March 17

“Ўзбекнефтгаз”: Қорақалпоғистондаги корхоналар ҳамда “Uzbekistan GTL” заводи ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди

Бош саҳифа Русский

Жорий йилнинг февраль ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида Инвестицион ситуацион маркази ташкил этилган бўлиб, унда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг доимий фаолият юритувчи стенди ҳам ишга туширилди.

Мазкур марказ ва унда ташкил этилган стенднинг асосий вазифалари сифатида қуйидаги вазифалар белгилаб олинди:

• маҳаллий тадбиркорлар томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

• корхоналаримиз ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш;

• “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги тизим корхоналари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериш;

• корхоналарнинг импорт номенклатураси ҳақида маълумотлар тақдим этиш;

• маҳаллий тадбиркорлар томонидан ўзлаштириш учун тавсия этилаётган маҳсулотлар бўйича атрофлича маълумотлар бериш ва бошқалар.

Айни пайтда стендда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан яқин йилларда ўзлаштирилган 20 га яқин маҳсулотлар намуналари, тизим корхоналарининг сўнгги йиллардаги импорти таҳлили асосида ишлаб чиқилган лойиҳа таклифлари (тизерлар кўринишида) жойлаштирилган.

Маҳсулотни ўзлаштириш истагини билдирган тадбиркорлар учун стенднинг ўзида оператив режимда барча зарур маъломотлар тақдим этиш имконияти яратилган, шу жумладан, маҳсулотнинг кўриниши, тури, маркаси, техник хусусиятлари, ўртача нархи, техник талабномаси шу ернинг ўзида тақдим этилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи асосида марказ фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда туманларда нефть ва газ саноати корхоналари учун маҳсулот ишлаб чиқариш истиқболи мавжуд 20 дан ортиқ корхоналар рўйхати шакллантирилди.

Ушбу тадбиркорларда нефть ва газ тармоқ корхонаси тўғрисида кўникмаларни шакллантириш мақсадида март ойининг биринчи ҳафтасида уларнинг Қашқадарё вилоятида жойлашган “Uzbekistan GTL” заводи ва Шўртан газ-кимё мажмуасига ишчи ташрифи уюштирилди.

Ташрифда “Беруний газ таъминоти” МЧЖ, “Айнур КНК” МЧЖ, “Титан цемент” МЧЖ, “Unipaper” МЧЖ, “Factory Processing Gaz Oil” МЧЖ, “GOLD-SANDWICH” МЧЖ, “Беруний метан” МЧЖ каби корхоналар вакиллари иштирок этишди.

Учрашув якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида бир қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Унга кўра корхоналар томонидан “Uzbekistan GTL” МЧЖ эҳтиёжи доирасида талаб этиладиган импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни техник буюртма параметрларига мослиги асосида ўзлаштиришни ташкил этишдир.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 3 мингдан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқариш корхонаси мавжуд бўлиб, шулардан 100 га яқини “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш ва кооперация йўналишларида ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Маълумот учун: 2021 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тармоқ корхоналари томонидан қорақалпоғистонлик ишлаб чиқарувчилардан ягона кооперация портали орқали умумий қиймати 1,1 млрд. сўмлик 15 та шартнома имзолаган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|