“Ўзбекнефтгаз”: Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида тузилган молиявий ҳисоботига “Ernst & Young” томонидан ижобий аудит хулосаси берилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 9 июлда ПҚ–4388-сон билан имзоланган “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил 24 февралда ПҚ–4611-сон билан тасдиқланган “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖда халқаро аудиторлик компанияларини жалб қилган ҳолда мустақил ташқи аудит ўтказилмоқда.

Маълумки, штаб квартираси Лондонда жойлашган “Ernst & Young” дунёдаги йирик аудитор-консалтинг компанияларидан бири ҳисобланади ва ушбу компания “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2016–2017 йиллар фаолияти бўйича Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида тузилган консолидациялашган молиявий ҳисобот юзасидан ўз аудит хулосасини берган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Россия Федерациясининг Москва шаҳрида “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси вакиллари билан учрашган эди.

Учрашув давомида томонлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида тайёрланган консолидациялашган молиявий ҳисоботлари аудитининг боришини муҳокама қилиб, барча ишлар имкон қадар 2020 йилнинг охиригача якунланишига келишиб олишган эди.

Ушбу келишувга асосан, “Ўзбекнефтгаз”АЖнинг 2016–2019 йил учун барча консолидациялашган молиявий ҳисоботлари халқаро рейтинг агентлигига тақдим этилмоқда.

Қувонарлиси, “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг МҲХС асосида 2018 йил учун тузилган консолидациялашган молиявий ҳисобот (220 ортиқ корхона ҳисоботлари жамланган) бўйича ижобий аудиторлик хулосасини берди.

Мазкур аудиторлик хулосасини олишда ва консолидациялашган молиявий ҳисобот кўрсаткичларининг шаффофлигини таъминлашда қатор эксперт ҳисоботлари ҳам талаб этилди. Жумладан, жамиятнинг ер ости углеводородлар захираси жаҳонда машҳур “DeGoleyer & MacNaughton” консалтинг компанияси, асосий воситалар ва тугалланмаган қурилиш объектларининг ҳаққоний қийматини баҳоловчи “KPMG Tax & Advisory” компанияси ҳамда ходимлар олдидаги ижтимоий мажбуриятларнинг актур ҳисоб-китоби “Actuary Service” компанияси томонидан баҳолаб берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш бўлими бошлиғи Ҳамза Тухсановнинг маълум қилишича, консолидациялашган молиявий ҳисоботлар бўйича олинган ушбу аудит хулосалари орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ халқаро рейтинг агентликлари, молиявий ва юридик консультантлар билан ҳамкорликда корпоратив кредит рейтингини олиш, савдолар, активлар рентабеллиги, активлар ва мажбуриятларнинг айланиш даражаси ҳамда бошқа кўрсаткичлар бўйича халқаро амалиёт асосида белгиланадиган минимал талабларни амалиётга жорий этишни мақсад қилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|