“Ўзбекнефтгаз”: Корхона ва ташкилотлардаги мутахассислар DipIFR ва CIMA сертификация доирасида ўқитилади (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4611-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан корхона ва ташкилотларнинг молиявий-иқтисодий йўналишдаги мутахассисисларни махсус курсларда ўқитиш бўйича Техник топшириқлар (ТЗ) ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Мазкур Техник топшириқлар талаблари асосида АССА ва CIMA халқаро ташкилотларида ўқитиш бўйича ўқув марказлари орасида танлов ўтказилди. Натижада DipIFR ҳамда CIMA сертификацияси доирасида “Бизнесни самарали бошқариш” курсларини ўқитиш бўйича “Profi-Training” бизнес мактаби ғолиб сифатида танланди.

Таъкидлаш жоизки DipIFR курслари икки қисмдан иборат бўлиб, биринчисида Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асослари ўргатилса, иккинчисида МҲХС бўйича диплом олишга йўналтирилади ва иккала курсда ҳам 90 нафар мутахассис ўқитилади.

CIMA сертификацияси доирасида “Бизнесни самарали бошқариш” курслари ҳам ўз навбатида икки қисмдан иборат бўлади. Биринчисида корхона хўжалик операцияларининг самарадорлигини бошқариш усуллари бўйича таҳсил берилади. Иккинчисида эса бутун бир бизнес самарадорлигини бошқариш ўргатилади. Натижада 60 нафар мутахассис CIMA сертификатини олиш имконига эга бўлади.

Шубҳасиз “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизими корхоналарида DipIFR ва CIMA сертификатига эга бўлган мутахассисларнинг фаолият юритиши ташкилотнинг халқаро кредит рейтингини олишда ижобий омил сифатида қаралади.

Жорий йилнинг 5 сентябридан Республикамизда карантин чоралари юмшатилгач, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз мутахассиларини DipIFR ва CIMA курслари бўйича ўқитишнинг ташкилий ишларини бошлади.

Режага мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг марказий аппаратида фаолият юритадиган иқтисодий-молиявий йўналишидаги мутахассислар учун ўқув курслари иш кунидан ташқари вақтларда, яъни шанба ва якшанба кунлари ташкил этилади.
“Ўзбекнефтгаз”АЖ таркибидаги ҳудудларда жойлашган 6 та нефть ва газ қазиб чиқарувчи бошқармаларнинг иқтисодий-молиявий йўналишидаги мутахассислари 2 ҳафта давомида (ҳар бир ўқув курси камида 72 соатдан) Тошкент ёки Қарши шаҳридаги ўқув марказларига жалб қилинади.

Ўқув курслари якунида мавзулар доирасида якуний синов имтиҳони олинади. DipIFR ва CIMA сертификатига сазовор бўлган мутахассисларни мукофотлаш ёки лавозимини кўтариш кўзда тутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|