“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида тўққиз ойлик фаолият якунлари ҳамда сўнгги чоракдаги режалар ижроси юзасидан йиғилиши ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида 2021 йилнинг ортда қолган ойи давомида бажарилган ишлар сарҳисоби ҳамда сўнгги чоракда амалга ошириладиган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Бошқарув раиси йиғилиш аввалида мамлакатимизда айни пайтда муҳим сиёсий жараён кечаётгани, яъни Президентлик сайловлари ўтказилаётгани борасида таъкидлаб барча ишчи-ходимларни фаол бўлишга чақирди.

Шундан сўнг, Давлат раҳбари раислигида жорий йилнинг 3 ва 9 август кунлари ўтказилган йиғилишларда “Ўзбекнефтгаз” АЖга республика истеъмолчиларига табиий газ, суюлтирилган газ ва нефть маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш орқали янги углеводород захираларини аниқлаш бўйича берилган топшириқлар ва мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, Бош вазир томонидан “Ўзбекнефтгаз” фаолияти самарадорлигини янада оширишга доир 2021 йил август-декабрь ойларида амалга ошириладиган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангани айтиб ўтилди.

“Йўл харитаси”да 2021 йил якунида табиий газ қазиб чиқаришни 34,1 млрд куб метрга (ўсиш суръатини 103 фоизга), суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни 643,3 минг тоннага (ўсиш суръатини 105,5 фоизга) таъминлаш, харидлар тизимида шаффофликни таъминлаш, тармоқ фаолиятини рақамлаштириш, жамиятни трансформация қилиш ва молиявий соғломлаштириш масалалари устувор этиб белгиланди.

Ҳукумат раҳбарияти томонидан “Ўзбекнефтгаз” учун барча шароитлар яратиб берилганини таъкидлаб, Бошқарув раиси ҳар бир кўрсаткич учун раис ўринбосарлари, департамент ва мустақил бўлим бошлиқлари, ҳар бир корхона раҳбарининг жавобгар эканлигини билдирди.

Йиғилишда 25,3 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқариб, прогноз 100,0%га, ўсиш суръати 102,3%га бажарилган бўлса-да, айрим корхоналар раҳбарларининг масъулиятсизлиги ҳам маълум қилинди. Эришилган натижалар ҳамда белгиланган вазифаларнинг бажарилмагани борасида бошқармалар ва заводлар кесимида муҳокама ўтказилди.

Ўтган тўққиз ой мобайнида газ конденсати 103,1%га (ўсиш – 101,2%) (1 059,9 минг тн), нефть 107,0%га (ўсиш – 93,4%) (88,1 минг тонна) бажарилди.

Тўртинчи чорада табиий газ қазиб чиқариш бўйича 34,1 млрд (ўсиш суръати – 103%) шундан 4-чи чоракда 8,8 млрд куб метрга таъминлаш бўйича топшириқлар берилди ҳамда ҳар бир бошқармага қазиб чиқариш бўйича режа белгиланди.

- Муборак бошқармаси (Р. Шеров) 16,6 млрд куб метр (ўсиш – 100,3%), шундан 4- чоракда 4,2 млрд куб метр;

- Шўртан бошқармаси (Ш. Жабборов) 9,0 млрд куб метр (ўсиш – 100,3%), шундан 4-чоракда 2,3 млрд куб метр;

- Газли бошқармаси (Х. Назиров) 4,6 млрд куб метр (ўсиш – 107,2%), шундан 4-чоракда 1,2 млрд куб метр;

- Устюрт бошқармаси (О. Оринбаев) 3,9 млрд куб метр (ўсиш – 124,5%), шундан 4-чоракда 1,1 млрд куб метр;

- Водий бошқармаси (Ж. Бекмуродов) 51 млн куб метр (ўсиш – 52,4%), шундан 4-чоракда 19,1 млн куб метр.

Газ конденсати қазиб чиқариш 1,4 млн тонна (ўсиш – 101,2%), шундан 4-чоракда 371,3 минг тонна;

Нефть қазиб чиқариш 115,8 минг тонна, шундан 4-чи чоракда 27,7 минг тонна прогнозлари ижроси бажарилиши бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Бошқарув раиси энг аввало аҳолини суюлтирилган газ билан таъминланиши учун захира яратиш ва жорий йил якуни билан жами 646,2 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни таъминлаш зарур эканлигини таъкидлаб, шундан тўртинчи чоракда 175,5 минг тонна, жумладан корхоналар кесимида:

- Муборак газни қайта ишлаш заводи (Ш. Шамсиев) 73,2 минг тонна;

- Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси (Ш. Жабборов) 45,7 минг тонна;

- Шўртан газ-кимё мажмуаси (Ш. Асланов) 31,4 минг тонна;

- Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси (Шеров) 3,9 минг тонна;

- Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (Фазилов) 3,5 минг тонна;

- Газли газни қайта ишлаш заводи (Шоимов) 14,8 минг тонна ишлаб чиқариш шарт эканлигини маълум қилди.

Ушбу йиғилишда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди ҳамда завод фаолиятини янада кучайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ва турини кенгайтириш борасида қўшимча топшириқлар берилди.

Жумладан, тўрт ой муддатда заводда йиллик куввати 10 минг тоннагача бўлган нефть мойларини қадоқлаш линиясини ўрнатиш бўйича бошланғич лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тўрт ой муддатда заводда йиллик 15 минг тоннагача йўл ва қурилиш битумларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича тегишли лойиҳа конфигурацияларини ишлаб чиқиш, уч ой муддатда Евро 6 русумидаги дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш юзасидан техник-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиққан ҳолда, маҳсулот ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш каби вазифалар берилди.

Айнан шу аснода республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини нефть маҳсулотлари, жумладан, автобензин ва дизель ёнилиғиси билан таъминлашда маҳсулотнинг сифат кўрсаткичларига алоҳида эътибор бериш лозимлиги, хусусан, маҳсулотларининг зичлиги, ранги, шаффофлиги, механик қўшимчалари, сув миқдори ва фракцион таркиби, октан сони белгиланган стандартларига мос бўлиши шарт эканлиги ва бунга риоя қилмаган масъулга нисбатан чора кўрилиши билдирилди.

Йиғилиш давомида, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича барча масалалар таҳлилий кўриб чиқилди ҳамда 2021–2022 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газ, нефть маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш, авария ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари кўрилди.

Бошқарув раиси бошқармалар, корхоналар ва ташкилотлар томонидан куз-қиш мавсумида керакли моддий техник ресурслар – кимёвий реагентлар, ёқилги мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар ва бошқаларни харид қилиш учун ўрнатилган тартибда маблағлар ажратиш топшириғи берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|