“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида Республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини нефть маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, дебитор қарздорликни батараф этишга доир танқидий йиғилиш ўтказилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тизимдаги нефть базаларнинг раҳбарлари иштирокида Республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини нефт маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, пахта теримига тайёргарлик, кузги шудгорлаш агротехник тадбирлари ҳамда такрорий экин экилган майдонларни йиғиштириш учун дизель ёнилғисини етказиб бериш борасида танқидий-таҳлилий руҳда йиғилиш ўтказилди.

Бошқарув раиси йиғилиш аввалида, пандемия даврида карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда иш ташкил этиш зарур эканлигини таъкидлади ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан янги йўналишларда иш олиб борилиб, молиявий институтлар билан ҳамкорликка эришилаётгани, рейтинглар олиш деярли якунланиб қолган бир даврда айнан нефть базалардаги ачинарли иқтисодий аҳвол бутун тизимни орқага тортаётганини танқид қилди.

Замон ўзгаргани, сўнгги беш йилликда тизим учун барча шароитлар яратиб берилаётган бир даврда эскича ишлаш усулидан воз кечилмаётгани, тижорат бўйича ишларни тўғри йўлга қўйилмагани, дебитор қарздорлик масаласида ижобий томонга ўзгариш бўлмаётгани айтилди.

Бухоро, Мароқанд, Андижон нефть базаларига янги раҳбарлар тайинланиб, уларнинг олдига янги вазифалар ва топшириқлар қўйилган бўлса-да, ҳанузгача ўзгаришлар бўлмади.

Бошқарув раиси берилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланмасдан, ижобий томонга ўзгариш қила олмаган нефть базаларнинг раҳбарларини 9 ойлик натижалар билан ишдан олиш масаласи кўриб чиқилишини билдирди.

Шунингдек, Навоий ва Тахиатош нефть базалари раҳбарларининг фаолияти ҳам қониқарсиз деб топилди ва Нефтни қайта ишлаш департаменти масъулларига қисқа муддатда бу нефть базалар фаолиятини қайтадан ўрганиш вазифаси топширилди.

Нефть базалар томонидан истеъмолчиларга етказиб берилган маҳсулотлар бўйича дебитор қарздорлик жорий йилнинг 1 август ҳолатига 171,9 млрд сўмни, жумладан:

– қишлоқ хўжалиги корхоналари бўйича - 96,5 млрд сўм;

– тизим корхоналари бўйича - 9,8 млрд сўм;

– бошқа истеъмолчилар бўйича – 65,6 млрд сўмни ташкил этди.

Бошқарув раиси Жиззах нефт базаси мисолида дебитор қарздорлик масаласини муҳокама қилиб, дебиторлик қарзларининг деярли 50% қисми умидсиз эканлигини маълум қилди.

Ўз навбатида, бундай дебитор қарздорликлар замирида талон-тарожликлар, ўғирлик борлиги ва айни шу сабаб Прокуратура органлари билан ҳамкорликда бугунги кунда текширув ўтказилаётгани, ҳар қандай иқтисодий жиноятлар жазосиз қолмасилиги таъкидланди.

Нефть базалар хўжалик юритувчи субъект ҳисобланиб, уларга тезкор қарорлар қабул қилиш орқали кўрсаткичларни белгиланган муддатларда бажариш вазифаси қўйилган. Лекин, айрим нефть базаларнинг раҳбарлари ўзбошимчалик билан иш юритган.

Жумладан, масъул сақлашдаги маҳсулотлар Андижон нефть базаси томонидан АИ-80 автобензиндан 245 тонна, ЭКО русумли дизель ёнилғисидан 1,4 минг тонна, Бухоро нефть базаси томонидан ЭКО русумли дизель ёнилғисидан 567 тонна, Фарғона нефть базаси томонидан АИ-80 автобензиндан 470 тонна, АИ-91 автобензиндан 127 тонна, ЭКО русумли дизель ёнилғисидан 1 133 тонна сотиб юборилган. Натижада, нефть базаларнинг Бухоро заводи олдидаги дебитор қарздорлиги кескин ошган.

Бошқарув раиси дебитор қарздорликка йўл қўйган нефть база раҳбарларини огоҳлантириб, мавжуд қарздорликни бартараф этиш бўйича муҳлат берди ҳамда ана шу топшириқни белгиланган вақтда бажармаган нефть база раҳбари сўзсиз ишдан олинишини маълум қилди.

