“Ўзбекнефтгаз”: “Ernst & Young Advisory” экспертлари барча бошқарма ва корхоналарга МҲХС асосида Ҳисоб сиёсатларини ишлаб чиқишига кўмаклашмоқда

Бош саҳифа Русский

Кенг доирадаги иқтисодчиларга маълум бўлганидек, реал иқтисодий сектор субъектлари (маҳсулотлар ишлаб чиқариш, иш ва хизматлар кўрсатувчи бизнес субъектлари), молиявий соҳадаги ташкилотлар фаолияти самарадорлиги, умуман, иқтисодиёт ривожида молиявий ҳисоботларнинг ўзига хос ўрни бор. Шу маънода, муҳратам Президентимиз томонидан 2020 йил 24 февралда 4611-сонли “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилиниши юртимизда ушбу йўналишда ҳам жиддий ишларга қўл урилаётганидан далолат беради. Бинобарин, биз халқаро бизнес жамжамиятига, жаҳон бозорига интилаётган эканмиз, фаолиятимиз ҳам халқаро стандартларга мос бўлиши давр талабидир.

Мазкур қарордаги талаблар, 2019 йил 9 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4388-сонли “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мантиқий давомий бўлди десак муболаға бўлмайди. Зеро, ушбу қарорнинг 12-бандида «Ўзбекнефтгаз» АЖга 2019 йил якунидан бошлаб, молиявий ҳисоботлар мажбурий тартибда молиявий ҳисобот юритишнинг халқаро стандартларига мувофиқ тузилиши ва халқаро аудиторлик компанияларини жалб қилган ҳолда мустақил ташқи аудит ўтказилиши ҳамда 2020 йил якунидан бошлаб, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS)ни қўллаш ҳамда ҳар чоракда фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича молиявий ҳисобот тузиш ва эълон қилиш бўйича вазифалар юкланган.

Илгари хабар берганимиздек, мазкур қарорлардаги вазифалар ўз вақтида ва самарали бажарилиб келинмоқда, яъни “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2016 йилдан бошлаб 2019 йилгача бўлган молиявий-хўжалик фаолияти натижаларини Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида тайёрланган Консолидациялашган молиявий ҳисоботда акс эттириб, ушбу ҳисоботларни халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган бўйича “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси томонидан аудиторлик текширувидан ўтказди ва ижобий хулосалар олишга эришилди (барча ҳисоботлар ва аудиторлик хулосалари www.ung.uz веб-сайтида эълон қилинган).

Албатта, кўпчилик қизиқувчиларда табиий бир савол туғилади. МҲХС ўзи нима дегани?

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари – молиявий ҳисоботларни тузиш учун ҳужжатлар тўплами, молиявий ҳисоботларнинг тузилишини тартибга солувчи регламент бўлиб, ташқи фойдаланувчилар томонидан бирор-бир ташкилотга нисбатан иқтисодий қарор қабул қилиш учун фойдаланилади. Яъни, оддий мисол тариқасида келтирсак, бу хорижий инвесторларни мамлакатимизда фаолият юритаётган ташкилотларнинг (компания, корпорация, акциядорлик жамиятлари) акциялари, қимматли қоғозлари ва бошқа турдаги инвестиция жалб қилиши мумкин бўлган моддий бойликларнинг истиқболда ўсиши ёки пасайишини таҳлил қилиши учун зарур ахборотлар билан таъминлаш мумкин бўлади.

МҲХСнинг жиҳатларидан яна бири шундаки, молиявий ҳисоботларни тайёрлашда активлар, мажбуриятлар, даромад ва харажатларни тан олиш ва баҳолашда бир неча альтернатив (муқобил) вариантлардан бири танлаш имкони берилади. Албатта, МҲХС асосида молиявий ҳисобот тайёрлайдиган бизнес субъекти раҳбарияти (одатда бош бухгалтери) ушбу таклиф этилаётган ҳисобга олиш усуллари ва ёндошувларнинг аниқ биттасини танлаб олиши ҳамда уларни ўз Ҳисоб сиёсатига киритиб қўйиши лозим.

МҲХСга мувофиқ, ҲИСОБ СИЁСАТИ – молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этишда ташкилот томонидан қўлланиладиган аниқ бир тамойиллар, асослар (усуллар), умум қабул қилинган шартлар, қоидалар ва амалий ёндошувлардир.

Қисқа ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, МҲХС асосида молиявий ҳисоботни тайёрлашда ташкилот мазкур ҳисоботни тузишда стандартларда кўзда тутилган тамойиллар, усуллар ва ёндошувлардан аниқ бирини танлайди ва ички меъёрий ҳужжат сифатида тасдиқлаб қуйиши лозим, чунки аудитор томонидан молиявий ҳисобот аудит қилинганида айнан Ҳисоб сиёсатига мослиги ҳам текширилади.

Баъзи ҳолларда шундай хўжалик операциялари содир бўладики, уларни молиявий ҳисоботда акс эттириш тартиб-таомили ва усули МҲХСда кўзда тутилмаган бўлади.

