December 13, 2021

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев “Petro Retail” МЧЖ бош директори Тулемис Шотанов билан учрашди

Бош саҳифа Русский

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан 5-6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлган эди.

Ушбу ташриф доирасида Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашнинг истиқболларини атрофлича муҳокама қилишди.

Делегация таркибида бўлган “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевга ҳам давлат раҳбари томонидан нефть ва газ йўналиши бўйича қозоғистонлик ҳамкорлар билан қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш масалаларига устувор аҳамият қаратиш топшириғи берилган эди.

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 13 декабрь куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев “Petro Retail” МЧЖ бош директори Тулемис Шотанов билан учрашув ўтказди.

Учрашув доирасида томонлар икки мамлакат нефть ва газ саноатидаги трансформация жараёнларини ва ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришнинг янги тенденцияларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, суҳбат чоғида “Petro Retail” МЧЖнинг Ўзбекистондаги жорий фаолияти ва салоҳиятли ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилиш режаларига эътибор қаратилди.

Маълумот ўрнида келтириш жоизки, “Petro Retail” МЧЖ автомобиль ёқилғиларининг чакана савдоси билан шуғулланади ва Қозоғистон Республикасида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини бошқаради. Бундан ташқари ўзининг нефть маҳсулотлари сифатини назорат қилиш бўйича аккредитацияланган лабораторияларига эга.

Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ривожланиб бораётган яхши қўшничилик муносабатларига мувофиқ, икки компания ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга кўрсатаётган қизиқиши учун “Petro Retail” компанияси раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик салоҳиятини ўрганиш ва ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|