“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва қайта қуриш бўйича лойиҳавий ҳужжатлар ишлаб чиқиш бошланди (Фото)

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва қайта қуриш асос лойиҳасини (FEED) ишлаб чиқиш бўйича беш кун давомида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ, “Honeywell UOP” (АҚШ) ва “SK E&C” (Жанубий Корея) мутахассислари ўртасида асосий технологик қурилмалар бўйича бошланғич видеоконференция орқали йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш давомида “Honeywell UOP” компанияси томонидан лойиҳада назарда тутилган 9 та янги ва 3 та қайта қурилиши режалаштирилган қурилмалар бўйича бажариладиган ишлар ва технологик қурилмалар ҳақида “Honeywell UOP” компанияси томонидан тўлиқ маълумот берилди ҳамда сўровномаларга “Бухоро НҚИЗ” томонидан маълумотлар тақдим этилиб, барча масалалар муҳокама қилинди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мутахассислари томонидан берилган барча саволларга “Honeywell UOP” компанияси мутахассислари тўлиқ жавоб, тавсия ва таклифлар беришди.

Завод мутахассислари лойиҳада иштирок этаётган хорижий компаниялар мутахассислари билан ҳамкорликда технологик қурилмалар учун энергияси тежамкор ва самарадорлиги юқори бўлган технологияларнинг мақбул вариантларини кўриб чиқдилар ва муҳокама қилдилар.

2020 йил 10–12 август кунлари “SK E&C” компанияси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Бухоро НҚИЗ” мутахассислари билан бошланғич йиғилиш бўлиб ўтади. Унда заводнинг умумзавод хўжалиги ва атмосфера босими остида нефть-газконденсати аралашмасини фракцияларга ажратиш қурилмасини қайта қуриш масалалари муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Honeywell UOP” ва “SK E&C” компаниялари ўртасида “Бухоро НҚИЗни модернизация қилиш ва қайта қуриш” лойиҳаси мавжуд қувватларни қайта ишлаш чуқурлигини 79% дан 95% гача ошириш, ёруғ нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришни 77% дан 91% гача етказиш ва Евро-5 стандартининг талабларига жавоб берадиган нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Дастлабки тахминий қиймати 678,5 млн доллар бўлган лойиҳа 2020–2025 йиллар давомида 3 та бочқичда амалга оширилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|