Бундай ҳолларда нима қилиш лозим деган савол туғилиши табиий. 8-сон МҲХС “Ҳисоб сиёсати, бухгалтерия баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар” стандартининг 10 – бандида қуйидаги ечим таклиф этилади: бирор хўжалик операцияси, турли ҳодиса ёки шароитга нисбатан махсус қўлланиладиган аниқ бир МҲХС мавжуд бўлмаган пайтда, корхона раҳбарияти ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда ва қўллашда мустақил равишда қарор (хулоса) қабул қилиши ва албатта ушбу қарор (хулоса) натижасида акс эттириладиган молиявий маълумот қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

а) молиявий маълумот фойдаланувчилари учун улар томонидан иқтисодий қарорлар қабул қилишда ўринли бўлиши;

б) ишончли бўлиши, яъни молиявий ҳисоботдаги маълумот:

1) ташкилотнинг молиявий ҳолати, молиявий натижалари ва пул оқимларини ҳаққоний кўрсата билиши;

2) хўжалик операцияси, турли ҳодиса ёки шароитнинг ҳуқуқий (юридик) шаклини эмас, балки унинг иқтисодий мазмунини акс эттириши;

3) бетараф бўлиши, яъни кимнингдир манфаатидан холи бўлиши;

4) эҳтиёткорликка мос келиши;

5) барча сезиларли жабҳаларда тўлақонли бўлиши.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Ҳисоб сиёсати МҲХС асосида молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этишда муҳим ва асос бўлувчи ҳужжат ҳисобланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳам МҲХС асосида йиллар давомида консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлаб келишида, МҲХС асосида тузилган ва тасдиқланган ҲИСОБ СИЁСАТИга эгадир.
Мазкур Ҳисоб сиёсатини тайёрлаш жараёни, юқорида қайд этилганидек 2019 йил 9 июлдаги ПҚ-4388-сонли Президент қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг мутахассислари томонидан ва “Ernst & Young Advisory” консалтинг компаниясининг методологик кўмагида 2019 йилнинг август ойида бошлаб юборилган.

Машаққатли ва маҳсулдор ишлар натижасида 2020 йилнинг март ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг МҲХС асосида консолидациялашган молиявий ҳисоботини тузиш бўйича ҲИСОБ СИЁСАТИ ҳамда мазкур ҳужжат бўйича ҳисобот тузиш учун 10дан ортиқ ёрдамчи методологик ҳужжатлар тайёрланди. 2020 йилнинг 15 июнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг 201-сонли буйруғи билан тасдиқланди.

Ушбу буйруқда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги барча корхона ва ташкилотларга ҳам тасдиқланган Ҳисоб сиёсатидан келиб чиқиб, ўзларининг МҲХС асосида Ҳисоб сиёсатларини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши топшириғи берилган эди. Албатта тизим корхона ва ташкилотларининг бухгалтерия ҳисоби мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ва уларга МҲХС асосида ўз Ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этишда бевосита кўмак бериш мақсадида “Ernst & Young Advisory” консалтинг компаниясининг мутахассислари томонидан жорий йилнинг 1-3 март кунлари амалий семинар-тренинг ташкил этилди.

Ташкил этилган амалий семинар-тренингда тизимдаги 35 корхона ва ташкилотлардан 60дан ортиқ мутахассислари бевосита иштирок этишиб, “Ernst & Young Advisory” консалтинг компаниясининг Бухгалтерия ҳисоб ва молиявий ҳисобот соҳасида консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича бўлими бошлиғи Айнура Казенова ҳамда ушбу бўлим катта эксперти Динора Ҳасанова томонидан 3 кун мобайнида Ҳисоб сиёсатиниг қуйидаги масалалари бўйича ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди.

Ташкил қилинган семинар-тренинг “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхоналар мутахассислари ва “Ernst & Young Advisory” халқаро консалтинг компанияси экспертлари ўртасида қизғин баҳс ва савол-жавоблар ҳамда интерфаол мулоқот тарзида ўтказилди.

Семинар-тренингда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг МҲХСни жорий этиш бўлими мутахассислари ҳам Ҳисоб сиёсатининг айрим қисмларини амалиётда жорий этиш тажрибасини намойиш этишди. Жумладан, мутахассисларимиздан Д.Абдумаликов 9-сон МҲХС (IFRS) “Молиявий инструментлар”га мувофиқ консолидациялашган молиявий ҳисоботда дебиторлик қарзлари бўйича “Даргумон қарзлар резерви”ни ҳисоблаш ва ҳисоботда акс эттириш услубиётини, Р.Дешиева асосий воситаларни МҲХСга мувофиқ кирими, чиқими, ички ҳаракати ва амортизациясини ҳисоблаш ведомостларини тузиш амалиётини ва М.Нортураев эса тизим корхоналари буйича молиявий ликвидлик рискларини Изоҳларда акс эттириб тартибини амалий мисолларда намойиш этишди.

Семинар-тренинг сўнгида “Тўрақўрғон нефтебаза” МЧЖ, “Чинобод нефтебаза” МЧЖ, Бухоро НҚИЗ, Шўртан ГҚМ ва бошқа корхоналарнинг бош бухгалтерлари томонидан “Ernst & Young Advisory” халқаро консалтинг компанияси экспертларига миннадорчилик билдирилиб, ўтказилган амалий семинар натижасида МҲХС асосида ўз Ҳисоб сиёсатларини ишлаб чиқишда янги билим ва кўникмалар олганларини эътироф этишди.

Таъкидлаш лозимки, 2020 йил якунлари бўйича тузиладиган консолидациялашган молиявий ҳисобот ҳамда мазкур ҳисобот бўйича аудиторлик хулосаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан мустақил кредит рейтингини олишда ва ўзининг еврооблигацияларини чиқаришда асосий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

МҲХС жорий этиш бўлими бошлиғи Х.Тухсанов

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|