December 16, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Нефть ва газ маҳсулотларининг экспорт режаси муддатидан олдин ортиғи билан бажарилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 3 ва 9 август кунлари ўтказилган йиғилишларда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига устивор вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан Тижорат департаменти томонидан чора-тадбирлар ва “Йўл хариталар”и ишлаб чиқилди.

Хусусан, 2021 йил январь-ноябрь ойларида жами 415,2 млн долларлик миқдорда экспорт амалга оширилган бўлиб, белгиланган прогноз кўрсаткичлари 108,8 фоизга бажарилган ёки 2020 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш сурати 131,8 фоизни ташкил этди.

Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши натижасида, 2021 йил учун белгиланган 423,6 млн доллар прогноз кўрсаткичлари жорий йилнинг 12 декабрида 100 фоизга бажарилди. Шунга қарамасдан, йил якунига қадар қўшимча яна 23,9 млн доллар миқдорида экспорт амалга оширилиши ва экспорт ҳажмини 447,5 млн долларга етказган ҳолда прогнозни 105,6 фоизга, ўсиш суратини 124,2 фоизга таъминланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, маҳсулотларни ички бозорга сотишда 2021 йил январь-ноябрь ойларида суюлтирилган газ маҳсулоти 584,1 минг тонна (448,0 млрд.сўм) ёки режага нисбатан 100,2 фоиз ҳажмида амалга оширилиб, жорий йил якуни билан суюлтирилган газ маҳсулоти реализацияси 640,1 минг тонна ёки режага нисбатан 100,5 фоиз (ўсиш сурати 105,6 %)ни ташкил этди.

Бундан ташқари, 2021 йил январь-ноябрь ойларида олтингугурт маҳсулоти 270,5 минг тонна ёки режага нисбатан 132,4 фоиз ҳажмда амалга оширилиб, жорий йил якуни билан олтингугурт маҳсулоти реализацияси 290,9 минг тонна ёки режага нисбатан 139,2 фоизга бажарилиши кутилмоқда (ўсиш сурати 191,2%ни ташкил этади).

Саноат йўналишида қўшма ва хорижий корхоналарга кўрсатилаётган хизматлар бўйича кўрсаткичлар 2021 йил январь-ноябрь ҳолатига жами 1 012,5 млрд. сўмга ёки реажага нисбатан 112,9 фоизга таъминланган, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш сурати 120,8 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, ушбу кўрсаткични жорий йил якуни билан 1 080,0 млрд сўмга ёки 110,3 фоизга етказилиши кутилмоқда, ўсиш суратини 124,2 фоизга таъминланиши кутилмоқда.

Жорий йилда Россия, Туркия, Хитой, Қозоғистон, Украина, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Грузия, БАА, Озарбайжон, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Нидерландия, Чехия, Швейцария, Италия, Латвия, Литва, Венгрия, Чехия, Корея, Гонконг, Миср, Марокаш каби жами 36 тадан ортиқ давлатларга нефт ва газ маҳсулотларининг экспорти йўлга қўйилди. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 21 та мамлакатга кўпдир.

Шу ўринда, Афғонистон билан ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва экспорт ҳажмини кенгайтириш мақсадида, Сурхондарё вилоятида “Ўзбекнефтгаз” АЖ савдо ваколатхонасининг очилиши ҳам экспорт ҳажмини оширишда самарали хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|