December 17, 2021

“Ўзбекнефтаз”: “Жанубий Кемачи” конида узунлиги 12 километр бўлган табиий газ қувури қурилиб ишга туширилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан “2017-2021-йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш Дастури” доирасида конлардаги табиий газ ва конденсат қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Дастур доирасида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Жанубий Кемачи” конида янги газ қувурини қуриш ишлари якунланди. Кондаги 4-сонли газ йиғув тармоғидан “Жанубий Кемачи” сиқув компрессор станциясигача диаметри 720мм, узунлиги 12,0 км бўлган табиий газ қувури қурилиб, ишга туширилди.

Лойиҳага асосан газ қувури қурилиш учун зарур бўлган қувур ва арматуралар бош пудратчи “ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC” компанияси томонидан етказиб берилди ҳамда қурилиш ишлари амалга оширилди. Қувурни қуриш ишларида Бош пудратчи қурувчи-муҳандисларидан ташқар, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг кон ишчилари ҳам иштирок этишди. Чўл ҳудудидаги ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай, қурувчиларнинг кечаю-кундуз олиб борган меҳнатлари туфайли қувурни ўз вақтида фойдаланишга топширилишига эришилди.

Ушбу газ қувурининг ишга тушириш билан кондан қазиб олинаётган газни узатишдаги босимлар ўртасидаги фарқнинг олди олиниб, уларнинг газ ўтказиш қуввати оширилиши эвазига кунлик табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш режалаштирилган.

Шунингдек, ушбу лойиҳа билан параллел равишдан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналарнинг ички имкониятларидан самарали фойдаланиб, “Жанубий Кемачи” конининг 2-, 2Р-, 4-, 5-, 6-сонли газ йиғиш тармоқларида сепаратор ва техник сиғимлар ўрнатиш ишлари бажарилди.

Бунинг натижасида коннинг ўзида қазиб олинаётган табиий газ таркибидан қатлам суви, оғир углеводородлар ва механик аралашмаларни ажратиб олиб, дастлабки тайёрлаш жараёнларини амалга ошириш имконияти яратилди.

Бу эса, ўз навбатида қазиб олинаётган газни комплекс тайёрлаш қурилмалари ва Муборак газни қайта заводига узатиш қувурлар тизимининг янада самарадор ишлашини таъминлайди.

Маълумот учун: “Жанубий Кемачи” кони Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 1978 йилда ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|