“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси ва “Ишчи гуруҳ” Бухородаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналаридаги инвестицион лойиҳалар, қурилиш-монтаж ва модернизация ишлари ҳолатини ўрганмоқда (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва “Ишчи гуруҳ” аъзолари 2020 йилнинг ортда қолган даврида амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида Бухоро вилоятида жойлашган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида бўлди.

Ташриф давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ қайта ишлаш департаменти ходимлари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг масъуллари, цех ва бўлим бошлиқлари, мутахассислар иштирокида 2020 йил 9 ойлиги якунлари, йил якунлари ва 2021 йилда режалаштирилган тадбирлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда газойлни гидротозалаш қурилмасига “HR-1246 IMPULSE” русумли катализатор юклаш ҳисобига Евро-4,5 дизел ёқилғисининг ишлаб чиқарилаётгани, атмосфера босимида ҳайдаш қурилмасига келадиган хомашёнинг механик қўшилмаларини ушлаб қолиш мақсадида ўрнатилган 50 ФГ01,02 фильтрининг самардорлиги ҳамда заводни модернизация қилиш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Бошқарув раиси модернизация қилиш лойиҳаси доирасида I, II, III босқичли FEED лойиҳасини тайёрлаш ҳамда изомеризация ва КЦА қурилмаларини қуриш бўйича топшириқлар берди ва ўз навбатида айрим мутасаддиларнинг ўз вазифасини лозим даражада бажармаётганлигини танқид қилди.

Бажарилаётган ишлар натижасида АИ-80 русумли автобензиндан тўлиқ воз кечилиши, 100% юқори октанли АИ-91, АИ-93, АИ-95 русумлардаги автобензин ишлаб чиқариш имконияти яратилиши, водород тозалиги 99,9% га етказилиши бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Ўз йўналиши бўйича, яъни ишлаб чиқариш кўрсаткичлари жорий қилинган технологик тадбирлар эвазига эришилган иқтисодий самара, заводни модернизация қилиш ва қайта қуриш лойиҳаси бўйича олиб борилаётган ишлар, ишлаб чиқариш ва ҳужжатлар айланмасини автоматлаштириш, рақамлаштириш борасида қилинаётган ва режалаштирилган тадбирлар борасида Бошқарув раисига ҳисобот берилди.

Шундан сўнг, Бошқарув раиси ва “Ишчи гуруҳ” аъзолари юқори октанли АИ-91, АИ-93, АИ-95 автобензинларнинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда дизель ёқилғисини 100% Евро-5 стандарти талабларига жавоб бериши йўлида қилинаётган ишлар ҳолатини яқиндан ўрганди.

Цех ва бўлимларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ишчи-ходимлар билан суҳбат ўтказилди ва шу кунга қадар ўз ечимини топмаган мавжуд муаммолар аниқланди.

Коронавирус пандемияси даврида улар учун яратилган яшаш ва ишлаш шароитлари билан жойида танишиб чиқилди ҳамда камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли раҳбарларга кўрсатмалар берилди.

Завод раҳбарияти олдига маҳсулотнинг сифатига эътиборли бўлиш ва бу борада мутлақо хатога йўл қўймаслик, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, заводнинг иқтисодий кўрсаткичларини янада яхшилаш, жаҳон бозорини ўрганиш борасида вазифалар қўйилди.

Бундан ташқари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг темир йўлларини кенгайтириш, Қоровулбозор қўйиш-тўкиш эстакадасини қайта қуриш, хомашё ва тайёр маҳсулотлар цехида суюлтирилган газ қуйиш мосламасини қуриш, FEED лойиҳасини “SKE&С” ва “Honeywell UOP”ҳамда Модернизация лойиҳасининг 1-босқичи учун инвестицияларни ўзлаштириш кераклиги айтиб ўтилди.

Бошқарув раиси автоматлаштириш ва рақамлаштириш жараёнига алоҳида тўхталар экан, энг аввало, қолдиқларни онлайн мониторинг қилиш, ҳудудда товар ва материаллар ҳаракатини кўриб туриш, ташқи объектларни онлайн бошқариш, мавжуд технологик жараёнларни автоматик бошқариш ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ диспетчерлик хизмати томонидан заводдаги ҳолатни тўлиқ кузатиб туриш ҳамда назорат қилинишини таъминлаш лозимлигини белгилб берди.

Эслатиб ўтамиз, Бошқарув раисининг Бухоро вилоятида жойлашган ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарига ташрифи давом этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|