“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Eriell Oilfield Services Middle East DMCC” компанияси ҳамкорлигида Устюрт платосида табиий газ қазиб чиқарилишида самарадорликка эришилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 мартдаги “2017–2021 йилларда Углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ–2822-сонли Қарори асосида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасида ҳам углеводородлар ҳажмини ошириш борасида кенг кўламдаги ишлар бажарилмоқда.


Дастур доирасида 2017–2020 йилларда Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасида 84 та янги газ қудуғи бурғиланиб, жиҳозлаш ишлари тўлиқ тугатилиб, ишлатишга топширилди.

Табиий газ қазиб чиқарилиши йўлида “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари билан баравар меҳнат қилаётган бош пудратчи “Eriell Oilfield Services Middle East DMCC” компанияси ишчи-ходимларининг қўшаётган ҳиссасини ҳам алоҳида эътироф этиш керак.

Дастур доирасида Устюрт регионида янги истиқболли конлар очилиши билан конлардан қазиб олинаётган табиий газни комплекс тайёрлаб, истеъмолчиларга белгиланган стандарт талаблари асосида етказиб бериш мақсадида, “Арслон” конида йилига 2 млрд куб метр газни тайёрлаш қувватига эга бўлган “Арслон” Газни комплекс тайёрлаш қурилмасининг 1- ва 2-тармоғи қурилиб ишга туширилди.

Натижада, конлардан қазиб олинган табиий газ қувурлар орқали ушбу қурилмага узатилиб, қурилмада дастлаб қатлам сувлари ва механик аралашмалардан тозалаш ҳамда турбодетандер агрегатларида газни паст ҳароратга совутиш билан газ таркибидан газ конденсати ажратиб олинади ва тозаланган газ эса магистраль газ қувурларига етказиб берилиши таъминламоқда.

Лойиҳада замонавий энергия тежамкор магнит подшипникли турбодетандер агрегатлари қўлланилган бўлиб, барча технологик жараёнлар тўлиқ автоматик тарзда бошқарилиши ва назорат қилиниши йўлга қўйилган.

“Арслон” конидан диаметри 530 мм, узунлиги 40 км бўлган табиий газни “Бухоро-Урал” магистраль газ қувурига узатиш лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари олиб борилиб, 2019 йил декабрь ойида қувур ишга туширилган.

Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг январь ойида Дастурга мувофиқ “Қуйи Сургил” конидан табиий газ ва конденсат қазиб чиқаришни ошириш мақсадида, навбатдаги 14-сонли ишлатиш қудуғида бурғилаш ишлари тугатилиб, қудуқда янги истиқболли қатламлар аниқланди, ушбу қатламларни синаш натижасида кунлик 1,0 млн куб метрга яқин табиий газ ва 20 тонна газ конденсати маҳсулотларини олишга эришилди.

Қазиб чиқариш суръатини ошириш ва ўрганиш ишларини давом эттириш мақсадида, “Қуйи Сургил” конида ҳозирда навбатдаги 20-сонли ишлатиш қудуғида бурғилаш ишлари бошланди.

Ҳозирги кунда Дастур доирасида Устюрт регионида “Шарқий Бердақ”, “Шимолий Бердақ”, “Қуйи Сургил” каби конларда 20 га яқин газ қудуқларини бурғилаш ҳамда бурғилаш дастгоҳларини монтаж ишлари давом этмоқда.

Қазиб чиқарилаётган табиий газни “Шарқий Бердақ” ва “Арслон” газни комплекс тайёрлаш қурилмаларига барқарор узатилишини таъминлаш мақсадида:

“Қуйи Сургил” ва “Арслон” газ конларидан “Арслон” комплексигача диаметри 426 мм, умумий узунлиги 8,2 км бўлган газ қувурларини ҳамда “Шимолий Бердақ” конидан бурғилашдан ишга туширилаётган ва мавжуд қудуқлардан қазиб олинаётган юқори босимли газни “Арслон” ва “Шарқий Бердақ” комплексларига барқарор узатишни таъминлаш мақсадида, диаметри 325 мм, узунлиги 6,2 км бўлган газ қувури;

“Шарқий Бердақ” ва “Арслон” комплексларидан газни “Ўзтрансгаз” АЖ “Бухоро-Урал” магистраль газ қувурига узатиш қувурининг ўтказиш қувватини ошириш мақсадида, диаметри 530 мм, узунлиги 17 км бўлган газ қувурининг қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.

Газ қувурларини ишга тушириш билан янги ишга туширилаётган қудуқлардан қазиб олинадиган газни комплекс тайёрлаш қурилмаларига барқарор узатиш имконияти яратилиб, қўшимча табиий газ қазиб чиқаришга эришилади.

Дастур бўйича амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳолати билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти томонидан тузилган “Ишчи гуруҳ” аъзолари ўрганиш ишлари олиб бормоқда. Шунингдек, Бош пудратчи “Eriell Oilfield Services Middle East DMCC” компанияси раҳбарлари ва масъул департамент бошлиқлари билан лойиҳа бўйича мавжуд муаммолар доимий муҳокама қилиниб, ҳамкорликда ишлаб чиқариш узлуксизлиги таъминланмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter