“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ишчи-ходимлари учун яратиб берилган яшаш ва ишлаш шароитлари ўрганилди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ишчи-ходимлари учун яратиб берилган – ишлаш, яшаш ва дам олиш шароитлари ҳамда бошқа муаммоли масалалар ўрганилди.

Таъкидлаш керакки, коронавирус пандемияси қишлоқ хўжалиги мавсумига тўғри келганини англаган завод ишчи-ходимлари ихтиёрий равишда меҳнат фаолиятларини давом эттириш таклифини билдиришди ва уларнинг кўпчилиги заводда қолиб, бензин, дизель, авиация ёқилғиси ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида ўзларининг ҳиссаларини қўшишмоқда.

Заводда ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган 3 мингдан ортиқ ишчи- ходимларни ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида, бир неча йиллардан буён амалга оширилмай келаётган муаммоли масалалар ўрганилиб, тезкорлик билан ижобий ҳал этилиши таъминланмоқда.

Ишчи-ходимлар учун ташкил этилган “Нефтчи” шаҳарчасида бугунги кунда барча зарур ижтимоий инфратузилмалар мавжуд бўлиб, завод ишчилари ва уларнинг оила аъзолари учун 700 дан ортиқ замонавий турар жой коттежлари, маданий иншоотлар қуриб фойдаланишга топширилди.

Ўрганиш натижасида, 2020 йилда иш ҳақи тўловининг янги тариф сеткасига ўтилгани, завод ишчи-ходимларининг ойлик маоши ўтган йилга нисбатан 1,5–2 баробарга оширилгани аниқланди. Кейинчалик ҳам босқичма-босқич ойлик маошлари оширилиши бўйича вазифалар белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖда ишловчи касбий маҳоратга эга, юқори малакали кадрларни сақлаб қолиш ва ёш кадрларни ўргатишга бириктириш мақсадида, профессионал ишчи-ходимлар ва мутахассисларнинг ойлик маошларига қўшимча устама тўланиши йўлга қўйилди.

Коронавирус пандемияси даврида, инфекция юқишининг олдини олиш ва инсонлар саломатлигини сақлаб қолиш йўлида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Коронавирус пандемияси даврида барча ходимларга тиббий ниқоб, антисептик воситалар ва дори-дармонлар етказиб берилмоқда.

Ўрганишлар натижасидан келиб чиққан ҳолда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбир ишлаб чиқилиши, тизимли равишда ишчи-ходимлар билан суҳбат ўтказилиб, улар дуч келаётган қийинчилик ва муаммолар аниқланиб, бартараф этилиши белгилаб олинди.

Фидойи ишчи-ходимларнинг меҳнатлари эвазига суюқ кислороднинг барча талаблар ва стандартларга мувофиқлиги тўғрисида ижобий санитария-эпидемиологик хулосаси олиниб, завод тарихида биринчи марта 15 минг 780 кг миқдорида суюқ кислород олишга эришилди. Ушбу кислород коронавирус билан касалланган беморларнинг шифо топишида қўлланилмоқда.

“Бухоро НҚИЗ” қисқа вақт ичида ISO 9001: 2015 сифат менежменти тизими, ISO 45001: 2018 соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизими, AS9100D стандартидаги аэрокосмик тизим, ISО 50001: 2018 энергия тежамкорлик менежменти тизими ва ISО 14001: 2015 экологик стандартини жорий қилди.

Эслатиб ўтамиз, “Бухоро НҚИЗ” юқоридаги бешта халқаро стандартларнинг мувофиқ сертификатларига эга бўлган Марказий Осиёдаги ягона корхонадир.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|