“Ўзбекнефтгаз”: Қудуқларни таъмирлаш ва бурғулаш ишлари учун ишлатиладиган эҳтиёт қисмлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан олинади (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан соҳада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кенг ўрин бериш бўйича алоҳида топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.

Шу сабабли, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзнефтгаз бурғулашишлари” МЧЖ, “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” МЧЖ мутахассислари билан ҳамкорликда Навоий вилоятида жойлашган “GIDRO STANKO SERVIS” МЧЖ фаолияти ўрганилди.

Бурғулаш ишлари ҳамда қудуқларни таъмирлаш учун импортдан олинадиган эҳтиёт қисмларни ушбу корхонада ўзлаштириш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Маълумот учун: “GIDRO STANKO SERVIS” МЧЖ асосан тоғ-кон, нефт ва газ, кимёсаноатига ишлатиладиган редукторлар, роликли конвейрлар ва саноат ускуналари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона бўлиб, ҳозирда у ерда конструкторлик бюроси, пайвандлаш цехи, металлни термообработка қилиш цехи ва ишлаб чиқариш цехлари мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2020 йилнинг 1-ярим йиллик якунига кўра, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 532,0 млрд. сўмлик маҳсулотлар, ёки режага нисбатан 113,5% ишлаб чиқарилди, импортни қисқартириш 137,7 млн. долларга, ёки режага нисбатан 109,4%га эришилди, маҳсулот таннархини қисқартириш – 189 млрд. сўмга, ёки 100,9%га бажарилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|