“Ўзбекнефтгаз”: 9 май Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан бир қатор ишлар амалга оширилди

Бош саҳифа Русский

Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан “9 май Хотира ва Қадрлаш куни” муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олинди.

Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига чексиз эҳтиром туйғуси мужассам. Ўзбекистон нефть ва газ соҳаси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган, ўзининг 40 йиллик умрини “Муборак газни қайта ишлаш заводи”га хизмат қилишга бахшида этган, меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Қобил Мўминовнинг сўнмас хотирасини абадийлаштириш мақсадида унинг қабрига тош қўйилди.

Завод маъмурияти, ишчи-ходимлар, унинг шогирдлари ҳамда яқин инсонлари томонидан Қ.Мўминовнинг ҳаётлик пайтида қилган ишлари хотирланди, қабри зиёрат қилиниб, Қуръон-тиловати ўқилди. Цехда ташкил қилинган музейга Қобил Мўминовнинг сурати ҳамда темирчилик устахонасига махсус ясатилган тош ўрнатилди.

Қобил Мўминов 1951 йил 10 февралда Муборак туманида туғилган бўлиб, 1972 йилда “Муборак” газни қайта ишлаш заводига ишга қабул қилинган. У меҳнат фаолиятини Механика таъмирлаш цехида “Чилангар”, “Темирчи”, “Участка бошлиғи” ҳамда “Цех бошлиғи ўринбосари” каби лавозимларда ўз фаолиятини олиб борган. Қобил Мўминовни корхонада “Темирчи-уста” сифатида жуда яхши билишади.

Қобил Мўминовнинг фидокорона хизматлари ва ҳалол меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб қадрланиб, 1994 йил “Шуҳрат” медали, 2001йил эса энг Олий мукофот “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони ва олтин медали билан тақдирланган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Қобил Мўминов оғир хасталикдан сўнг 2018 йил 2 август куни вафот этди. Албатта, орадан ҳар қанча вақт ўтмасин бу каби фидойи инсонлар ёди дилларда мангу сақланиб, улар кўрсатган жасорат ёш авлодларга ибрат ва намуна сифатида тилга олинади.

Шунингдек, 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Муборак тумани, Қарлиқ қишлоғида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмалари берилди.

Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятларда ҳам соҳада меҳнат қилган бир гуруҳ нафақадагилар баробарида, уруш қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари ҳолидан хабар олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|