“Ўзбекнефтгаз»: Украинадаги корхоналар билан кооперация алоқалари ўрнатилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида” ПҚ–4426-сонли қарорига мувофиқ соҳа корхоналари зиммасига кооперация алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, импорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш каби вазифалар юклатилган.

Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан халқаро тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш, тизим корхоналари эҳтиёжлари учун импортдан дастлаб сотиб олинган маҳсулотлар республика ҳудудларида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу мақсадда, Шўртан газ кимё мажмуаси, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва Муборак газни қайта ишлаш заводи базаларида Украинанинг “Внешэнергокомплект” МЧЖ корхонаси вакиллари билан учрашув ташкил этилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, “Внешэнергокомплект” МЧЖ 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, инжиниринг, насос ва компрессор ускуналарини қайта лойиҳалаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларга эҳтиёт қисмлар етказиб бериш билан шуғулланади.

Учрашув давомида украиналик мутахассислар импорт қилинган механик қисмлар ва ускуналарнинг тескари муҳандислик ва аналоглари ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликка катта қизиқиш билдиришди. Шунингдек, корхонада қўлланиладиган асбоб-ускуналар ва уларни таъмирлаш эҳтиёжи, ускуналарга таъсир этувчи ва уни алмаштиришга олиб келувчи бошқа омиллар ҳақида корхоналарга ташриф давомида батафсил маълумотлар олишди.

Музокаралар давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Внешэнергокомплект” МЧЖ ўртасида Шўртан газ кимё мажмуаси ва Муборак газни қайта ишлаш заводида украиналик мутахассислар томонидан ускуналарни тескари муҳандислик амалга ошириш имкониятларини ўрганишга келишиб олинди. Бу ишлар объектларда 2022 йилда режалаштирилаётган капитал таъмирлаш давомида амалга оширилади.

Ташриф якунида “Внешэнергокомплект” МЧЖ жорий йилнинг якунига қадар қазиб чиқариш бошқармалари ва қайта ишлаш заводлари ускуналари, шунингдек, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи маҳаллийлаштириш тадбиркорлик субъектларининг имкониятлари ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида қўшимча учрашувлар ташкил этишга истакларини билдиришди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|