March 25

“Ўзбекнефтгаз”: Эрон компаниялари билан кимёвий реагентларни маҳаллийлаштириш масалалари кўриб чиқилди

Бош саҳифа Русский

Эрон Ислом Республикасида инновацион ривожланиш ва маҳаллий саноатни ривожлантириш тажрибасини ўрганиш доирасида бир қатор қўшимча учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, Эроннинг “SARV OIL and Gas” компанияси вакиллари билан кимёвий реагентларни маҳаллийлаштириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалалари ўрганилди.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, “SARV OIL and Gas” компанияси Эронда биринчилардан бўлиб маҳаллий катализаторларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Ҳозирда йилига 1000 тоннадан ортиқ жами 50 дан зиёд турдаги катализаторларни ишлаб чиқаради. Асосан синтез-газ цикллари учун зарур бўлган катализаторларни (метанол ва аммиак ишлаб чиқариш учун) ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.

Шунингдек, Эрондаги йирик холдинглардан бири “Fateh Group” таркибига кирувчи “NITEL PARS Co” компанияси билан учрашувда сорбентлар ишлаб чиқаришда илғор технологиялар орқали фаолият юритиб, Эрондаги нефть ва газ, ҳамда кимё корхоналарни ушбу маҳсулотлар билан таъминлаб келинаётганлигини таъкидлаб ўтишди.

“SARV OIL and Gas” ҳамда “NITEL PARS Co” компаниялари Ўзбекистонда нефть ва газ корхоналари эҳтиёжи учун кимёвий реагентлар ҳамда сорбентлар ишлаб чиқариш бўйича чуқур маркетинг ўтказишга таклиф этилди. Маркетинг тадқиқотлари натижасидан келиб чиқиб Эрон компаниялари Ўзбекистонда кимёвий реагентлар ишлаб чиқаришда ҳамкорликка тайёр эканлиги маълум қилишди.

Бундан ташқари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи эҳтиёжлари учун зарур бўлган кимёвий реагентларни етказиб бериш имкониятларини ўрганиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Ўз навбатида, Эрон томонига “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари ишлаб чиқариш қувватлари, импорт маҳсулотлар номенклатураси, трансформация жараёнлари ҳақида ҳам маълумотлар намойиш этилди.

Эрон корхоналарининг ижобий тажрибасини инобатга олиб Ўзбекистондаги илмий тадқиқот муассасалари тадқиқотчилари, шунингдек, етакчи маҳаллий кимёвий реагентлар ишлаб чиқарувчи корхоналар вакилларини “SARV OIL and Gas” ҳамда “NITEL PARS Co” компаниялари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, “Pooya Polimer Tehran” компанияси бошқарувчиси Камран Ганаи ҳамда ушбу компания таъсисчиси Корея Республикасининг “Choil Synthesis Co.” компанияси раиси Си О Чои билан учрашувда полимер маҳсулотларини қайта ишлаш, номенклатурасини кенгайтириш тажрибаси муҳокама қилинди.

“Pooya Polymer Tehran” компанияси 1998 йилда Кореянинг “Choil Synthesis Co.” компанияси таъсисчилигида Теҳрон шаҳрида ташкил этилган. Компания йилига 125 млн тонна полимер саноати хомашёси ҳисобланган компаундлар ва мастербачлар ишлаб чиқариш қувватига эга.

Маҳсулотларини Қанада, Қозоғистон, Россия каби дунёнинг 10 дан ортиқ давлатларига экспорт қилади. 2020 йил Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида компания таъсисчилигида “Pooya Polymer Guzar” корхонаси ташкил этилган.

Учрашувда "Ўзбекнефтгаз" АЖ таркибидаги корхоналар Шўртан газ кимё мажмуаси ва “Узкоргазкемикал” қўшма корхонаси ҳамда “Pooya Polymer Tehran” ўртасида ҳамкорликда полимер маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, қувурлар ва ёмғирлатиб суғориш ускуналарини ишлаб чиқариш, шунингдек, полимерларнинг янги маркаларини ўзлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Эрон томони яқин кунлар ичида мазкур йўналишлар бўйича ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида ўз таклифларини тақдим этишини маълум қилди ҳамда компаниялар вакиллари ўртасида ишчи гуруҳи шакллантириш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|