“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2020 йилнинг 11 ойлик вазифалар муҳокамасига оид танқидий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тизимдаги корхоналар, заводлар, нефть базалари ва кон раҳбарлари иштирокида видеоселектор бўлиб ўтди.

Бошқарув раиси муҳокамаларга ўтишдан аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш масалалари танқидий кўриб чиқилганлигини айтиб, хусусан, “Ўзбекнефтгаз” ва илмий муассасалар билан биргаликда тасдиқланган “Йўл хариталари” ижроси назорати қониқарсиз аҳволдалиги, ишлар ўзбўларчилик ҳолига ташлаб қўйилганини таъкидлади.

Бизнесни истиқболли ривожлантириш департаменти ва Инновацион ривожланиш бўлими раҳбарларига “Йўл харитаси” ижросини танқидий қайта кўриб чиқиб, бажарилмаган бандлар ижросини таъминлаш ҳамда ҳар ойда муҳокама этиб борилиши бўйича топшириқлар берилди.

Бошқарув раиси “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги барча раҳбар ходимлар халқнинг хизматкори эканини унутмаслик кераклигини айтиб, афсуски айрим раҳбарлар буни унутиб қўяётганлигини танқид қилди.

Шунингдек, ушбу видеоселектор йиғилиши нафақат ўтган 11 ой давомида қилинган ишлар муҳокамасига бағишланиши, балки шу давр мобайнида раҳбар ходимларнинг виждонан нима вазифаларни бажарганига эътибор қаратилиши эслатиб ўтилди.

2020 йил учун белгиланган режаларнинг 11 ойдаги ижроси тўла таъминланмагани ва бундай жойлардаги раҳбарларнинг бепарволиги, ўз вазифасини сидқидилдан бажармагани сабаб экани, йил охирига қадар қолоқликка йўл қўйган раҳбарлар виждонан, ўзлари англаган ҳолда лавозимини бўшатиб қўйиши кераклиги маълум қилинди.

Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ш.Алиризаев, ўринбосарлар – Қ.Тўхтаев, А.Мустафаев, У.Ашуров, М.Темиров табиий газ қазиб чиқаришни 2020 йил якуни билан камида 33,6 млрд куб метрга бажарилишига, ўтган 2019 йилдаги ҳажмга (33,5 млрд куб метр) нисбатан ўсиш суръатини 100,3 фоизга таъминлашга шахсан жавобгар этиб белгиланди.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ департамент бошлиқлари, нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, “Ўзнефтгаз қудуқ таъмирлаш”, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари”, “ЎзЛИТИнефтгаз” корхоналари ҳам бу жараёнда алоҳида масъулиятга эга экани ва улар қолоқлик бўйича жавобгар эканликлари эслатиб ўтилди.

Бошқарув раиси томонидан суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳолати ҳам кескин танқид қилинди ва бу борада камчиликларга йўл қўйиб бўлмаслиги, қиш фаслининг кутилганидан эртароқ бошлангани ҳисобига аҳоли эҳтиёжи кескин ошганини инобатга олиб, тасдиқланган графикка асосан “Ҳудудгазтаъминот”га декабрь ойида 60 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши кераклиги бўйича алоҳида топшириқ берилди.

Видеоселекторда танқид қилинган асосий масалалардан яна бири – автобензин бўйича мавжуд захиралар яратилишида сусткашликка йўл қўйилгани бўлди. Бир неча бор, нефть базалари ва “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи сиғимларида захира яратиш чораларини кўриш бўйича топшириқ берилганига қарамай, бугунги кунда етарлича автобензин захираси мавжуд эмас.

Кунлик автобензин ишлаб чиқариш 2,5 минг тоннани ташкил этишига қарамасдан, нефть базаларидаги мавжуд қолдиқлар кундан-кунга камайиб бораётгани айтилди. Ўз навбатида таъкидлаш керакки, декабрь ойида республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини автобензинга бўлган талаби кескин ошиб, кунлик ўртача 4,1 минг тоннани ташкил этмоқда.

Ушбу видеоселектор йиғилишида соҳага оид бўлмаган, бўш турган 84 та объектларни Давлат активларини бошқариш агентлигига ҳамда 18 та объектларни маҳаллий ижро этувчи ҳокимликларга топшириш ишларини 2020 йил охирига қадар якунлаш вазифалари белгилаб берилди.

Йиғилиш сўнггида, Республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини узлуксиз табиий ва суюлтирилган газ, нефть маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида, йил якунига қадар барча бошқарув бўғинларида ва ишлаб чиқариш объектларида тўлиқ сафарбарлик эълон қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|