли равишда саноатда асосий ўринлардан бирини эгаллайди ва “Uzbekneftegaz GTL” заводи томонидан ишлаб чиқарилган синтетик дизель ёқилғиси ҳам бундан мустасно эмас. “GTL” ёқилғисининг таркибида олтингугурт миқдори деярли йўқлиги чиқинди газларга илғор ишлов бериш технологиясидан фойдаланганда бошқа ёқилғилардан афзаллиги билан ажралиб туради.

Шуни таъкидлаш керакки, бу ёқилғининг биологик парчаланиш жараёни жуда осон кечади ва ундан экологик жиҳатдан заиф бўлган худудларда фойдаланиш жуда фойдали.

“GTL” заводида ишлаб чиқариладиган авиакеросин маҳаллий ва халқаро авиақатновлар эҳтиёжи учун ҳам етказиб берилади. Бу борада “Uzbekistan Airways” АЖ, “Uzbekistan Airports” АЖ ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлиги масъул ходимлари билан музокаралар ўтказилди.

Мазкур маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши Ўзбекистон Республикасининг ёқилғи мустақиллигини мустаҳкамлайди ва ички бозорни юқори сифатли маҳсулотлар билан таъминлайди, импортни камайтиради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|