“Ўзбекнефтгаз”: Энергетика вазири ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан углеводород конларини рақамли-моделлаштириш жараёнларининг ҳолати ўрганилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятига рақамли технологияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, углеводород хомашёси қазиб олинаётган конларнинг рақамли-геологик ҳамда гидродинамик моделларини яратиш ва бу орқали қазиб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати ўрганилди.

“Ишчи гуруҳ” аъзоларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан дастлаб такомиллаштирилган ҳолда янгидан ташкил этилган “Ўзбекнефтгаз” АЖ диспетчерлик хизматининг фаолияти намойиш этилди.

Углеводород конларидан хомашё қазиб чиқариш, уларни тақсимлаш, транспортировка қилиш ҳамда завод ва бошқа технологик қурилмаларда қайта ишлаш жараёнлари устидан мониторинг олиб бориш ва ушбу жараёнларнинг барчасини боқичма-босқич автоматлаштириш бўйича бажарилган ишлар ва уларнинг натижалари тақдим этилди.

Соҳа мутахассисларига ушбу ишларни жадаллаштириш ҳамда барча жараёнлар қамровини тезлаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Шу билан бирга, республика нефть ва газ саноатида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, соҳани рақамлаштириш борасида яратилган имкониятлар кўздан кечирилди.

Айниқса кон-геология соҳасини ривожлантириш, нефть ва газ конларини рақамлаштириш ва геологик жиҳатдан моделлаштириш мақсадида ташкил этилган марказ фаолияти батафсил муҳокама қилинди.

Бу борада “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан рақамли-моделлаштириш маркази ташкил этилган бўлиб, ушбу марказ жаҳондаги илғор дастурий таъминотлар, серверлар ва компюьтерлар билан тўлиқ таъминланган ҳамда маҳаллий етук кадрлардан иборат ёш мутахассислар жамоаси шакллантирилган.

Моделлаштириш маркази мутахассислари томонидан қисқа вақт мобайнида 100 дан ортиқ углеводород конларининг рақамли-геологик, 20 га яқин коннинг рақамли-гидродинамик моделлари соҳанинг сўнгги талабларига мос равишда яратилган ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Соҳа мутахассисларига ушбу ишларни амалга оширишда углеводород хомашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш ва бу орқали Республика аҳолиси ва иқтисодиёти тармоқларини энергия ресурслари билан таъминлашга хизмат қилиш асосий мақсад сифатида қаралиши ва бу борада барча имкониятларни ишга солиш зарурлиги таъкидланди.

Тақдимотда Бухоро-Хива регионидаги “Шўртан”, “Жанубий Тандирча” ҳамда Устюрт регионидаги “Қуйи Сургил” конлари мисолида “Petrel”, “PIPESIM”, “Techlog” ва “Eclipse” каби бир қатор дастурлар ёрдамида конларнинг чуқур ер ости ва ер усти қисмларини моделлаштириш барча маълумотларнинг комплекс таҳлилларини амалга ошириш, шунингдек, қазиб чиқаришни қўпайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш жараёнлари тақдим этилди.

Шунингдек, конларда ишлатиш қудуқларини бурғилаш жараёнларини масофадан туриб онлайн тарзда назорат қилиш, олинган маълумотларни тезкор таҳлил қилиш ва ишларнинг келгуси йўналишларини тезкор белгилаш бўйича ташкил этилган ишлар ўрганилди.

Энергетика вазири Алишер Султонов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев марказ мутахассисларига ушбу яратилган қулай шароитлардан унумли фойдаланиш, янги йўналишларни ўзлаштириш ва бу борада соҳанинг барча етук мутахассислари билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиш борасида таклифлар беришди.

Шунингдек, ушбу ишларни доимий равишда такомиллаштириб бориш ва олинган натижаларни ишлаб чиқариш жараёнларига самарали тадбиқ этиш борасида илғор компаниялар тажрибасидан унумли фойдаланиш кераклигини ҳамда рақамлаштириш ишларининг барчаси тўлиқ қўллаб қувватланишини билдирдилар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|