“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида Бухорода нефть ва газ қазиб чиқариш ишлари юзасидан сайёр йиғилиш ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатини жойида ўрганиш мақсадида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 2021 йил январь-апрель ойларида режа кўрсаткичлари бажарилиши ва II-чорагида прогноз кўрсаткичларини бажаришга қаратилган геолого-техник чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Қумли газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида бошқарма ва кон бошлиқлари иштирокида сайёр йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Бошқарма тасарруфидаги конлардан 2021 йилнинг январь-апрель ойларида конлар кесимида газ ва газ конденсати қазиб чиқариш бўйича бошқарма директори, бош муҳандиси, бош геологи ва кон бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилди.

Янги тайинланган кон бошлиқларининг газ қазиб чиқаришни оширишга қаратилган тадбирлар бўйича тақдимотлари тингланди.

Газ қазиб чиқаришни оширишга қаратилган кечиктириб бўлмас тадбирларни амалга ошириш бўйича бошқарма, кон ва департамент бошлиқларига топшириқлар берилди.

Ўртақум конида Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси қуриш лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган лойиҳа тақдимоти билан танишилди.

“Ўртақум” конидаги ушбу лойиҳа учун зарур бўлган сепаратор, дегазатор, шамоллаткич, суюқлик ажраткич каби технологик аппаратлар ва беркитувчи зулфинлар “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли бошқармаларнинг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда таъминланиб, амалга оширилаётган ишларининг ҳар бир жараёнларини олдиндан пухта тайёргарлик кўрган ҳолда, мукаммал бажариш лозимлиги ва бу ишларга барча зарур ресурсларни ички имкониятдан жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

“Нефть газ қурилиш ва таъмирлаш” АЖ қурилиш ва пайвандлаш жамоаси ҳодимлари томонидан қурилиш монтаж ишларини тез орада якунлаб, фойдаланишга топшириш бўйича вазифалар белгиланди.

2021 йил 4 ойлик якунлари ва II-чоракда амалга оширилиши режалаштирилган ишларни бажариш, айниқса, газ қазиб чиқариш кўрсаткичларини оширишга қаратилган тадбирларнинг ижроси танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, долзарб муаммолар, хусусан геологик-қидирув ишларини кенгайтириш, 2021 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган геолого-техник чора-тадбирларни жадаллаштириш билан режа кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш зарурлиги яна бир бор таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, Бошқарув раиси томонидан янги тайинланган кон бошлиқлари ва ишчи-ходимлар учун иш шарт-шароитларини яхшилаш, бошқармада хизмат қилаётган ишчи-ходимларнинг ойлик маошларини ўз вақтида берилиши, газ қазиб чиқариш жараёнларида фаол иштирок этаётган ишчи-ходимларни мукофотлаш бўйича тегишли департамент бошлиқларига топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|