“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида ўтказилган йиғилишда Тижорат департаменти фаолияти танқидий таҳлил қилинди ва 8 нафар ходимга интизомий чора кўрилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида ўтказилган йиғилишда, Тижорат департаменти ходимларига барча шароитлар яратиб берилаётганига қарамай иш фаолияти давомида кўплаб камчиликларга йўл қўйилгани танқидий муҳокама қилинди.

Бошқарув раисининг топшириғига мувофиқ Молиявий ва комплаенс назорати департаменти томонидан Жамиятда маҳсулот реализацияси билан бевосита шуғулланувчи Тижорат департаментининг 2021 йил 9 ойлик фаолияти натижалари ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, департаментнинг маҳсулот реализацияси билан боғлиқ фаолиятига танқидий баҳо берилиб, бир қатор хато ва камчиликлар қайд этилгани аниқланди.

Йиғилишда Бошқарув раиси ишда йўл қўйилгани ҳолатини бирор сабаб билан изоҳлаб бўлмаслигини, ишчи-ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаб, имкониятлар яратиб берилганига қарамай ўз лавозим йўриқномаларига амал қилмаслик ҳолатлари кузатилганини танқид остига олди.

Йиғилишда Молиявий ва комплаенс назорати департаменти томонидан аниқланган камчиликлар бирма-бир таҳлил қилинди ҳамда аниқланган камчиликлар батафсил маълум қилинди.

Жумладан:

Тижорат департамент томонидан маҳсулотларни биржа орқали сотишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2020 йилдаги №170-сон Қарори билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг бир қатор талабларига тўлиқ риоя қилинмаган, Биржа орқали экспортга сотиш прогнозлари асосида кунлар бўйича савдога қўйиш жадваллари ишлаб чиқилмаган.

Шунингдек, Тижорат департамент томонидан биржа савдоларига чиқариладиган кундалик маҳсулотлар ҳажми ва бошланғич нархлари бўйича брокерларга буюртмалар берилмаган. Биржага қўйилган олтингугурт маҳсулоти ҳажми ва йўналишлари бўйича тенг тақсимот қилинган ҳолда биржа савдоларига чиқарилмаган.

Биржада маҳсулотлар савдога кунига 2 мартадан яъни, эрталабки ва кечки сессияда чиқарилиши белгиланган бўлсада, айрим кунларда маҳсулот савдога фақат 1 марта чиқарилган. Олтингугуртни биржа савдолари орқали сотишда нарх белгилаш амалиёти мавжуд эмас ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга сотиш бўйича нархларни шакллантириш борасида механизм ва услубиётлар ишлаб чиқилмаган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар рўйхатига киритилган техник олтингугурт маҳсулотини экспорти бўйича Тижорат департаменти орқали 2021 йилнинг 9 ойи давомида 45 та экспорт шартномаси тузилган (333 827 тонна, қиймати жами 5,5 млн АҚШ доллари).

Таъкидлаш жоизки, Маҳсулотларни кундалик биржа савдоларига чиқаришда департамент маъсуллари томонидан жадвал бўйича мавжуд қолдиқлар асосида савдога кундалик чиқариш ҳажмларига риоя қилинмаганлиги аниқланди.

Мисол учун, 2021 йилнинг март ойида экспортга сотиш учун биржага жами 275 490 тонна олтингугурт чиқарилган бўлиб, биржага маҳсулот нотекис жадвалга асосан чиқарилган. Яъни, 1 мартда 1000 тонна олтингугурт савдога чиқарилган бўлса, 29 март куни 170 000 тонна маҳсулот савдога чиқарилган.

Август ойида экспорт учун биржага олтингугурт чиқариш жадвалига кўра август ойида 16 500 тонна чиқарилиши тасдиқланган ҳолда, хақиқатда 72 000 тонна, яъни белгиланган жадвалга нисбатан 55 500 тонна ортиқча маҳсулот сотувга чиқарилган.

Бундан ташқари, олтингугурт маҳсулотини ички бозорга реализация қилишда 2021 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида режада белгиланганидан ташқари 892,46 минг тонна кўп савдога чиқарилган ёки 9 ой давомида ички бозорга биржада суюлтирилган газ сотиш ҳажми биржа савдоларига режадан 4,6 минг тоннага кўп жойлаштирилган.

Тижорат департаменти ҳамда Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаменти томонидан юритиладиган ҳисоботлар ўз вақтида биржа маълумотлари билан солиштирилмаслиги оқибатида ҳам айрим номувофиқликларга ҳам йўл қўйилганлиги.

Кўрсатилган хизматлар бўйича дебитор қарздорликларни 2021 йилнинг 1 январига нисбатан ўсиши суръати кузатилган бўлсада, департамент масъуллари томонидан зарур ундириш чоралари кўрилмаган.

2021 йилнинг январь - сентябрь ойларида ўрганиш кунига қадар Тижорат департаментига юқори ташкилотлар, ҳамкорлар ва фуқаролардан келиб тушган жами 2068 та хат, ариза, топшириқ ҳамда мурожаатлардан 147 таси ёки 7,1% ижро муддатлари кечикиб бажарилган.

Муҳокама жараёнида Бошқарув раиси томонидан қайд этилан камчиликлар бўйича Тижорат департаменти масъулларига қаттиқ эътироз билдирилди ва уларни бартараф этиш ҳамда келусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, департаментнинг 8 нафар масъулларига нисбатан ишдан олишгача бўлган интизомий чоралар қўлланилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги "Монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 114-сон Қарори талабларига мувофиқ, жорий йил май ойида Молиявий ва комплаенс назорати департаменти таркибида Монополияга қарши комплаенс назорати гуруҳи ташкил этилиб, монополия соҳасида хатоликларни олдини олиш юзасидан профилактик ишлар олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|