“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликларни сарҳисоб қилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ҳамкорликда эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда акциядорлик жамияти тасарруфидаги нефть ва газни қазиб чиқарувчи бошқармалар, қайта ишловчи заводлар, шунингдек, республикамиздаги соҳага тегишли ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ўзбекхиммаш Заводи” АЖ ва “Ўзпромарм” МЧЖ каби йирик маҳаллий корхоналар раҳбарлари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ республикада энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, ўз навбатида энг йирик давлат буюртмачиларидин ҳамдир.

Бошқарув раиси топшириғи билан жамият таркибига кирувчи барча корхоналар томонидан харидлар жараёнида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Бу борада кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан яқиндан кооперация алоқалари ўрнатилган.

Бунга мисол сифатида ўтган 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси кооперация портали орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан жами 400 млрд сўмдан ортиққа шартномалар имзоланганлиги, харидларни амалга ошириш бўйича республика корхоналари орасида энг юқори ўринда туришини кўрсатиш мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 21 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4812-сонли қарорининг қабул қилиниши, Жамият томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан олиб борилаётган ишларни янада жиддийроқ тус олишига сабаб бўлди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бўлиб ўтган йиғилишда Бошқарув раиси барчани Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги куни байрами билан муборакбод этди. Ҳозирги кунда Жамият томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларга эътибор қаратди.

Самарали ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши натижасида 2019-2021 йиллар мобайнида “Ўзбекхиммаш Заводи” АЖ дан 75 млрд сўмдан ортиқ, “Узпромарм” МЧЖ дан 100 млрд сўмдан ортиқ давлат харидлари амалга оширилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шу билан биргаликда, Бошқарув раиси томонидан маҳаллий корхоналар ўз навбатида маҳсулотларининг сифатини ошириши ҳамда нарх-наво рақобатбардошлигини таъминлаши лозим эканлиги қайт этилди.

Бундан ташқари, Жамият томонидан келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида техник талаб ва стандартларга мос ҳолатда харидлар биринчи навбатда ички бозор имкониятлари ўрганилган ҳолатда амалга оширилиши айтиб ўтилди.

Иштирокчилар ушбу форматдаги йиғилиш биринчи бўлиб “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ташкил этилганлиги, бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга рағбат бўлиб, ўз салоҳиятларини янада такомиллаштиришга хизмат қилишини эътироф этишди.

Шунингдек, корхоналар ўз тақдимотлари орқали ишлаб чиқариш имкониятлари ва келгусидаги режалари билан таништиришди. Шу билан биргаликда ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, мавжуд камчиликлар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашинилди. Қолаверса, келгусида янги ҳамкорлик йўналишларини ишга солиш бўйича таклифлар билдирилди.

Йиғилишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича доимий музокаралар олиб бориш юзасидан келишиб олинди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Жамият томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларда иштирок этишлари учун талаб этиладиган сертификатлар(ASME, API ва б.)га эга бўлиши, қолаверса, маҳсулотларнинг сифатидаги камчиликларнинг аниқланаётганлиги ҳамкорлик истиқболларига жиддий таъсир этиши айтиб ўтилди.

Ўз навбатида ташкилотлар йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун барча имкониятларини сафарбар этишга тайёрликларини билдиришди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|