“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси томонидан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 2021 йилдаги кўрсаткичларнинг бажарилиш ҳолати ўрганилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган нефть ва газ саноатининг молиявий барқарорлигини оширишга доир устувор вазифаларнинг амалдаги ижросини жойига чиқиб ўрганиш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида бўлди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида бўлиб, узлуксиз иш ташкил этаётган ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар ҳолатини ўрганди.

Ишчи-ходимларнинг хавфсизлик қоидаларига риоя этишлари билан боғлиқ ҳолатлар, уларнинг меҳнат қилишлари учун яратилган қулайлик назорат қилинди.

Бошқарув раиси заводнинг технологик объектлари ва у ердаги ҳозирги ҳолатни бориб кўрди ва муҳандислик коммуникацияли 2 та 5000 куб метр ҳажмдаги сиғим, насос станциясини қайта қуриш ишлари билан танишди.

Шунингдек, қўшимча нефть қуйиш ва тўкиш эстакадасини қуришни кўзда тутган “Uzbekneftegaz GTL” заводи синтетик керосин компонентларини ишлаб чиқаришга жалб қилиш орқали, “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш лойиҳаси”ни амалга ошириш ишларини кўздан кечирди.

Бу ерда ишларнинг ташкил этилиши ва белгиланган вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича завод директорига, Нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, нефть маҳсулотларини сақлаш ва транспортировка қилиш, Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот, Молия ва ғазначилик операциялари, Иқтисод ва режалаштириш департаменти раҳбарларига топшириқлар берилди.

Цех ишчилари билан учрашган Бошқарув раиси муаммоли масалаларни муҳокама қилди ва уларни ҳал этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Бошқарув раиси заводга ташрифи давомида корхона мутахассислари билан ҳам учрашди.

Учрашув давомида заводнинг ҳозирги фаолияти ва уни ривожлантириш истиқболлари билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Бошқарув раиси 2021 йилдаги кўрсаткичларни бажариш, яъни 128,7 минг тонна маҳаллий нефть, 1028,0 минг тонна маҳаллий газ конденсати, 159, 3 минг тонна импорт нефть, 40,0 минг тонна импорт газ конденсати, 60,0 минг тонна пиролиз дистеляти, жами 1416,0 минг тонна хомашёни қайта ишлаш кераклигини таъкидлади.

Айнан мана шу кўрсаткичларнинг бажарилиши ҳар ой кесимида, январь–февраль ойлари бўйича таҳлил қилинди.

Ўз навбатида завод фаолияти ва йўналишлари, лойиҳаларнинг тақдимот кўргазмалари намойиш этилиб, 2021 йилги техник-иқтисодий кўрсаткичларни бажариш, инновацион ривожланиш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан ҳисобот берилди.

Бундан ташқари, кооперация алоқаларини кенгайтириш, янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот ва рационализаторлик фаолияти, иқтисодий самарадорликка эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, капитал қурилиш дастурлари, корхонанинг жорий йил учун режалари таҳлил қилинди.

Бошқарув раиси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи балансидан ихтисосланмаган объектларни чиқариш кераклигини таъкидлаб, бу бўйича чора-тадбирларни белгилаб берди.

Бозор иқтисодиёти шароитида заводнинг жадал ривожланишини таъминлаш ва корхонанинг иқтисодиётга қўшадиган салмоқли ҳиссаси бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан 2021 йил давомида 1416,0 минг тонна хомашё қайта ишланиши натижасида қуйидаги нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади:

– автобензин – 822,7 минг тонна;

– дизель ёнилғиси – 182,4 минг тонна;

– авиакеросин – 143,3 минг тонна;

– мазут – 120, 8 минг тонна ҳамда 87,2 минг тонна бошқа турдаги нефть маҳсулотлари.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|