“Ўзбекнефтгаз”: 2020 йилнинг 9 ойи мобайнида 23 та излов-қидирув қудуқларида қурилиш ишлари тўлиқ тугатилди ва 8 та конда разведка ишлари якунланди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 265-сонли қарори билан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти олдига 2020–2025 йиллар мобайнида 39 та конда разведка ишларини якунлаш ва 51 та майдоннинг нефть-газлилик истиқболини баҳолаш орқали 122,0 млрд куб метр ҳажмда табиий газ ва 5,1 млн тонна ҳажмда нефть ва конденсат захирасини ўстириш топшириғи қўйилган.

Мазкур топшириқни бажариш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2020 йилга мўлжалланган геология-қидирув ишлари Дастури ишлаб чиқилди.

Дастур доирасида 2020 йилнинг январь–сентябрь ойи мобайнида республиканинг Устюрт, Бухоро-Хива, Фарғона ва Марказий Қизилқум регионларида жойлашган кон ва истиқболли майдонларда излов-қидирув ишлари олиб борилди.

Натижада, 8 та конда разведка ишлари якунланди (Чаккақум-Шимолий Сузма, Муродтепа-Отамурод, Ёрқин, Ином, Марварид, Дўлтатепа, Учтепа, Арслон). Шунингдек, 4 та янги майдонда газ уюмлари аниқланди ва нефть-газга истиқболли деб топилди (Ўртақум, Жанубий Оққум, Ўртабулоқ (тер. юра), Шимолий Урга).

23 та излов-қидирув қудуқларида қурилиш ишлари тўлиқ тугатилди (режага нисбатан 100%). Шундан синаш ишлари жараёнида 11 та излов-қидирув қудуқларидан жами кунлик 1400 минг метр куб ҳажмда табиий газ ва 21,7 метр куб ҳажмда конденсат оқимлари олинди (Жанубий Кулбешкак-3, Шорқум-2, Ўртабулоқ-1, Шимолий Урга, Урга-2, Тўмарис-5, Андакли-3, Ўртақум-1, Шортак-2, Жанубий Оққум-1, Жанубий Кулбешкак-4, Ёрмоқ-4).

“Газли” ва “Учқир” конлари ҳудудида 565 кв км ҳажмда 3Д сейсмик қидирув ишлари бажарилди (100%). 62 632 погон метр ҳажмда излов-қидирув ва параметрик бурғилаш ишлари бажарилди (11,8%). 4 та янги майдон излов бурғилашга жорий қилинди (100%).

Олиб борилган геология-қидирув ишлари натижасида 2 та янги газ конденсати кони очилди (Ўртақум, Жанубий Оққум) ва битта конда янги газ уюми аниқланди (Ўртабулоқ (тер. юра)) ҳамда 13,0 млрд куб метр ҳажмда табиий газ (100%) ва 552 минг тонна ҳажмда конденсат (123%) захиралари ўстирилди.

Жорий йилнинг якунига қадар Газли регионида 185 кв км ҳажмда 3Д сейсмик қидирув ишлари бажарилади. 12 та қудуқдан геологик натижа олиш, 7368 погон метр ҳажмда излов-қидирув бурғилаш ишларини бажариш режалаштирилган.

Бунинг натижасида Қуйи Шарқий Бердақ, Ғарбий Қуйи Сургил, Шагирлик, Сулаймонтепа, Телегри каби бир қатор янги майдонларнинг нефть-газлилик истиқболи аниқланади. Янги нефть ва газ конларини очиш ҳамда 7,0 млрд. куб метр ҳажмда табиий газ ва 70 минг тонна ҳажмда конденсат захираси ўстирилишига эришилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|