“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2021 йилнинг январь-апрель ойларида қилинган ишлар ва биринчи ярим йилликнинг устувор вазифаларига доир йиғилиш ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тизим корхоналари, Бошқармалар ва Нефть база раҳбарлари, Департамент бошлиқлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш аввалида Бошқарув раиси коронавирус пандмияси давом этаётганини ҳар бир ходим буни ёдда тутиши кераклиги ва карантин қоидаларига қатъий риоя этиши лозимлигини таъкидлади. Бу борада корхона раҳбари масъул эканлиги яна бир бора қайд этилди.

Шунингдек, апрель ойида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ўрганишлар ўтказилгани ҳамда унинг натижасига кўра, 21 нафарга яқин раҳбар ходимларнинг лавозимидан озод этилгани, Бошқармада коррупция, талон-тарож ҳолатлари аниқлангани, бу ҳолатлардан барча тегишли хулосалар қилиши кераклиги таъкидланди.

Шундан сўнг, Бошқарув раиси 2021 йилнинг январь-апрель ойларида давомида табиий газ, газ конденсати, нефть қазиб чиқариш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишини танқидий муҳокама қилди.

Углеводородларни қазиб чиқариш бўйича, яъни табиий газ бўйича белгиланган натижа 100,7 %га, конденсат 101 %га, нефть 108 %га бажарилган бўлса-да, қўшимча кўрсаткичлар бўйича камчиликлар мавжуд экани танқид қилинди.

Ўз навбатида, нефть ва газ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда 286 минг тонна автобензин, 87 минг тонна дизель ёнилғиси, 215 минг тонна суюлтирилган газ, 47 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқарилган ва белгиланган режа бажарилган бўлса-да, мавжуд имкониятлар натижаларни янада яхшилаш учун етарли экани, ундан самарали фойдаланиш чораларини кўриш лозимлиги айтилди.

Бошқарув раиси табиий газ ва газ конденсати қазиб чиқариш ишларини бошқармалар кесимида муҳокама қилар экан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси белгиланган қўшимча режани бажармагани маълум қилинди. Ваҳоланки, “Алан” ва “Зеварда” конлар мажмуасида сиқув компрессор станциялари фаолият юритаётгани, 13 та янги қудуқлар бурғилашдан ва 1 та излов қидирув ишларидан янги қудуқ ишга туширилган бўлсада, кутилган натижалар қайд этилмагани танқид остига олинди. Натижаларга изоҳ бериш учун Бошқарма бошлиғи Рустам Шеровга сўз берилди.

Бошқарма бошлиғи январь-апрель ойларида йўл қўйилган камчиликларни май ойи якуни билан бажарилишини айтиб, табиий газни кунлик қазиб чиқаришни ошириш бўйича барча чоралар кўрилишини, бу бўйича шароитлар етарлича яратиб берилганини айтиб ўтди.

Шундан сўнг, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи Шокир Жабборовга сўз берилди ва қилинган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди.

Таъкидлаш керакки, Бошқарма томонидан табиий газ, конденсат қазиб чиқариш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари бажарилган бўлсада, бурғилаб ишга туширилиши режалаштирилган “Шўртан” конидаги 388-сонли ва 335-сонли қудуқларда бурғилаш ишлари кечиккани танқид қилинди.

Бошқарма бошлиғи табиий газ қазиб чиқаришнинг ўсиш суръатлари қўшимча топшириқ ҳажми билан биринчи ярим йиллик якунларида бажарилишини ва Газдан пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмаларини тўлиқ қувватларда ишлатиш орқали кунлик суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилишини маълум қилди.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи Хислат Назиров узоқ вақт давомида ишларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ёки бепарволикка йўл қўйилгани сабабли табиий газ қазиб чиқариш режаси тўла бажарилмаганини таъкидлади. Конлар ва табиий газ қазиб чиқариш қудуқлари фаолияти мунтазам назорат қилинмагани бунга асосий сабаб бўлганини қўшимча қилди.

Бошқарув раиси томонидан унга билдирилган ишончни оқлаши ва қисқа муддатда мавжуд камчиликларни бартараф этишини, янги жамоа билан Газли ҳудудидан ижобий натижаларга эришилишини билдирди.

Биргаликда барча конларда ўрганиш ишларини олиб бориб, газ қазиб олишни оширишга ва қурилмаларни барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган бошқарма бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси тайёрлаб, ушбу режаларни амалга оширишга ваъда берди.

Бошқарув раиси Газли ҳудудида ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газ сифатига эътибор қаратиш ва нафақат ҳажмга авваламбор сифатга эътибор бериш кераклиги бўйича топшириқлар берди.

Шундан сўнг, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи Олим Оринбоевнинг ҳисоботи тингланди ва қудуқларни капитал таъмирлаш бўйича амалга оширилган ишлар танқид қилинди.

Устюрт бошқармаси раҳбарига биринчи ярим йиллик учун белгиланган 32 та қудуқларнинг барчасида капитал таъмирлаш ишларини бажариш, конлардаги қудуқлар фонди билан ишлаб, қувурларни гидравлик қаршиликлари тўлиқ ўрганиб чиқиш, қазиб чиқариш ҳажмларини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Шунингдек, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” ва “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” корхоналари раҳбарларига май ойида режалаштирилган қудуқларни ишга туширишни жадаллаштириш, муддатидан аввал якунлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Бошқарув раиси барча Бошқарма раҳбарларининг муаммоларини тинглади ва қисқа фурсатларда ҳал этиш учун масъул раҳбарларга топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, ушбу видеоселектор йиғилишида Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш” корхонаси раҳбари Давронжон Сулаймоновга ҳам сўз берилди ва унинг ҳисоботи тингланди.

