“Ўзбекнефтгаз”: Январь–июнь ойларида биржа савдолари орқали 60,4 минг тонна полиэтилен маҳсулоти сотилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ–4664-сонли қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги «Шўртан ГКМ» МЧЖда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар биржа савдоларига жаҳон биржаларидаги Brent нефти котировкаларига боғлаб қўйган ҳолда шаклланган бошланғич нархларда қўйиб борилмоқда.

Мажмуада Маҳсулотларни сотиш ва маркетинг хизмати томонидан жорий йилнинг биргина январь-июнь ойларида биржа савдолари орқали ташқи ва ички бозорга жами 60,4 минг тонна полиэтилен, 6,97 минг тонна суюлтирилган газ, 967 тонна олтингугурт, 204,7 минг п/м полиэтилен қувурлар, 32 минг п/м томчилатиб суғориш тизими шланглари каби маҳсулотлар сотилди.

Маҳсулотларни сотиш ва маркетинг хизмати корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни нафақат биржа савдолари орқали сотиш билан шуғулланади, балки корхонанинг маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, маҳсулотларга бўлган талабларини қондириш учун қисқа, ўрта ва узоқ муддатли маркетинг ва ишлаб чиқариш стратегиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, маҳсулотларни рекламасини амалга ошириш, тайёр маҳсулотни етказиб бериш бўйича шартномалар тайёрлаш ва тузиш билан шуғулланади. Маҳсулотларни етказиб бериш режаларини ўз вақтида ва шартномаларга мувофиқ номенклатура бўйича бажарилишини ҳам таъминлайди.

Шўртан газ кимё мажмуасида ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотларни очиқ биржа савдолари орқали сотишнинг асосий афзалликлари бозорнинг юқори даражада ликвидлиги, савдо операцияларининг тезкорлиги, харажатларни оширмасдан савдо ҳажмини кўпайтириш ҳамда савдоларда кўплаб харидорлар ва сотувчиларнинг иштироки ҳисобига шаклланган кучли рақобат асосида товарнинг оптимал бозор баҳосини аниқлаш имконияти мавжудлиги. Шунингдек, ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали битимлар ижросини кафолатлаш механизми йўлга қўйилган.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, мажмуада ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни реализация қилишда бозор механизмларини ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида очиқ биржа савдоларига қўйиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқдир.

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|