Бундан ташқари айрим нефть базаларнинг нисбатан ижобий кўрсаткичларга эришаётгани ҳам таъкидлаб ўтилди, Термиз, Қарши, Чинобод нефть базалари мавжуд дебитор қарзларни бартараф этиб, ишчи-ходимлар ойлигини ўз вақтида бераётгани, Республика иқтисодиёти ва аҳолини нефть маҳсулотлари билан таъминлашда ўзига хос намуна кўрсатаётгани билдирилди.

Айни мана шу нефть базалар оптимизация ишларини муддатида амалга ошираётгани ва тўловсиз нефть маҳсулотлари сотиб юбормаётганлиги, ишламай турган ФАЁҚШларни биржа савдолари орқали сотаётганлиги сабаб ижобий натижаларга эришмоқда.

Барча нефть базалар раҳбарларига Республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини нефть маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, шу жумладан, бошоқли дон экинларини экиш, ғўза парвариши, пахта теримига тайёргарлик, йиғиштириш ва кузги шудгорлаш агротехник тадбирлари ҳамда такрорий экин экилган майдонларни йиғиштириб олиш учун талаб этиладиган дизель ёнилғисини етказиб бериш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилиш давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти ҳам муҳокама қилинди ва жорий йилнинг август-ноябрь ойларида бошоқли дон экинларини экиш, ғўза парвариши, пахта теримига тайёргарлик, йиғиштириш ва кузги шудгорлаш ҳамда такрорий экин экилган майдонларни йиғиштириб олиш каби агротехник тадбирларига зарур бўлган дизель ёнилғиси етказиб бериш вазифаси қўйилди.

Йил якунига қадар агротехник тадбирларидан ташқари, бюджет ташкилотлари, йирик саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектларининг дизель ёнилғисига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида, Бухоро заводи томонидан жами 340,7 минг тонна дизель ёнилғисини ишлаб чиқариш зарурлиги белгиланди.

Бошқарув раиси ушбу йиғилишда нефть база раҳбарларига автоматлаштириш ишларини ҳам якунига етказиш, ҳар бир нефть базада автоматлаштирилган бошқарув тизими (АСКУНН) жорий этиш, электрон тарози тўлиқ ўрнатилиши бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Ҳар бир нефть базада сиғимларда тайёр нефть маҳсулотлар вертикал ва горизонталь сиғимларга ўрнатилган замонавий программалаштириш имкони мавжуд бўлган бошқарув контроллерлари, шкафлари, сатҳ, босим, гидростатик босим, ҳарорат ўлчаш асбоблари ўрнатилиши ҳамда ҳар бир маълумот “Ўзбекнефтгаз” АЖ Марказий деспетчерлик хизматига онлайн режимда узатилиши шарт эканлигини билдирди.

Ўз навбатида нефть базалардаги омборлар ва уларда сақланаётган қолдиқлар, харидлар масаласида шаффофликни таъминлаш, ҳар бир харид жараёнлари “xarid.uz” платформаси орқали амалга оширилиб, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга сўзсиз амал қилиш белгиланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Молиявий ва комплаенс назорат департаменти масъулларига иқтисодий хавф юқори бўлган Жиззах, Мароқанд, Фарғона нефть базаларидаги аҳволни мунатазам назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, нефть базалардаги қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик каби қонунга зид ҳаракатлар аниқланадиган бўлса прокуратура органлари билан ҳамкорликда қонунбузилишлар олдини олиш масаласи қўйилди.

Бошқарув раиси нефть базалар раҳбарларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ манфаатлари, иқтисодий ривожланиш йўлида мустақил қарор қилиш учун бир қатор ҳуқуқ ҳамда имтиёзларлар берди ва бунда энг аввало шахсий манфаатларнинг бўлмаслиги, коррупция ва талон-тарожликларга мутлоқо йўл қўймаслик кераклиги шарт қилиб белгиланди.

Йиғилиш сўнггида 2022 йилда нефть базалар томонидан амалга ошириладиган ишлар, кўрсаткичларни амалга ошириш, молиявий соғломлаштириш, рақамлаштириш бўйича ҳам бир чора-тадбирлар ва режалар тузиб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|