December 18, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Республика саноат ярмаркасида кооперация ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича аниқ музокаралар ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқларига мувофиқ жорий йилнинг 14-18 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” павильонларида Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Тармоқ корхоналари, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган мазкур тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар алоҳида стенд билан иштирок этмоқда.

Кўргазма доирасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан инвестиция лойиҳалари ҳамда тармоқ корхоналари эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган товар ва хизматларни маҳаллийлаштириш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилиб, мутахассислар томонидан юзма-юз мулоқот форматида маҳаллий ва хорижий корхона вакиллари билан музокоралар ўтказилмоқда.

Ярмарканинг биринчи кунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ стендига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова ва бошқа меҳмонлар ташриф буюришиб, тармоқда саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган ишлар билан танишишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ташаббуси билан 2021 йилнинг ноябрь ойида Қарши шаҳрида ўтказилган ярмарка, унда эришилган аниқ натижалар, тадбирга хорижий ҳамкорларни ҳам таклиф этилгани, маълумотларни электрон кўринишда тақдим этиш тажрибалари меҳмонлар тарафидан эътироф этилди. Шунингдек, келгусида импорт таркибини чуқур таҳлил қилиш асосида аниқ лойиҳа таклифлари бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Таъкидлаш жоизки саноат ярмаркасининг биринчи куни иккитомонлама ҳамкорликни ўрнатиш ва янада кенгайтиришга қаратилган амалий ишчи музокара ва учрашувларга жуда бой бўлди. Хусусан, “Kukil Gaspacks” МЧЖ билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг иссиқлик алмаштиргичлари учун спирал ўралган металл прокладкаларни тақдим этилган техник шартлар асосида ишлаб чиқариш келишиб олинди.

Бундан ташқари, қуйидаги маҳаллий корхоналар билан келишувларга эришилди:

• “Manokip” МЧЖ билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тармоқ корхоналари эҳтиёжи асосида босим ўлчас асбобларини ишлаб чиқариш ва уларни ишлаб чиқариш базаларда саноат-тажриба синовларидан ўтказиш;

• “Navpromlitmash” МЧЖ билан ҳар хил ўлчамдаги иссиқлик алмаштиргичларни ўзлаштириш, қувур маҳсулотларини етказиб бериш;

• “Oil filter Technologies” МЧЖ билан Газли газни қайта ишлаш заводининг 2022 эҳтиёжлари учун 200 дона “Peach” маркали ҳамда 20 дона “Indufin” маркали фильтрларни етказиб бериш;

• “Uzpromarm” МЧЖ билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи эҳтиёжлари учун API стандартларига мос задвижкалар ишлаб чиқариш бўйича келишувларга эришилди.

Кўргазма якунига қадар инвестиция лойиҳалари ҳамда тармоқ корхоналари эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган товар ва хизматларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилиб, кооперация алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтириш бўйича аниқ шартномалар имзолаш ишлари давом эттирилади.

Барча тадбиркорлик субъектларини “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан саноат кооперацияси алоқаларини ўрнатишга таклиф этамиз!

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|