“Ўзбекнефтгаз”: Ўрганишлар натижасида омборларда ноликвид ҳамда фойдаланилмасдан яроқсиз ҳолга келган товар-моддий бойликлар аниқланди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Мехриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан Жамиятнинг Молиявий ва комплаенс назорат, Харидлар, Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаментлари ва бошқа тегишли департаментлар, бўлимлар, завод ва бошқармаларнинг масъул ходимлари иштирокида омборларидаги мавжуд товар-моддий бойликлар ноликвид (талаб мавжуд бўлмаган) ҳамда фойдаланилмасидан яроқсиз ҳолга келиб улгурган товар-моддий бойликлар бўйича гуруҳларга ажратган ҳолда ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар натижасида Жамият тизимидаги корхона ва ташкилотлар томонидан аввалги йилларда харид қилиниб, бугунги кунга қадар ишлатилмасдан келинаётган 22,1 млрд сўмлик ноликвид товар-моддий бойликларнинг (ТМБ) мавжудлиги аниқланди.

Мазкур ноликвид ТМБларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда:

– товар-моддий бойликларни эҳтиёждан кўра кўп ёки техник топшириққа номувофиқ харид қилинганлиги;
– технологияларни модернизация қилиниши натижасида товар-моддий бойликларни маънан эскирганлиги;
– корхоналар қўшиб юборилиши натижасида ТМБларнинг балансга қабул қилинганлиги;
– дебитор қарзи мавжуд контрагентларнинг қарзлари ҳисобидан суд ундирувида контрагентнинг мол-мулкини қабул қилиниши каби ҳолатлар натижасида юзага келганлиги қайд этилди.

Мисол учун, айрим ҳолатларда ТМБлар харид қилинган технологияга илова қилинадиган эҳтиёт қисмларини (ЗИП) керагидан ортиқча миқдорда олиб келиниши натижасида юзага келган. Жумладан, 2002 йилда “COOPER” LTO-550 мобил бурғилаш ускунаси ва “KEENWORT” махсус техникалари билан биргаликда жами 43 турдаги умумий суммаси 2,6 млрд сўмлик “ЗИП” сифатида қўшимча ТМБлар олиб келинган.

Бугунги кунда бу ўлчовдаги ва тавсифдаги бурғилаш жиҳозлари капитал таъмирлаш ишларида мос келмаслиги сабабли бошқарма иш фаолиятида уларга талаб мавжуд эмас.

Шунингдек, 2011 йилда жами 600 тонна “СаА-У” туридаги цеолит сотиб олиниб, саноат миқёсида ишлатилиши бошланган. Бироқ, етказиб берилган цеолит газни олтингугуртдан тозалаш бўйича талабни бажармаганлиги натижасида корхона марказий омборида 218 тонна 2,15 млрд сўмлик “СаА-У” туридаги цеолит ноликвид ТМБ сифатида сақланиб келинмоқда.

Яна бир мисол сифатида Ғишт цехи барпо этиш учун 2018 йилда жами 933,7 млн сўмлик 1 дона “Вакумное оборудование по производству кирпича JKR4” сотиб олинган ва корхонанинг юридик мақоми тугатилганлиги сабабли қурилиш тўхтатилиб, мазкур ускуна ноликвид бўлиб қолган.

Таъкидлаш жоизки, ўрганишлар давомида “Ишчи гуруҳ” томонидан бошқарма ва заводларда товар-моддий қимматликларни сақлаш бўйича зарур шарт-шароитлар (омборлар очиқ шароитда ташкил этилган, ёғин-сочин ёки қуёшдан ҳимояланмаган холда ва ҳоказо) яратилмаганлиги, бу эса, ўз навбатида уларнинг сифат кўрсаткичларини бузилишига сабаб бўлиши мумкинлиги юзасидан қатъий эътирозлар билдирилди.

Юқоридаги каби Жамият тизимида ноликвид ТМБлар мавжудлиги жамиятнинг молиявий ва ишлаб чиқариш фаолиятига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқариш фаолиятида талаб мавжуд бўлмаган ноликвид ТМБларни, ўрнатилган тартибда сотувга чиқариш, зарур бўлган ТМБларни қайта тақсимлаш чораларини кўриш, ўрганиш жараёнида аниқланган хато ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича Бошқарув раиси томонидан тегишли масъул бўлинмаларга топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|