Давронжон Сулаймонов сўнгги йилларда, асосан хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳамда эскирган ускуна ва жиҳозлар билан фаолиятини давом эттира олмаётган, тугатилиш арафасида турган корхона бугун соғлом корхонага айлангани, нефть ва газ соҳаси ривожи йўлида қудуқларда бурғилаш ишлари самарали давом эттирилаётганини маълум қилди. Корхона томонидан қудуқларни бурғилаш ва капитал таъмирлаш учун хорижий мамлакатлардан замонавий жиҳозлар олиб келинаётганини маълум қилди.

Таъкидлаш керакки, ушбу корхона томонидан қисқа вақт оралиғида 10 млн доллардан ортиқ инвестиция киритилди. Натижада эса, барча асосий дастгоҳлар тўлиқ модернизация қилинда ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига янги, замонавий техника ва технологияларни жалб этиш йўли билан такомиллаштириш орқали қудуқларни капитал таъмирлаш ишлари янги босқичга олиб чиқилди.

Видеоселектор йиғилиши давомида нефтбазалар фаолиятига ҳам тўхталинди. Бошқарув раиси нефть базаларда “Бухоро” нрефтни қайта ишлаш заводининг масъул сақлашдаги автобензин ва дизель ёнилғиси қолдиқлари хатловдан ўтказилганини таъкидлаб, нефть база омборларидаги қолдиқлар Заводда юритилаётган ҳисоботлардаги қолдиқлар билан ўзаро солиштириб кўрилганда, АИ-80 автобензини бўйича 4,7 минг тонна, АИ-91 автобензини бўйича 605 тонна, АИ-92 автобензини бўйича 62 тонна ҳамда дизель ёнилғиси бўйича 17 минг тонна камомад мавжудлиги аниқланди.

Жиззах нефть базаси бўйича камомад, АИ-80 автобензиндан 4,2 минг тонна, АИ-91 автобензиндан 61 тонна ва Эко дизель ёнилғисидан 13,1 минг тонна аниқланди ва айтиш жоизки ушбу камомаднинг ўртача қиймати 146 млрд сўмни ташкил қилади.

Бухоро нефть базаси бўйича ҳам камомад мавжуд бўлиб, АИ-80 автобензиндан 345 тонна, АИ-91 автобензиндан 263 тонна, АИ-92 автобензиндан 55 тонна ва Эко дизель ёнилғисидан 1,8 минг тоннани ташкил қилди. Камомаднинг ўртача қиймати 20,7 млрд сўм деб баҳоланди.

Юқоридаги нефть базаларда бўлгани каби Андижон нефт базаси бўйича ҳам камомад борлиги аниқланган. АИ-80 автобензиндан 84 тонна, АИ-91 автобензиндан 280 тонна, АИ-92 автобензиндан 6,7 тонна ва Эко дизель ёнилғисидан 1,9 минг тонна бўлган камомаднинг ўртача қиймати 19 млрд сўмни ташкил этади.

Бундан кўриниб турибдики, Жиззах, Бухоро ва Андижон нефть базаларининг масъул ходимлари нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан масъул сақлашга берилган нефть маҳсулотларини истеъмолчиларга етказиб бериб, ойлик ҳисоботларда акс эттирмасдан келган.

Айрим нефть базаларда ўтказилган текширишларда ҳам бир қатор хато-камчиликлар аниқланган. Жумладан, Тахиатош нефть базасига қарашли ФЁТШларнинг 14 тасида қиймати 24 млн сўмлик 3,9 минг литр нефть маҳсулотлари камомади аниқланган ва моддий жавобгар шахслардан тўлиқ ундирилган, 68 та ишчи-ходимларга 154 млн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган мукофот пуллари ортиқча ҳисоблаб тўланган.

Урганч нефть базасига қарашли ФЁТШларда қиймати 12,4 млн сўмлик 2 минг литр нефт маҳсулотлари камомади аниқланган ва моддий жавобгар шахслардан тўлиқ ундирилган. Ишчи-ходимларга 65,4 млн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган мукофот пуллари ортиқча ҳисоблаб тўланган. Ишчи-ходимларга 20 млн сўмлик моддий ёрдам пули жамоа шартномасига зид равишда ҳисоблаб, ўтказиб берилган.

Навоий нефть базаси бўйича эса, иш хақи ва унга тенглаштирилган тўловларни нотўғри ҳисоблаш натижасида жами 170 млн сўм маблағ ортиқча ҳисобланган. Шартномаларга тўлов амалга оширилиб, товар ва иш хизматларни белгиланган муддатларда етказиб берилмаслиги натижасида 2020–2021 йилларда жами 46 млн сўм пеня ҳисобланмаган ва ундириш чоралари кўрилмаган.

Шу сабабли, Бошқарув раиси видеоселектор якунида, Молиявий ва копмлаенс департаменти томонидан ушбу нефть базалар фаолияти ўрганилиши ва аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳужжатларни тўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бериш кераклиги бўйича топшириқлар берди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|