“Ўзбекнефтгаз”: “Алан” конидан қўшимча 74,5 млн. куб метр табиий газ ва 1646 тонна газ конденсати қазиб чиқариш кутилмоқда

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Алан” кони Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, ушбу конда 2020 йилнинг 1 июль кунига қадар умумий қудуқлар сони 124 та, ишлаб турган қудуқлар сони эса 77 тани ташкил қилмоқда.

Табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида 43 та қудуқларда олиб борилаётган бурғулаш ишлари деярли якунига етди, 4 та қудуқда эса ишлар давом эттирилмоқда.

2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ушбу кондан 1397,9 млн. куб метр табиий газ ва 35,1 минг тонна газ конденсати қазиб олинди. Йил бошидан 4-та қудуқ бурғуланиб ишга топширилди, қўшимча 24,7 млн. куб метр табиий газ ва 577 тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилди.

Йил давомида “Алан” конидан 2963,6 млн. куб метр табиий газ ва 61,5 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилган.

Йилнинг иккинчи ярмида эса 6 та қудуқда бурғулаш ишлари тугатилиб, уларни ишга топшириш мўлжалланмоқда ва бу қудуқлардан қўшимча 74,5 млн. куб метр табиий газ ва 1646 тонна газ конденсати қазиб чиқариш кутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|