“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларга Саудия Арабистони компаниялари томонидан катта қизиқиш билдирилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳнинг Саудия Арабистонига ташрифи амалга оширилди.

Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Энергетика вазирлиги томонидан ташкил этилган Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий тадқиқот институтини шакллантириш ишларни жадаллаштиришдан иборат.

Ташриф доирасида Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари билан истиқболли саналган янги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида оммалашиб бораётган водород ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишда илмий салоҳиятни ривожлантириш, халқаро грантларни жалб этиш, илмий муассасалар, марказлар ва экспертлар билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш масалалари кўриб чиқилди.

Шу жумладан “Saudi Aramco”, “SABIC, “Air Products” ва “АCWА Power” каби компанияларида билан музокаралар ва давра суҳбатлари ўтказилди.

“Saudi Aramco”га ташриф чоғида нефть ва газни қайта ишлаш, конларни қидириш ҳамда соҳа мутахассисларининг тақдимотлари тингланди. Жорий этилаётган замонавий технологик ечимлар инновацион ишланмалар бўйича маълумотлар етказилди. Ўзбекистон томонидан “Saudi Aramco Global” тадқиқот марказига қўшма ҳамкорлик учун бир неча йўналишлар бўйича таклифлар берилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки “Saudi Aramco” нефть заҳиралари ва қазиб олиш бўйича дунёнинг энг йирик компанияси саналади. Компания тасарруфига Саудия Арабистонининг 99 фоиз нефть заҳиралари киради. “Saudi Aramco” тасисчилигида ташкил этилган “SABIC” нефть ва газ кимёси компанияси ўзида инновация ва технология уйғунлигини мужассамлаштирган замонавий яшил технологиялардан ташкил топган замонавий юқори қўшилган қийматдаги муҳандислик полимерларни ишлаб чиқарувчи ривожланиб бораётган компаниялардан бири саналади. Компания томонидан йилига 15 миллион тоннага яқин полимер маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб истеъмолчиларга етказиб берилади.

Музокаралар мобайнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган “МТО технологияси асосида газкимё мажмуасини қуриш” ва “Кир ювиш воситалари учун алкилбензол ишлаб чиқариш” лойиҳаларга Саудия Арабистони компаниялари томонидан юқори қизиқиш билдирилди. Лойиҳалар бўйича ишчи гуруҳлар шакллантириш ва амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ташрифи “Nature Index” рейтингига кўра, энг тез ривожланаётган топ 40 та университет қаторига қирувчи Қирол Абдуллоҳ илм-фан ва технология университетига (KAUST) бўлди. Шуни такидлаб ўтиш жоизки, университетнинг биноларига Абу Али ибн Сино ва Ал-Хоразмий каби ўзбек буюк алломалари номлари берилгани юртимизни жаҳон цвилизациясида қўшган ўрни беқиёслигини кўрсатади. Университет бинолари юқори ва замонавий архитектура даражасида тайёрланган бўлиб, лабораториялар халқаро стандартларга тўла мос келади.

Сув-энергетика технологиялари Олий институтига ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари бакалаврлари ва магистрларининг институтда қисқа ва узоқ муддатли малака ошириш дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Хулоса қилиб айтиб ўтиш керакки ишчи гуруҳнинг Саудия Арабистонига ташрифи кутилганидан ҳам мазмунли ва самарали бўлиб, “Saudi Aramco”, “Air Products”, “ACWA Power” каби компаниялар ва “KAUST” илмий тадқиқот университети билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий янгиликларни жорий этишда кўмаклашиш, кадрларни тайёрлаш ва малакаларини ошириш, муқобил энергияларни ҳаётга тадбиқ этишда Саудия Арабистони эришган бой тажрибадан келиб чиққан ҳолда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|